» » “Ўрикли”да адабиёт байрами бошланди

“Ўрикли”да адабиёт байрами бошланди

07 июль 2021 г 933 Комментарии: 0

Анъанавий “Зомин семинари” иштирокчилари Зоминнинг “Ўриклисой” оромгоҳида йиғилдилар. 4 кун давом этадиган мазкур семинарнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими ўринбосари Фурқат Жўрақулов ҳамда Зомин туман ҳокими Алишер Абдуғаниев барча ижодкорларни мазкур адабиёт байрами билан муборакбод этиб, семинар ишига муваффақият тиладилар. Таъкидландики, бугунги кунда мустақил юртимизда ёшларимиз истаган соҳада хоҳ у фан-техника, санъат, спорт, адабиёт ёки бошқа соҳа бўлсин ўз салоҳиятларини тўлиқ намоён қилиб, халқаро майдонларда юртимизнинг музаффар байроғини баланд кўтаришмоқда, ушбу фикрларни адабиёт соҳасида юз берган, бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида ҳам билдиришга тўла асослар бор.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид барча семинар иштирокчиларини қутлаб, уларнинг ижодий фаолиятларига омад тилади. Тадбирда бир қатор устоз адиб ва шоирлар, адабиётшунослар ўзларининг қимматли фикрларини, мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. 

Дарҳақиқат, адабиёт ҳақида сўз кетганда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз” деган пурмаъно гаплари  адабиётнинг қудратли куч эканини англатади.

Ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, уларни ватанпарвар ва инсонпарвар этиб тарбиялаш, уларнинг онгида эзгулик, бунёдкорлик, ижтимоий бирдамлик каби ғояларни шакллантириш мамлакатимиз учун ўта муҳим масала бўлиб турибди. Шу боис уларнинг тарбиясига жиддий эътибор қаратиш давлатимиз раҳбарияти олдидаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу маънода Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13  сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида” ги  қарори   илк пайтдаёқ ўз вақтида қабул қилинган қарорлардан бири бўлиб, бу борада амалга оширилаётган кўплаб чора-тадбирлар ёш авлоднинг буюк аждодларимизга хос соғлом маънавиятли инсонлар бўлиб вояга етишларида муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, инсоннинг инсонийлигини белгилаб берувчи энг асосий мезон – бу  маърифатдир. Ёзувчи ва шоирлар ўз асарлари билан инсонлар қалбига эзгулик зиёсини сочгувчи истеъдод эгалари сифатида бугунги кунда қадр-қиммат топаётгани айни ҳақиқат.

2018 йилнинг 5 апрель санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ана шундай ғамхўрлик ва эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Маълумки, Жиззах замини азал-азалдан ўзининг бахшилари, сўз усталари, шоир ва ёзувчилари билан ҳам донг таратиб келган.

«Бахт ва шодлик куйчиси» Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Оқилжон Ҳусанов каби забардаст ижодкорлар яратган сара асарлар бугун ўзбек адабиётининг дурдоналари сифатида ўқиб ўрганилаётир.  Бугунги кунда ҳам вилоятимизда яшаб ижод қилаётган ёзувчиларимизнинг салмоғи анчагина. Эргаш Муҳаммад, Абдулла Аҳмад, Абулқосим Мамарасулов, Туроб Юсуф, Абдусаттор Содиқов, Абдураҳмон Каримов, Меҳрибон Абдураҳмонова, Исоқ Исмоилов сингари адибларимиз яратаётган асарлар мамлакатимиз адабий жамоатчилигида ўз эътирофини топаётгани фикримиз исботи.

Айнан устозлар яратган эзгу анъаналарни давом эттираётган ижодкор ёшларнинг сафи кундан кунга кўпайиб, маҳоратлари ошиб, қаламлари чархланиб бораётгани эса кишини қувонтирмай қолмайди. Жиззахлик ёш ижодкор қизлар Дилфуза Маҳкамова, Юлдуз Зоирова, Шоҳида Мўминова, Маъмура Ёқубова,  Вазира Ибрагимова, Лазиза Шавкатова, Моҳигул Раимқулова, Азиза Шокирова, Зуҳра Йўлчиева, Муқаддас Мамарасуловалар айнан адабиёт йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилгани фикримиз исботи.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Истеъдод мактаби” танловларида иштирок этиб устозлар эътирофига сазовор бўлган вилоятимиз ёш ижодкорлари Шоди Отамурод, Чарос Ёқубова, Сайфиддин Окановларнинг илк тўпламлари уюшманинг “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида 20 000 нусхада чоп этилиши бу борада олиб борилаётган ишларнинг ёрқин ифодасидир.

Маълумки илк бора 1997 йилнинг ёзида ўтказилган республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари жуда кўплаб ёш иқтидор эгаларини кашф этганлиги билан адабиёт ихлосмандларининг қалбини ғурурга тўлдирганлиги, бу ҳақда гап кетганда  ижод аҳли ҳамон кўтаринкилик билан бу семинарни мамлакатимиз адабий ҳаётидаги улкан ижобий ҳодиса бўлганлигини таъкидлашади. “Зомин мактаби” деб ном олган мазкур адабиёт байрамида кўплаб ижодкор ёшлар кашф этилдики, бу ёшлар бугунги кунда ўзбек адабиётида ўз овози, ўз ўрнига эга шоир ва ёзувчилар қаторидан жой олиб улгуришди.

2017 йилда “Зомин семинари” илк ташкил этилганига йигирма йил тўлганда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши билан мазкур адабиёт байрамининг яна қайтадан ташкиллаштирилгани мамлакатимиз ижод аҳлининг қувончига сабаб бўлган эди. Ҳар қандай улуғвор  ишлар ўзининг давомийлиги билан хайрлидир.

2018 йилги Зомин семинарининг кашфиёти бўлган ёш шоира Зуҳра Йўлчиева 2019 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлгани, 2019 йилдаги Зомин семинари қатнашчиси Муқаддас Мамарасулованинг бу йилги Зулфия номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилгани мазкур семинарнинг ёшлар тақдирида нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатиб турибди. Шу ўринда жиззахлик  Сайфиддин Оканов, Равшан Халилов сингари ёшларимизнинг адабиёт йўналиши бўйича “Мард ўғлон” Давлат мукофоти соҳиби бўлганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Семинарнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг, дастурга биноан иштиркчилар адабий суҳбат ва мушоира кечаларига таклиф этилди.

Мазкур ижодиёт байрамининг келгуси фаолияти хусусида сайтимиз орқали хабардор қилиб борамиз.

Зомин тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!