Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “KunUz” сайти Жиззахда қонуний тартибда фаолият юритаётган қурилиш фирмаси фаолиятига тўсқинлик қилмоқда
03 декабрь 2020 г 4 774 Комментарии: 0
Куни кеча “KunUz” сайти “Жиззахда 168 ўринли мактаб қурилиши учун тендерсиз шартнома тузилди. Лойиҳага 65 миллиард сўм ажратилган Жиззах вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмати “Инжиниринг компанияси” Жиззах шаҳрида президент мактаби қурилиши учун “Diamond” кўп тармоқли хусусий фирмаси билан тендерсиз шартнома имзолаган. Қурилиш лойиҳасининг якуний қиймати 65 миллиард 580 миллион сўмни ташкил этди” деган маълумотни чиқарди.
Хабарда "Мазкур объект бўйича Ўзбекистон бош вазирининг 2020 йил 10 февралдаги 4-сонли йиғилиш баёнига асосан “Diamond” кўп тармоқли хусусий фирмаси бош пудратчи этиб белгиланган", — дея маълумот берилган 25 ноябрь куни тасдиқланган келишув битимида” деб айтиб ўтилган.
Юқорида келтириб ўтилган маълумотларга қуйидагиларни маълум қиламиз.Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 1-моддаси ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳасида; "Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ давлат харидлари стратегик субъектлари амалга оширадиган давлат харидларига, ривожлантириш давлат дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидлари бундан мустасно” деб келтириб ўтилган.
Энди масаланинг асосий қисмига ўтсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг 6-банди билан Президент мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси ташкил этилган бўлиб, РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯГА ИСТИСНО ТАРИҚАСИДА, ТАНЛОВ (ТЕНДЕР) САВДОЛАРИНИ ТАШКИЛЛАШТИРМАСДАН, ЭНГ ЯХШИ ТАКЛИФЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШ ЙЎЛИ БИЛАН ЛОЙИҲА-СМЕТА ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ УЧУН ЛОЙИҲА ТАШКИЛОТЛАРИНИ, ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБЛАРИНИ ҚУРИШ УЧУН ПУДРАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛГАН.
Қарор ижросига мувофиқ, Президент мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича Комиссияси раиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раислигида 2020 йил 12 февралдаги 01-14/1-635-(4)-сонли мажлис баёни билан 2020 йилда 5 вилоятда, жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида Президент мактаблари қуриш белгиланган.
Мазкур йиғилиш баёнининг 2-банди билан қурилиш объектларига вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжирининг компаниялари буюртмачи этиб белгиланган бўлса, 3-бандига мувофиқ истисно тариқасида Жиззах шаҳрида қуриладиган Президент мактабига “Diamond” КТХФ бош пудратчи этиб белгиланган.
Шунингдек, 3-бандининг 3-хат боши билан объектларни қуриш, жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш бўйича молиялаштириш манбаи этиб - ҳомийлик, маҳаллий ҳамда республика давлат бюджети маблағлари белгиланган.
Шунга асосан, 2020 йил Инвестиция дастури доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 25,0 млрд.сўм, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 20,0 млрд.сўм ажратилган.
Вилоят ҳокимининг 2020 йил 7 октябрдаги 173-ф-сонли Фармойиши билан вилоят ҳокимлигининг жамғарма маблағлари ҳисобидан 8,3 млрд.сўм, 2020 йил 24 ноябрдаги 216-ф-сонли Фармойиши билан вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 10,0 млрд.сўм маблағлар ажратилган.
Ҳар бир ажратилган лимит учун алоҳида-алоҳида келишув битими тузилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 22 декабрда 2850-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2016 йил 22 ноябрдаги 88-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси” Қоидаларига мувофиқ “UzASBO” дастурига киритилиб, электрон ҳужжат шаклида ғазначилик бўлинмасига юборилган.
Кўриниб турибдики, Жиззах шаҳрида Президент мактаби қурилиши учун тендерсиз энг яхши деб танлаб олинган "Diamond" кўп тармоқли хусусий фирмаси бош пудратчи этиб белгиланиши, қонунга зид бўлмаган.
Бу борада биз "KunUz" сайтни чиқараётган маълумотларини қонуний тарафларини яхшироқ ўрганиб чиқишини маслаҳат берган бўлардик.
Шунингдек, мазкур хабарда “Бундан ташқари, "Diamond" Жиззах вилояти ҳокимлигининг катта зали, ошхона ва меҳмонхона мажмуасини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш билан шуғулланади. Вилоят ҳокимининг 25 ноябрдаги 30-сонли қарори билан тасдиқланган тендер комиссияси қарори билан қарийб 31 миллиард сўмлик иш "Diamond" кўп тармоқли хусусий фирмасига насиб этган” деган маълумот ҳам келтириб ўтилган.
Мазкур хабар юзасидан шуни маълум қиламизки Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 30-31 март кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёнининг 34-бандида Жиззах вилояти ҳокимлигининг катта мажлислар зали, ошхона биноларини қайта таъмирлаш ва тўлиқ жиҳозлаш ҳамда вилоят ҳокимлигига қарашли “Меҳмонхона” мажмуасини қайта таъмирлаш ва тўлиқ жиҳозлашни 2019 йил бюджет параметрлари ҳисобидан амалга оширилишини таъминлаш вазифаси топширилган.
Шунга асосан, объектнинг ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига биноан бошланғич қиймати 28,4 млрд.сўмни ташкил қилиб, Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида” Қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда DXARID.UZ электрон порталига 2020 йил 9 июнь куни эълон жойлаштирилган (ЛОТ №7022345).
Буни қуйидаги тендер комиссиясининг қарорларидан ҳам кўриб билиб олиш қийин эмас.
Вилоят ҳокимининг 25 ноябрдаги 30-сонли қарори билан тасдиқланган тендер комиссияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги 91-сонли қарори асосида танлов (тендер) савдолари ташкил этилган ва 2020 йил 10 июл куни ўтказилган танлов (тендер) савдолари натижасига кўра танлов комиссиясининг 41/3-сонли мажлис баёни қарорига мувофиқ 28,2 млрд.сўм билан "Diamond" КТХФ ғолиб деб топилган. Мазкур объектга вилоят ҳокимининг 2020 йил 12 ноябрдаги 207-ф-сонли фармойиши билан қўшимча иш ҳажмлари учун вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 2,7 млрд.сўм маблағ ажратилиб, лойиҳа-смета ҳужжатларига киритилган ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июлдаги 302-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида капитал қурилишда танлов савдолари тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ ўзгартирилган иш ҳажмлари танлов комиссиясининг 2020 йил 18 ноябрдаги 41/4-2-сонли мажлис баёни қарори билан тасдиқланган.
Шунга асосан, буюртмачи ва пудратчи ўртасида 2020 йил 19 ноябрь куни имзоланган келишув битими дастлабки берилган эълон бўйича DXARID.UZ электрон порталининг “танлов натижаларини бириктириш” қисмига жойлаштирилган.
Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат даражасидаги устувор вазифалардан бири бўлиб турган бир паллада "KunUz" сайти тадбиркорларга қонуний тартибда фаолият олиб боришига нега тўсқинлик қилаётгани мутлақо тушинарсиз ва мантиқсиз ҳолат деб баҳолаш мумкин.
Зеро, Давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситаларига тўртинчи ҳокимият сифатида юксак ишонч билдираётган бир паллада "KunUz" сайти 2018 йил 30-31 март кунлари Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёни ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда Президент мактаби қурилиши атрофида турли хил миш-мишлар тарқатиб жамоатчилик фикрини чалғитишга уринаётганлигини нима билан изоҳлаш мумкин?
Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!