Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах: Туризм соҳасида салоҳияти катта вилоят
08 февраль 2021 г 1 947 Комментарии: 0
БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотларга кўра, 2020 йилда халқаро сайёҳлик 70 фоизга қисқарди ёки 1990 йилдаги кўрсаткич атрофида бўлди.
“Халқаро туризмнинг бундай инқирозига биринчи галда коронавирус сабаб бўлди. Бир йил аввалгига қараганда сайёҳлар оқими қарийб 1 миллиард нафарга камайиб кетди ва натижада халқаро туризмдан салкам 1 триллион доллар миқдорида кам даромад олинди”, дейилади ушбу ташкилот томонидан тарқатилган маълумотда.
Ҳа, коронавирус пандемияси сабабли 2020 йил дунё халқлари учун оғир, синовли йил бўлди. Жуда кўп ва йирик давлатларнинг асосий даромад манбаи – сайёҳлик соҳаси тубдан издан чиқди. Шундай бир ҳолатда ўзининг ички имкониятидан келиб чиқиб, иш тутган мамлакатлар ушбу ўзига ҳос бўҳрондан кам йўқотишлар билан чиқиб кетиш имкониятига эга бўлди. Биз учун энг муҳими, ана шундай юртлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор. Бунга эса, жуда кўп ва кенг имкониятлар - кейинги уч-тўрт йил ичида давлат томонидан туризм соҳасини ривожлантириш, ушбу йўналишда иш юритаётганларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектлари, йирик ва кичик корхоналарга имтиёз ва енгилликлар бериш орқали эришилди.
Мулоҳазаларимизни сайёҳлик тизими эндигина ривож топаётган, бу борада илк қадамларни босаётган, шу билан бирга, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш борасида режа ва ниятлари катта бўлган Жиззах вилояти мисолида далиллашга ҳарақат қиламиз.
Кейинги 5 йил ичида вилоятда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида меҳмонхоналар сони 20 тага, оилавий меҳмон уйлари сони 69 тага, санаторий ва соғломлаштириш масканлари сони эса, 6 тага кўпайди. Ҳудудга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони салкам 11 минг, маҳаллий сайёҳлар сони эса, қарийб 700 минг нафарга ошган. Пандемия сабаб юзага келган қийинчиликларга қармасдан 2020 йилнинг ўзида туристик хизматлар экспорти 118 минг долларни ташкил этди.
Бугун Жиззах вилоятида 430 га яқин маданий мерос иншоотлари давлат муҳофазасига олинган. Улар орасида 100 та тарихий обида ва зиёратгоҳлар, 270 атрофида археологик, 60 та монументал ёдгорликлар бор. Вилоятда айни дамда 2 минг ўринли 117 та жойлаштириш воситалари – меҳмонхоналар, хостеллар, кемпинглар, дам олиш масканлари, меҳмон уйлари ва соғломлаштириш масканлари маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Туризм маршрутига киритилган маданий мерос объектлари сони 2021 йилда 78 тага етказиш чоралари кўрилади.
Энг аввало, мамлакатимизнинг қоқ марказида жойлашган ушбу ҳудудда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида анча салмоқли ишлар амалга оширилганини айтиб ўтиш жоиз. Таъкидлаш керакки, бутун дунёнинг бир маромда кечаётган ҳаётини алғов-далғов қилиб юборган “Ковид-19” шароитида ҳам ушбу вилоятда туризм соҳасида бирмунча ижобий натижалар қўлга киритилди. Жумладан, 400 дан ортиқ ўринга эга бўлган 30 та турли жойлаштириш воситалари - экотуристик маскан, кемпинг, меҳмонхона ва меҳмон уйлари яратилишига эришилди.
Вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳларнинг аксарият қисми воҳанинг этнографияси, экологик ўзига хосликлари билан яқиндан танишишни, чекка ва овлоқ ҳудудларда яшаётган аҳолининг турмуш тарзи, ҳаёти ва фаолияти билан танишишни маъқул кўришмоқда. Уларнинг бу борадаги ҳоҳиш-истакларини рўёбга чиқаришда оилавий меҳмон уйларининг ўрни беқиёс бўлаётир. Хорижий сайёҳларни кутиб олиш борасида Фориш туманида орттирилган тажриба айниқса, диққатга сазовор.
- Туманимизнинг марказдан узоқда жойлашган қишлоқларига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда, - дейди оилавий меҳмон уйи раҳбари Хабиб Турдиев. - Бизнинг Порашт, ёнимиздаги Ўхум, Асраф қишлоқлардаги туристик маршрутларда сайёҳлар учун барча шарт-шароит яратилган, чор-атрофдаги инсон қўли тегмаган ёввойи табиат, қўриқланадиган ҳудудларидаги ноёб ва антиқа жониворлар, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, улар томонидан тайёрланадиган миллий таомлар чет элликларнинг эътиборини ўзига тортмоқда.
- Ўтган йилнинг август ойидан бошлаб мунтазам равишда вилоятимиздаги мавжуд сайёҳлик масканларини таснифлашни йўлга қўйдик, - дейди Жиззах вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азизбек Эгамбердиев. - Бу борада кўзланган натижаларга эришиш, чунончи, хавфсиз туризм талабларини таъминлаш мақсадида соҳага алоқадор тадбиркорлар билан учрашувлар, анжуманлар, мастер класслар ташкил қилинди. Вилоятда жойлаштириш воситалари сонини ошириш ва хизматларни сифатини яхшилаш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризм институти билан биргаликда сайёҳлик ташкилотлари ҳамда меҳмонхона ҳодимларини малакасини ошириш мақсадида онлайн ўқишлар ташкил қилинди.
Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси ҳамда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияларининг қўшма йиғилиш баёни иловасида кўзда тутилган “Мақсадли фоизсиз ссудалар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан бир қатор субъектларга жами 57 миллион 880 минг сўмлик ссудалар ажратилди.
Ҳукуматнинг 2019 йил 21 сентябрдаги “Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилди. Унинг аъзолари автомобилларни ёқилғи билан таъминлаш нуқталарида санитария-гигиена шахобчаларининг мавжудлиги, уларнинг шаҳарсозлик меъёрлари талабларига мувофиқлигини тўлиқ хатловдан ўтказди. Жиззах шаҳри, Ғаллаорол ва Фориш туманларидаги 3 та АЁҚШ аҳоли ва сайёҳларга қўшимча хизмат кўрсатиш борасидаги намунали фаолияти учун “Qualiti servis” сертификати билан тақдирланди. Бу борада амалга оширилган ишлар натижаси республика ва вилоят ОАВларида, ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилди.
Албатта, бу борада амалга оширилган ишлар ўзининг самарасини бермай қолмади. Йил давомида Жиззах вилоятига 340 минг нафардан ортиқ маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрди. Франция, Россия, Германия, Хитой, Туркия ва МДҲ мамлакатларидан келган 1 минг 200 нафарга яқин хорижий меҳмонлар эса, Ўзбекистоннинг қоқ марказида жойлашган ва Жиззах деб номланган воҳанинг ҳам сайёҳлик салоҳияти юксак эканига амин бўлишди. Бу ерда туризмнинг эко, агро, тиббиёт, гастрономик каби турларини ривожлантириш учун имкониятлар кенглигини таъкидлашди.
Жиззах вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси жамоаси янги 2021 йилда бир-биридан йирик ва салмоқли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишни режалаштирган. Пандемия сабаб жорий йилда ҳам ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган. Бу борада вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, давлат ва жамоат идоралари, маҳаллалар билан ҳамкорликда ишлаш режалари тузиб олинган.
"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил" дастури доирасида Жиззах вилоятининг туристик масканларига мамлакатимиз бўйлаб янада кўпроқ саёҳатчиларни жалб этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари сайёҳлик идоралари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
- Туманимиз ҳудудида Туркиянинг “Идеалист” компанияси билан ҳамкорликда замонавий муҳандислик инфратузилма обектларидан иборат бўлган меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар сайёҳлик зонаси ташкил этиш бўйича бош режа лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, - дея бизга маълумот берди Зомин Миллий табиат боғининг бош ўрмончиси Бектемир Эргашев. - Жумладан, Австриянинг “Доппелмайр” компанияси билан узунлиги 2 минг 640 метр бўлган дор йўли қуриш бўйича келишувга эришилди. “Суффа” халқаро умуммавсумий курорти ва “Ўриклисой” туризм мажмуаси ҳамда бизнинг ҳудудда чанғи учиш йўлакчаси, томоша-кузатув майдонлари, кемпинглар барпо этилиши аниқ бўлди. Бу объектларнинг туристлар ва табиат муҳофазасини таъминлаш мақсадида “Хавфсиз туризм” тизимига киритилиши мўлжалланмоқда. Ушбу туманни сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Зомин таомлари” гастроном-туризм фестивали, “Мафтункор табиат” халқаро экофестивал ўтказилиши режалаштирилган.
Эътиборли томони шундаки, вилоятнинг бошқа туман ва ҳудудлари ҳам туризмни ривожлантириш борасидаги хайрли ишлардан четда қолмайди. Жумладан, Бахмал туманида шу йилнинг ўзида умумий қиймати салкам 5 миллиард сўмлик 80 ўринли кемпинглар, Фориш туманида эса, лойиҳа баҳоси 245 миллиард сўмга тенг санаторий ҳамда экотуризм маскани барпо этиш борасида амалий ишлар бошлаб юборилди. Зомин туманининг Дуоба, Бахмал туманидаги Музбулоқ, Фориш туманида Ўхум қишлоқлари туризм масканларига айлантирилади.
Жиззах вилоятининг жўғрофий жойлашуви, табиати, иқлими, ландшафти ўзига хос. Бу ҳудудда осмонўпар тоғлар ҳам, чеки-чегараси йўқ сув ҳавзалари ҳам, бепоён экинзорлару, оёқ боссанг куйдирадиган қум барханлари ястаниб ётган даштлар ҳам бор. Ҳар бири туманда одамнинг эътиборини ўзига тортадиган, диққатга сазовор обида, зиёратгоҳ, узоқ-яқин тарихдан қолган ёдгорликлар мавжуд. Шу сабаб ҳам, 2021 йил давомида Жиззах шаҳри, Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида 5 тадан, Дўстлик, Зарбдор, Зафаробод туманларида 2 тадан, Зомин туманида 70 та - жами 124 та оилавий меҳмон уйлари ташкил қилиш режалаштирилган.
Жиззах шаҳрида эса, миллий ҳунармадчилик буюмлари, таомлар ва ширинликлар, эсталик совғалари билан савдо қилувчи расталар, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис шаҳобчалари, маҳаллий аҳолининг урф одатлари ва ўйинларини намойиш этишга мўлжалланган “Туризм кўчаси” барпо этилади.
Худойберди КАРИМОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!