» » Жиззах вилояти шаҳар ва туманлари ҳокимликлари ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори имзоланди

Жиззах вилояти шаҳар ва туманлари ҳокимликлари ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори имзоланди

05 май 2021 г 903 Комментарии: 0

"Жиззах вилояти шаҳар ва туманлари ҳокимликлари ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техника базасини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПҚ-4366-сон Қарори маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилашга қонуний асос бўлди.

Мазкур қарорнинг шаҳар ва туманлар ҳокимликларидаги ижроси ўрганилганда ахборот хизматларининг самарали фаолият кўрсатиши учун етарли шароитлар яратилмаганлиги, ахборот хизмати раҳбарларига штат бирликлари ажратиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт хизмати кўрсатиш борасида ҳоким ўринбосарига тенглаштирилмаганлиги, моддий-техника воситалари билан таъминлашда муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Бу, ўз навбатида, медиа маконда юзага келаётган чақириқларга тезкорлик билан муносиб жавоб қайтарилмаётганига, амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларнинг кенг жамоатчиликка ўз вақтида ва етарли даражада етказилмаётганига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагиларга кўра ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 25-моддаларига асосан

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4366-сон Қарорининг ижроси шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан
    15 (ўн беш) кун муддатда тўла таъминланиши шартлиги белгилаб қўйилсин.
  2. Вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармаси (А.Абдувахобов), вилоят молия бош бошқармаси (А.Раҳматуллаев) ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларига:

– бир ҳафта муддатда ахборот хизмати ходимларига ҳокимлик биносида хизмат хонаси ажратиш ва талаб даражасида таъмирлаш;

– ҳокимликларнинг ахборот хизмати ходимларига 10 (ўн) кун муддатда доимий транспорт воситаси ажратилишини таъминлаш;

– ахборот хизмати раҳбарига, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларини ҳоким ўринбосарига тенглаштириш ишларини бир ҳафта муддатда амалга ошириш;

- ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигида ахборот хизматига камида
2 нафардан ходим ажратиш, ички имкониятлар етарли бўлмаган ҳолатларда, ахборот хизматлари учун мутахассисларни шартнома асосида бириктириш ва ахборот хизмати раҳбарига меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама тўлаш;

– ўн беш кун муддатда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Бинокулов) томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ахборот хизматларини замонавий моддий-техника воситалари (компьютер, фото-видеокамера ва қўшимча жиҳозлари, принтер, телевизор, мебель жиҳозлари, юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имконияти, зарур дастурий маҳсулотлар) билан таъминлаш чораларини кўрсинлар.

  1. Вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи (Ў.Раҳмонов), вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Бинокулов) ва вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси (У.Адилов) билан бир ой муддатда

шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ахборот хизматларининг малакали кадрлар билан таъминланганлиги ва зиммасига юкланган вазифаларнинг ижроси самарадорлигини ўргансин ҳамда ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, ахборот хизматларига талабларга мос кадрлар жалб этилишини таъминласин.

  1. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Бинокулов) вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси (У.Адилов) билан биргаликда вилоятдаги шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ахборот хизматлари раҳбарларининг:

– ҳокимликлар фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, расмий веб-сайтлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб борилиши;

– ҳудудларнинг ижтимоий ҳаёти, иқтисодий ва экспорт салоҳияти, инвестицион жозибадорлиги ва туризм имкониятларини тарғиб қилиш, бу борада ҳокимликларнинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш бўйича қилаётган ишлари;

– танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор ахборотни тарқатиш бўйича ишларни ташкил қилиш даражаси;

– шунингдек, ахборот хизмати раҳбарининг функционал вазифаларига кирувчи бошқа ишларнинг бажарилиши бўйича мунтазам мониторинг юритсин ҳамда ҳар чоракда уларнинг фаолияти рейтингини эълон қилиб борсин.

  1. Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси (У.Адилов) бир ой муддатда вилоятдаги бошқа давлат органлари ва ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сон Қарори ижроси таъминланиши юзасидан танқидий ўрганиш ўтказсин ҳамда ўрганиш натижалари юзасидан вилоят ҳокимига батафсил ахборот ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф киритсин.
  2. Шаҳар ва туманлар ҳокимлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ахборот хизматларига раҳбар тайинлашда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси (У.Адилов) хулосаси асосида амалга оширилишини таъминласин.
  3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

                 Вилоят ҳокими                                                 Э.Салиев

201-karor-05_05_2021y.pdf [122,82 Kb] (cкачиваний: 22)

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!