Босқичма-босқич карантин талабларининг юмшатилиши натижасида вақтинча фаолиятини тўхтатган корхоналарда тўлиқ ишлаб чиқариш бошланди.
Коронавирус инсоният тарихига энг ҳалокатли пандемия сифатида кириб бўлди. Дунё ҳамжамиятининг кўрган эҳтиёт чоралари, мислсиз катта маблағ ва куч сарфланишига қарамай пандемия барчага ва барча соҳаларга катта зарар етказди.
Аммо она заминимизда ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ. Яшаш учун кураш, моддий неъматлар яратиш, эскилари ўрнига янгиларни барпо этиш давом этмоқда. Бу оддий ҳаётий жараёндан ҳеч бир соҳа, ҳеч биримиз четда эмасмиз. Фақат маълумотларда, ҳисоб-китобларда, даврий қиёсловларда «пандемия карантинигача», « карантин даврида» , «карантин юмшатилгандан сўнг» каби қўшимча атамалар пайдо бўлди.
Бугун карантин талаблари бироз юмшатилган нуқтадан туриб пандемия кириб келиши билан ҳаракатлар чекловлар бошланган жорий йил 1 апрелидан сўнг ўтган даврда ҳудудларда, соҳаларда юз берган ўзгаришларни сарҳисоб қилиш имконияти яратилди.
Шу нуқтаи назардан бу қийин давр Жиззах вилояти иқтисодиётида, хусусан саноат тармоғида ҳам осон кечаётгани йўқ албатта.
Давлатимиз томонидан карантин даврида солиқ ва бошқа тўловлар бўйича белгиланган енгилликлар кўпчилик корхоналарни иқтисодий инқироздан сақлаб қолди. Жумладан, коронавирус пандемияси карантини даврида ишлаб чиқариш қуввати камайиб кетган корхоналарга қўшимча қиймат солиғи қайтарилиши уларнинг фаолиятини тиклашда катта молиявий мадад бўлди.
Масалан, Жиззах шаҳридаги “Jizzax Toshtepa textile” корхонасига карантин даврида асосий буюртмачи бўлган Россия Федерацияси томонидан маҳсулотга буюртма вақтинча тўхтатилди. Бу корхона даромадининг асосий қисмини йўқотишига олиб келди.
Жорий йил бошидан буён экспортёр корхонага қўшилган қиймат солиғи ойма-ой қайтарилиши бу қийинчиликни бартараф этишда муҳим омил бўлди. Ҳар ой якуни билан 800 миллион сўм қайтарилган ҚҚС корхонанинг иш ўринларини ва ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб қолиш имконини берди.
Натижада май ойидан бошлаб корхонанинг 1 минг 300 нафар ишчиси яна иш ўрнига қайтди. Айни пайтда корхонада ишлаб чиқариш жараёни ўз маромига тушмоқда. Ишлаб чиқариш қайта йўлга қўйилиши туфайли корхона Россиядаги ҳамкорларига шартномада кўзда тутилган тайёр маҳсулотларни жўнатишга муваффақ бўлди.
Бундай мисоллар кўп. Вилоятда пандемия карантин даврида фаолияти вақтинча тўхтатиб қолган ўнлаб корхоналар қайта ишга тушишида давлатимиз томонидан берилган солиқ тўловлари бўйича ва бошқа енгилликлар муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра вилоятда 2 минг 876 та саноат корхоналари фаолият кўрсатиб келаётган эди. Ҳукуматимиз томонидан корхоналарни пандемия шароитида қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши туфайли ишлаб чиқариш асосий кўрсаткичларини сақлаб қолишга эришилди.
Вилоят бўйича биринчи ярим йилликда 2,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш 102,0 фоизни ташкил этди.
Саноат маҳсулотларининг асосий қисми, яъни 2,4 триллион сўми қайта ишлаш саноати ҳиссасига тўғри келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 12 августда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ҳудуддаги мавжуд 3 минг 275 та саноат корхоналарининг ҳақиқий ҳолати ўрганилди.
– Ўрганиш давомида ҳар бир корхона бўйича махсус анкета тўлдирилиб, уларнинг фаолиятига аниқлик киритилди, – деди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодирбек Ражабов оммавий ахборот ходимлари билан учрашувда. – Натижада вилоятдаги 427 та корхона 100 фоиз, 220 таси 75 фоиз, 152 таси 50 фоиз, 110 таси 25 фоиз қувватда ишлаётганлиги маълум бўлди.
Энди ҳар бир сектор раҳбарининг қўлида ҳудудидаги корхона қуввати, ундан фойдаланиш даражаси, ишчилар сони, муаммо ва таклифлари, маҳсулот ва хом-ашё қолдиқлари каби маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳар бир корхонанинг маҳсулот ишлаб чиқариш истиқболларини белгилаб олиш имкониятини яратди. Яна бир муҳим жиҳат анкета – легализация, «хуфиёна» иқтисодиётга қарши курашиш, муаммоларга ёрдам бериш ҳамда солиқ тушумларини ошириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишларни кўрсатиб берди.
Вилоят замини табиий фойдали қазилмаларга бойлиги ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш суръатларини оширишнинг катта имкониятларидан ҳисобланади. Ҳудудда 94 та норуда қазилма конлари мавжуд.
Айни пайтда фойдаланилмаётган 53 та норуда фойдали қазилма конлари фаолиятини йўлга қўйиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Натижада 5 та қурилиш тошлари, 2 та оҳактош, 6 та цемент, 20 та пиширилган ғишт, 1 та ўтга чидамли материаллар, 1 та гипс, 2 та керамзит, 4 та қурилиш-қуми, 3 та табиий қоплама тошлар, 3 та қум-шағал, 3 та мармарли оникс, 1 та плотин, 1 та волласстонит ва дала шпати, 1 та шиша хом-ашёси учун хом ашё конлари ишга туширилади.
Ғаллаорол, Зафаробод, Ш.Рашидов туманларида боғловчи, деворбоп, табиий пардозбоп ва иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўналишлари танлаб олинди. Натижада қурилиш материаллари соҳасида қиймати 4,3 триллон сўмлик 65 та лойиҳа амалга оширилиши бошланди. Шу ҳисобдан 1,8 мингта янги иш ўринлари яратилади ҳамда 8 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
Бундан ташқари Ш.Рашидов туманидаги «Жиззах» ЭИЗ ҳудудида “ADM Jizzakh” МЧЖ томонидан 2020 йил 1 октябрга қадар 74 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 13,5 минг дона “Renault”, “KIA”, «Лада» русумли автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Кейинги босқичда ушбу ҳудудни автомобиль саноати зонасига айлантириш ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан автомобилларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилиб, маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш режалаштирилди.
Вилоят енгил саноатни, хусусан, тўқимачиликни иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айлантириш имкониятлари катта. Тармоқдаги мавжуд имкониятларни инобатга олган ҳолда қиймати 2,6 триллион сўмлик 31 та лойиҳа амалга оширилиши ва 8,2 мингта янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилди.
Натижада, қўшимча қувватлар яратилиши ҳисобига ип-калавани қайта ишлаш даражаси 60 фоизга етказилади. Шунингдек, 14 минг тонна трикотаж мато, 13 миллион метр ип газлама, 62 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
Шу билан бирга Жиззах шаҳри, Пахтакор, Зомин, Арнасой ва Зарбдор туманларидаги мавжуд тўқимачилик корхоналари томонидан “Gloria Jeans”, “Baby style”, “Blagof” хорижий брендлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмлари 1,8 баробарга оширилиб, 190 млн долларга етказилиши кўзда тутилмоқда.
Бугун юртимизда авжи пишиқчилик. Ўтган йили кузда ва эрта кўкламда деҳқончиликка, томорқа хўжаликларига берилган катта эътибор туфайли зироатчиликнинг барча туридан мўл ҳосил етиштирилиб, қайта ишлаш саноатининг гуркираб ишлаши учун катта имконият яратди.
Бироқ бугунги кунда ҳудудда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг атиги 1,2 фоизи қайта ишланмоқда. Ички истеъмол ва экспортдан ташқари вилоятда жами 531,8 минг тонна маҳсулот, шу жумладан 87,8 минг тонна мева, 411,5 минг тонна сабзавот, 32,4 минг тонна узум қолмоқда.
Пандемия шароитида ва ундан кейин ҳам қайта ишланган консервация маҳсулотларига талаб четга ва ички бозорда ошиши кутилмоқда. Инновацион, энергия тежамкор ва дунё стандартига мос технологияларни жорий қилиш натижасида вилоятда янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳисобига мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 5,7 фоизга етказилиши устида иш олиб борилмоқда.
Бугунги режаларнинг барчаси фақат мўлжалнинг ўзигина эмас, аниқ ҳаракатларнинг ҳосиласидир. Аввал ҳаммаси – ҳудуд, бажариладиган иш, бажарувчи, сармоядор, тайёр маҳсулот харидори аниқ бўлган лойиҳалар. Демак, натижалар ҳам шундай бўлади.
Чунки пандемия карантини юмшатилгандан сўнгги вазият мавжуд имкониятлардан аввалги йилларга қараганда бир неча марта самарали фойдаланишни тақозо этаётир. Республикамизнинг марказий ҳудудида жойлашган вилоятда саноатни ривожлантиришдаги ишлар бугуннинг ана шу талаби асосида амалга оширилмоқда.