» » Жиззахлик Мафтунахон Мелиева: бокс – ҳаётимнинг ажралмас қисми

Жиззахлик Мафтунахон Мелиева: бокс – ҳаётимнинг ажралмас қисми

31 март 2021 г 1 175 Комментарии: 0

Қаҳрамонимиз ҳақида: Бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси, Халқаро тоифадаги спорт устаси. 2013 йилда Украинанинг Одесса шаҳрида ўтказилган халқаро бокс мусобақасининг олтин медальсоҳибаси,2014 йилда Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказилган халқаро бокс мусобақасида олтин, 2016 йилда Монголиянинг Улан-Батор шаҳрида ўтказилган халқаро бокс мусобақасида олтин, 2017 йилда Бухоро вилоятида ўтказилган халқаро бокс мусобақасида олтин медалларни қўлга киритган, 2019 йилда Тайланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган Осиё мусобақасининг бронза медальсоҳибаси, 8 карра Ўзбекисон чемпиони.

Бокс деганда, одатда ўзаро муштлашаётган бақувват эркаклар кўз ўнгимизга келади. Нозик хилқат вакиллари  бўлмиш қизларнинг чарм қўлқоп кийганча муштлашувини эса тасаввур қилиш мушкул. Аммо, бугун сизга таништирмоқчи бўлган қаҳрамонимиз, Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тезкор бошқарув маркази ходими, оддий аскар Мафтунахон Мелиева ҳам ҳарбий хизматчи сифатида, ҳам бокс билан профессионал тарзда шуғулланувчи спортчи сифатида икки карра масъулиятни ўз зиммасига олиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келаётган ёшлардан бири ҳисобланади.

Ҳамкасбимиз ўз муваффақиятларининг калити сифатида ота-онаси ва яқинларининг қўллаб-қувватлаши билан бир қаторда юртимизда аёллар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборни кўради.

Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати

– Бокс спорт тури билан қачондан бери шуғулланасиз?

Бокс спорт тури билан тўққиз йилдан бери шуғулланаман. Спортга кечроқ келганман, ўн беш ёшимдан шуғуллана бошлаганман. Ўша вақтларда опам Эъзоза Мелиева ҳам спортчи сифатида бокс бўйича кўплаб жанглар ўтказарди. Опамнинг ютуқларини кўриб ҳавасим келарди. Уларга қизиқиб залга келиб шуғуллана бошлаганман. Спортнинг айнан бокс турини танлашимга ота-онамнинг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаши сабаб бўлган. Ҳозирда опам, синглим, укаларим ҳам бокс билан мунтазам шуғулланади.

– Биламизки, спортчи иродали бўлсагина йўлда учрайдиган турли қийинчиликларни енгиб охиргача бора олади. Бунда эса спортчилардан жудаям кучли ирода, чидамлилик талаб этилади. Сиз боксда қийинчиликларга учраганмисиз?

– Ҳа, боксда ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бор. Баъзида шундай ҳолатлар бўладики, “Бўлди, менга керакмас, бардошим етмайди, чидолмайман” деб, ҳамма нарсани ташлаб кетгингиз келади. Кейин қилган меҳнатингиз, енгиб ўтган қийинчиликларингизни ўйлаб яна ортга қайтасиз. Мевали дарахтга доим тош отилган. Баъзида танқидлар ҳам бўлади. Уйга кўзларим кўкариб, қўлларим шилиниб келганда дўстларим, қариндошларим “Сенга шу керакми, уйингда ўтирсанг бўлмайдими? Спортни ташла” деган вақтлари ҳам бўлган. Лекин, ўзимнинг фикрим, дунёқарашим бор. Энг муҳими, ота-онам, оила аъзоларим мени яхши тушунишади. Шу сабаб, бу каби гапларга эътибор ҳам бермайман, ишимни давом эттиравераман. Ана шунда билинади, спортчининг иродаси. Кўпчилик спортчилар ютқизиб қўйса ёки нохақликлар бўлса, кўтаролмай спортини ташлаб кетади. Спортнинг шундай бир нозик жойи борки, жуда оғир бўлса ҳам баъзида ноҳақликларни кўтаришга тўғри келади. 

Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати

 – Сиз ҳам ноҳақликларга учраганмисиз?

 Ҳа бўлган, кўпинча чет элда бўлган. Рингда ютдим, деб ўзимга ишонган вақтларимда ҳакам рақибимнинг қўлини кўтариб юборган пайтлар бўлган. Лол қолганман. Шунинг учун рингда ишонч билан туришдан қўрқаман. Негаки, яна рақибимни қўлини кўтариб юборишса, синиб қолиш ҳеч гап эмас. Балки, чет элда ғолибларни аниқлашда спортчиларнинг кўпроқ карьераси инобатга олинар. Масалан, Жаҳон ёки Осиё чемпиони республика чемпиони билан тушяпти. Албатта, жаҳон чемпионига ён босилади.

– Ютқазиб қўйсангиз қай холатга тушасиз?

– 2019 йилда Жаҳон чемпионатида Россияга борганман. У ерда Европа  чемпиони билан рингга тушиб қолганман. Ўйин давомида катта устунлик билан бўлмаса-да, қўлим баланд келаётганлигига қаттиқ ишонгандим. Ўшанда ютқизиб қўйганимда, роса йиғлагандим. Тушкун вазиятга тушиб қолганман. Шундай вазиятларда мураббийларим, ота-онам, қариндошларим ёнимда далда бериб қўллаб туришган. Натижада, ўз олдимга янада каттароқ мақсадлар қўйиб кейинги учрашувларни муддатидан олдин якунлашни ният қилганман.

Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати

– Осиё чемпионатига лицензия бериладиган турнирда ютдингиз. Сизга ёрдам бераётган мураббийлар ҳақида нималар дея оласиз?

– Шу кунга қадар нимаики ютуқларни қўлга киртган бўлсам, бунда ота-онамнинг ўрни беқиёс. Ҳар қандай вақт ва шароитда ҳам менинг бокс билан шуғулланиш, ҳарбий хизматни танлашимдек ўзбек қизи учун ноодатий орзуларимни амалга оширишимда ҳеч қачон қаршилик кўрсатишмаган, аксинча, қўллаб-қувватлаб, барча имкониятларни яратиб беришган. Бунинг учун улардан умрбод миннатдорман. Спортда юқори чўққиларга кўтарилишимда албатта мураббийларимнинг ўрни беқиёс. Биринчи мураббийим Ғайрат Каримов боксга етаклаб бориб, униб ўсишимга катта ҳисса қўшганлар. Турнирга келсак, ўйин жуда ҳалол ўтди. Мураббий Ғайрат ака бошчилигида бизга тўғри тактика қўйиб, тўғри тайёрлаб борди. Мен жуда қаттиқ тайёргарлик кўрдим. Ютишимни билардим, ўзимга ишончим бор эди. Рақиблар мени мутлақо чўчитмади.

Келгусидаги режаларингиз ҳақида ҳам ўртоқлашсангиз.

– Токиода бўлиб ўтадиган олимпиадага йўлланмани қўлга киритишини менга  берилган энг катта имконият, деб биламан. Эндиликда мақсадим, олимпиада чемпиони бўлиб, мадҳиямиз жаранги остида Ватанимиз байроғини юқорига кўтариш, юртимиз довруғини бутун дунёга танитишдир. Шунингдек, ўзбек қизининг қўлидан нималар келишини кўрсатиб қўйиш.

Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати

Сўнги айтмоқчи бўлган сўзингиз?

– Мен спорт ортидан ўзимни топтим. Спорт туфайли ортидан ўқишга кирдим, ишга жойлашдим. Ҳозир ҳам ўқияпман. Спорт мен учун хобби эмас, спорт ҳаётимнинг бир бўлаги. Шу билан бирга ҳарбий хизматда ҳам кўп ютуқларни қўлга киритиб, офицерлар таркибида ҳам ўзимнинг муносиб ўрнимни топишни мақсад қилганман. Бизга, ўзбек қизларига яратиб берилаётган бундай кенг имкониятлар учун муҳтарам Президентимизга, раҳбарларимиз ва устозларимизга миннатдорчилик билдираман.  Ишонаманки, келгусида мен каби спорт билан шуғулланиб, жаҳон саҳнасида Ўзбекистон номини юксакка кўтарадиган аёл-қизларимиз жуда кўп бўлади. Ўзим ҳам келгусида мураббий сифатида шогирдлар тарбиялаш ниятим бор.

 Суҳбатимиз якунида, шижоатли қаҳрамонимиз, халқаро тоифадаги спорт устаси Мафтунахон Мелиевага келажакда омад тилаб, олимпиадада ғолибликни қўлга киритишда зафарлар тилаб қоламиз.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!