» » Жиззахда пистачилик ривожланмоқдами?

Жиззахда пистачилик ривожланмоқдами?

21 сентябрь 2020 г 1 958 Комментарии: 0

Хандон писта юқори парҳез маҳсулот бўлиб, таркибида фойдали микроэлементлар – ёғ, оқсил ва қандга бойлиги билан халқ табобатида кенг фойдаланилади.

Абу Али ибн Синонинг табобатга оид асарларида жигар ва ошқозондаги қатор касалликларни даволашда яраларни битирувчи восита сифатида пистага катта ўрин ажратилган. Писта сурункали ўпка касалликларини даволашда ҳам қўлланилади. Минг йиллар давомида Шарқда пистани одам вужудидаги зарарли моддаларни чиқарувчи даво воситаси, деб ҳисоблашган.

—Хандон писта кўчатини парваришлаш деҳқондан эътибор ва тажриба талаб қилади, — дейди Жиззах давлат  ўрмон хўжалиги директори Абдукарим Холматов. — Боиси, бу ўсимликнинг ҳам ўзига хос инжиқликлари бор. Фақат кўчат ўтказишда писта икки уйли эканини, яъни нави борлигини унутмаслик керак. Одатда, эркак навлар ҳосил бермайди, она навларнинг серҳосил бўлиши эса уларнинг бир жойда парваришланишига боғлиқ. Шу боис, ҳар ўнта она навдан кейин битта эркак навни шамолнинг эсиш томонига қараб экиш тавсия этилади. Писта дарахти минг йилгача умр кўради. Аммо шунга муносиб тарзда ўсиш суратлари ҳам секин. 

Жиззах давлат ўрмон хўжалиги ташаббуси билан бошланган сайи харакатлар натижасида ўлкамизнинг тоғ ва тоғолди худудларида иқлим шароитимизга мос пистазор боғлар кўпайтирилмоқда. Жараёнда Жиззах Давлат ўрмон хўжалиги Ғаллорол туман бўлими “Оқтош” массивида 100 гектардан ортиқ майдондаги пистазор боғ мамлакатимизда бу йўналиш ривожида муҳим манба вазифасини ўтаяпти. Ушбу боғда Аширон, Орзу, Жиззах нави, Боботог, Ғаллаорол, Тоғ маликаси каби ўнлаб турдаги хосили юқори писта дарахтлар парваришланмокда.  

Айни вақтда боғдаги писта ҳосили пишиб етилди. Шохида маржондай тизилган хандон писта довчалари бир қарашда кўзни қувнатади. Она табиатнинг бу  инъоми узоқ йиллик мехнат самарсидир.

—Хандон писта ўзига яраша иқлим шароитига мос худудларда етиштирилади,—дейди селекционер олим Лазокат Азимова.—Писта маҳсулоти катта  даромад манбаи бўлиб мамлакат иқтисодига катта фойда келтиради. Хандон пистадан Эрон ва Америка Қўшма Штатлари қишлоқ хўжалигида  миллиардлаб доллар даромад олинади. Бу давлатлар пистадан даромад олишда махсус ишлов бериб хосилдорликни ошириш учун шароитлар яратишади. Бундай табиий шароитдаги ерлар юртимиз худудларида жуда кўп. Унутмаслигимиз зарур, ёғингарчилик ўз вақтида кам бўлиши, бошқа экин турлари хосилдонлигига ўз таъсиририни ўтказяпти. Аммо бу табиий  ўзгаришларнинг пистачилик соҳасига таъсири кам. Шунинг учун ҳам бу соҳани ривожлантириш мақсадида 3 миллон гектар лалими ҳудудларга писта экишни режалаштирганмиз. Натижада олис қишлоқлардаги  махаллий аҳоли хам иш билан таъминланади. Бизнинг асосий вазифамиз худудларда иклим шароитига мос, янги навларни яратиш оркали улкан пистазор боғлар ташкил этишдан иборат.

Мазкур Ғаллаоролдаги боғ юртимиздаги янги турдаги писта навларини яратиш ва ҳосилдор мевали кўчатлар етиштиришда муҳим  плантация вазифасини ўтамоқда. Сабаби, бу ерда ўтган асрда  барпо этилган Ўрта Осиёда ноёб ҳисобланган 22 турдан  ортиқ  писта навлари алоҳида эътибор билан парваришланмоқда.

—Ушбу писта дарахтларининг меваси мазали, йирик, ,— Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти таянч доктаранти.  Мунира Иномова. —Ўлчами катта бир дона меваси вазни 12-14   граммни ташкил этади.Ёнғоқ пўсти икки томонга ўртача ва тўлиқ асосигача  навлар сарасига киради. Мисол учун, Ширин, Ситора, Ўзбекистон, Ғаллаорол навли хандон писталарнинг меваси йирик, ўлчами - 20х12х12 мм. 100 дона мевасининг вазни 100-110 грамни ташкил этади.  Меваси икки томонга тўлиқ ажралади. Мева мағзининг ажралиши умумий ҳосилнинг 85 фоизни ташкил этади. Дарахт бўйи 3,4-4 метр. Асосий тана йўғонлиги  20-30 сантиметр. Уруғидан етиштирилганда дарахтлар 10-12 йилда, вегетатив усулда кўпайтирилганда 8-10 йилда тўлиқ ҳосилга киради. Оралиги 8х8 метр усулда экилган дарахт гектарига 18-20 центнер ҳосил беради.

Айтиш жоизки, ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси, қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш маркази вакиллари, олимларнинг саъйи ҳаракати билан  мазкур боғда  13 та ҳосилдор навлар аниқланиб қишлоқ хўжалик экинлари давлат нав синаш комиссиясига такдим қилинди. Йил якуни билан давлат реестрига киритилиши назарда тутилган ушбу навлар келгусида катта майдонларда пайвандлаш усулида кўпайтирилади Бунинг учун ҳозирда Жиззах давлат ўрмон хўжалигининг Ғаллаорол бўлими Оқтош массивида 10 гектардан зиёд майдонда кўчат етиштириш ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари интенсив усулда ҳам кўчатлар етиштирилмокда.

Турғун Ўроқбоев

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!