Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахлик Бобо-Усмон Батуров Миллий терма жамоанинг энг яхши боксчиси бўлди
17 июль 2019 г 2 411 Комментарии: 0
Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Бобо-Усмон Батуровни бугун бутун мамлакат танийди.
Яқинда Бобо-Усмон ҳаётида яна бир унутилмас воқеа бўлди. У мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги учун "Мард ўғлон" давлат мукофотига сазовор бўлди.
БЕҒУБОР ОНЛАР
Пахтакор туманидаги Оқбулоқ қишлоғида туғилиб вояга етган Бобо-Усмон Батуровни бир кун келиб таниқли боксчи бўлишини тенгдошлари у ёқда турсин, ҳатто ота-онаси ҳам хаёлига келтирмаганди.
— 3-синф ўқувчиси эдим, —дейди Бобо-Усмон. — Жисмоний тарбия ўқитувчимиз Бурхон Ахмедов бокс тўгараги ташкил этди. Шунда устоз сен ҳам қатнашсанг бўлади, дедилар.
Ўша куннинг ўзидаёқ Бобо-Усмон дадасидан рухсат олди.
— Сен боксчи бўламан десанг, йўқ дермидим, ўғлим, — деди Шамсиддин ака ғурурланиб.
Шамсиддин ака ўша куннинг ўзидаёқ ўғлига бокс қўлқопи, футболка, шортик совға қилди. Уни кўрган Гулчеҳра опа ҳайратланиб сўради:
— Бу нимаси, дадаси?
— Ўғлинг боксчи бўлмоқчи.
— Ўғлингизнинг шу гапларига лаққа тушиб ўтирибсизми? Энди бурни қонаб, кўзи кўкариб юриши етмай турувди.
— Қўявер онаси, боланинг шаштини қайтармайлик. Бир-икки мушт еса сен айтмасанг ҳам ўзи бошқа тўгаракка ўтиб кетади.
Бобо-Усмон бокс тўгарагига қатнай бошлади.
— Боксчининг умумий жисмоний тайёргарлиги етарли даражада юқори бўлмаса, юксак натижаларга эриша олмайди, —дейди Бурхон Ахмедов. — Бокс мураккаб координацияли спорт турларидан саналади. У спортчидан турли-туман ҳаракат кўникмаларини, малака ва жисмоний сифатларни намоён қилишни тақозо этади. Бобо-Усмондаги ана шундай хислатлар тўгаракка қатнай бошлагандаёқ сезилган эди.
КАТТА РИНГГА ЙЎЛ
Мутахассисларнинг таъкидлашларича ҳужумкорлик бокснинг асосий жиҳатларидан биридир. Бундай жанг, ташаббусни олиб қўйишни назарда тутувчи рақиб билан олишишнинг фаол шаклидир.
— Ҳужум яккама-якка олишувдаги энг муваффақиятли тактик воситадир, — дейди вилоят бокс федерацияси масъул котиби, халқаро тоифадаги АИБА ҳаками Собиржон Ҳакимов. — Боксчи фурсатни бой бермай, тўсатдан ҳужумга ўтса, кутилган натижага эришилади. Бу Бобо-Усмон Батуровга хос бўлган жанг усулидир.
Бобо-Усмон илк бора халқаро мусобақаларда 2007 йилда иштирок этганди. Ёш боксчи эришган илк муваффақият унга куч-ғайрат бағишлади. Шу тариқа у бокс тактикаларини мукаммал ўргана бошлади. Тинимсиз меҳнат Бобо-Усмоннинг тажрибасини ошириш баробарида уни чиниқтирди.
Б.Батуров 2017 йилда ўтказилган Ислом биродарлик ўйинлари чемпионатида олтин медаль соҳиби бўлди. 2018 йилнинг февраль ойида Ҳиндистон давлатининг Деҳли шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда ҳам олтин медални қўлга киритди.
Ўша йилнинг 10-17 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 69 килограмм вазн тоифасидаги боксчилар орасида унинг олдига тушадигани топилмади.
Бобо-Усмон шу йилнинг 13-17 февраль кунлари Болгария давлатининг София шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган анъанавий Странджа мусобақаларида олтин медаль соҳиби бўлди. 12-17 апрель кунлари эса Бангкок шаҳрида Осиё чемпионлигини қўлга киритди.
— Боксчининг тактик маҳорати қанча юқори бўлса, ғалабага ишончи шунча ортади, — дейди Бобо-Усмон Батуров. — Бунинг учун тинимсиз меҳнат, маҳоратни ошириб бориш зарур. Мен ҳар қандай жанг давомида ана шуларга амал қиламан. Шу йўл билан рақибим устидан ғалаба қозонаман. Софияда бўлиб ўтган халқаро мусобақалар давомида ҳам ана шу усулдан фойдаландим. Натижада олтин медални қўлга киритдим.
«ЭНГ ЯХШИ БОКСЧИ»
Яқинда Ўзбекистон бокс федерацияси қитъа биринчилиги якунларига бағишланган тадбир ташкил этди. Унда 69 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, олтин медаль соҳибига айланган Бобо-Усмон Батуров "Ўзбекистон терма жамоасининг энг яхши боксчиси" деган эътирофга сазовор бўлди.
— Бу эътироф нафақат менга, балки барча жиззахлик боксчиларга, қолаверса, устозларимга, ота-онамнинг кўп йиллик меҳнатига берилган юксак баҳодир, — дейди Б.Батуров. — Эндиликда федерациямиз ва мухлисларимиз ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.
ЧЕМПИОНГА УЧ ХОНАЛИ УЙ
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев бокс бўйича Осиё чемпионатида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритган Бобо-Усмон Батуровни эришган катта ғалаба билан муборакбод этди.
Республикамизда спортнинг бокс турини ривожлантиришга катта эътибор берилаётганлигини таъкидлаган вилоят ҳокими Бобо-Усмонга бундан кейинги мусобақаларда омад тилади. Унга вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиғи, пул мукофоти ҳамда Пахтакор туманида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган кўп қаватли уйлардан уч хонали уй ажратилганлиги тўғрисидаги сертификатни топширди.
Бугун Бобо-Усмон Батуров бўлғуси чемпионатга қизғин ҳозирлик кўраяпти. У эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш баробарида шу йил сентябрь ойида Россия федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўладиган жаҳон чемпионатида бунданда юксак натижаларга эришиш ниятида. Биз унга ниятинг доимо йўлдошинг бўлсин, деб қоламиз.
Бекпўлат ТОҒАЕВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!