Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги
07 март 2021 г 2 854 Комментарии: 0
Азиз аёллар! Меҳрибон онахонлар, опа-сингиллар ва мунис қизлар!
Аввало, барчангизни кўкламнинг қутлуғ айёми, эзгулик ва гўзаллик байрами — 8 март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан вилоятимиз фаоллари, кенг жамоатчилик номидан самимий муборакбод этаман!
Кўклам кўнгилга яшариш, янгиланиш, эл-юртга қут-барака, она еримизга саховат улашганлиги боис ҳар йили уни орзиқиб кутамиз.
Фасли навбаҳорнинг илк байрами қалбимиздаги қувончу хурсандчиликларни янада жўш урдиради, десам ўйлайманки, халқимиз кўнглидаги гапни айтаётган бўламан.
Мустақил Ватанимизда 8 март — умумхалқ байрами сифатида нишонланиши оламдаги энг нозик хилқат — Аёлга нисбатан юксак ҳурмат, эътиборнинг энг ёрқин намунасидир.
Ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файзу тароват берадиганлар ҳам қалби баҳорга ошуфта бўлган аёлларимиздир.
Юрагида чексиз саҳоват туйғуси жўш урган саодат соҳибаларининг қўллари мўъжизалар яратишга қодир.
Дўстлик, меҳр-оқибат, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш ҳам мўътабар она тимсолида шаклланади.
Ҳаёт гултожи ҳисобланган муҳтарама хотин-қизларимизнинг ажойиб инсоний фазилатлари ҳақида ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак шунча оз. Ишончим комилки, ана шу эзгу ният,мақсад-муддао барча юртдошларимиз қалбидан жой эгаллаган.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда, "Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз аввало сизларга суянамиз".
Қадрли саодат соҳибалари!
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенглигини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ҳамда турмуш шароитларини яхшилаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 24 сентябрь куни ўтказилган видеомулоқотда Юртбошимиз топшириғига асосан мамлакат бўйлаб кам таъминланган, боқувчисидан айрилган ишсиз хотин-қизларнинг рўйхатлари — "Аёллар дафтари" шакллантирилди.
Ишчи гуруҳлар хонадонма-хонадон юриб, аёллар билан суҳбатлар ўтказишди, уларнинг оилавий шароити, ижтимоий аҳволи, имконияти, маълумоти ва қизиқишларини аниқлашди.
Шу асосда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш юзасидан вилоятда ўтган йили ўн етти мингга яқин ишсиз хотин-қизлар аниқланган эди.
Ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган ўн етти мингга яқин ишсиз хотин-қизларнинг беш минг нафардан зиёди бандлик марказлари ҳисобида туришган бўлса, ўн икки минг нафардан зиёди уйма-уй юриш жараёнида аниқланди. 2020 йилнинг якуни билан ишсиз бўлган хотин-қизларнинг барчасини бандлиги таъминланишига эришилди.
Тижорат банклари томонидан ўтган йили 5087 нафар тадбиркор аёлларга 233 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар вилоятда ишсиз сифатида рўйхатга олинган ўн бир мингдан зиёд хотин-қизларнинг минг нафарга яқини доимий бандлиги таъминланди. 155 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, олти юзга яқин хотин-қизларга ишсизлик нафақаси тайинланди.
2021 йил 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди.
Бу ҳаётбахш қарор ишсиз, ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш тизимини жорий қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Амалга оширилаётган бундай кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатимизда хотин-қизлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини яққол тасдиқлаб турибди.
Муҳтарама онахонлар, эъзозли опа-сингиллар!
Сизлар ҳар жабҳада жўшқин фаолият юритаётганлигингиз бизга ниҳоятда мамнуният бағишлайди.
Айни пайтда Олий Мажлис Сенатида 3 нафар, Қонунчилик палатасида 4 нафар вилоятимиз аёллари фаолият кўрсатишаётир.
Улар вакиллик органлари, ижро ҳокимияти, суд-ҳуқуқ соҳаси, маҳаллий ва ўзини ўзи бошқариш тизимлари, нодавлат ташкилотлар ҳамда тадбиркорликда қўйингки, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида катта кучдир.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган 57 нафар депутатнинг 20 нафари, туман (шаҳар) Кенгашларидаги 339 нафар депутатнинг 72 нафари хотин-қизлардан иборатдир. Бундан ташқари, вилоятимизда 20 нафардан зиёд хотин-қизлар турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келишмоқда.
Бугунги шодиёна кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Фармонига асосан бир гуруҳ жиззахлик аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланганлигини таъкидлаб ўтмоғим лозимдир.
Жумладан, Дўстлик туманидаги "Ўлмас Зебинисо" фермер хўжалиги бошлиғи Омонгул Хайитова "Меҳнат шуҳрати" ордени билан, Жиззах давлат педагогика институти қошидаги "Сайилжой" академик лицейи директори Феруза Солиева "Соғлом турмуш" медали билан, Жиззах вилояти божхона бошқармасининг "Қўшкент" чегара божхона пости гуруҳ катта инспектор-суриштирувчиси Лейля Холматова "Содиқ хизматлари учун" медали билан, Жиззах шаҳридаги Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Зулайхо Мамаюсупова ва "Жиззах аккумулятор заводи" акциядорлик жамиятининг сифатни кафолатлаш бўлими бошлиғи Дилфуза Сабирова "Шуҳрат" медали билан тақдирланишди.
Шунингдек, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган 46 нафар аёлларимиз "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланганлигини фахр ва ифтихор билан тилга олиб ўтишни ўринли деб ҳисоблайман.
Таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида катта ютуқларга эришган, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган вилоятимизнинг 24 нафар иқтидорли қизлари сафига ҳурматли Президентимизнинг шу йил 3 мартдаги Қарорига билан яна икки қизимиз, Жиззах политехника институтининг 4-босқич талабаси Дилдора Имомова ва Жиззах давлат педагогика институтининг 2-босқич талабаси Муқаддас Мамарасуловалар ҳам қўшилди.
Шу қувончли кезларда юқорида номлари зикр этилган она қизларимизни чин қалбдан самимий табриклаймиз. Ўйлайманки, улар юксак мукофотдан руҳланиб, бундан буён ҳам ўқиш ва жамоат ишларида байроқдор бўлишади. Зеро, вилоятимизда ёшларни, хусусан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз кетганда, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да «Олтин фонд» дафтари Жиззах тажрибаси асосида ҳаётимизга кириб келганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Умумтаълим мактабларини олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаган 274 нафар қизлардан 113 нафари вилоятнинг "Олтин фонди"га киритилганлиги, олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида вилоятимиздан 37 нафар қизлар талабалик бахтига муяссар бўлишганлигидан ғурурланмай, фахрланмай бўладими!
Яна шуни алоҳида айтиб ўтишим жоизки, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси томонидан эълон қилинган "Гендер тенглик фаоли" миллий танловида Жиззах вилояти ҳокимлиги "Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик" номинацияси бўйича республикада ғолиб деб топилди.
Кўриниб турибдики, вилоятимизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатмоқда.
Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар, мунис қизлар!
Сиз азизларни яна бир бор 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан қутлайман.
Фарзандларимиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг! Зеро, аёл бахтли бўлса, оила, жамият бахтли бўлади.
Барчангизга тинчлик, хотиржамлик, дастурхонингизга файзу барака тилайман. Умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда, бахтингиз ҳамиша тўкис бўлсин!
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!