» » Барчамизнинг инсоний бурчимиз

Барчамизнинг инсоний бурчимиз

30 июль 2021 г 801 Комментарии: 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселектор мавзуси ҳеч кимни беъэтибор қолдирмайди, десам адашмаган бўламан. Чунки, ўзи емай, киймай боласига тутадиган, нафақат қариндош уруғлари ва яқинлари, балки бегонанинг боласини ҳам кўчада қолдирмасликка уринадиган элмиз.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошпанасиз қолган, оиласидан ажраган, оч юпун салкам чорак миллион ўзга эл болаларини “Сен етим эмассан”, деб бағрига олиб, оқ ювиб юқ тараган халқ вакилимиз.

Халқимизнинг бу  эзгу фазилати давлатимиз томонидан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликда ҳам ўз аксини топмоқда. Бу ғамхўрлик ва эътибор самараси айниқса кейинги беш йилда яққол кўзга ташланмоқда.

2017-2020 йилларда юртимиздаги барча Мурувват ва Саховат уйларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаб, замонавий шароитлар яратиш кўзда тутилган эди.

Шу муносабат билан 2020 йил бошида Жиззах шаҳридаги 29-сонли Меҳрибонлик уйи, Зомин туманидаги “Ём муравват уйи” ҳамда жорий йил Зарбдор туманидаги Кар ва соқов болалар мактаб –интернати ҳамда Заиф эшитувчи болалар махсус мактаб – интернати замонавий тарзда тўлиқ қайта таъмирланинди. Ўқувчилар учун зарур барча жиҳозлар билан тўлиқ таъминланиб, фойдаланишга топширилди.  Бу борадаги амалий ишлар ҳамон давом эттирилмоқда.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашнинг бир неча тузилмалари йўлга қўйилган. 13 та Болалар уйида 560 нафар, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчасида 1 минг 823 нафар, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг нафар ўғил-қизлар тарбияланмоқда. Бундан ташқари, 79 минг нафар болалар ҳомийлик, васийлик ва оила патронажи қарамоғига олинган.

Улар давлатимиз, халқимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни янада чуқурроқ ҳис қилишлари учун яна бир қатор ишларни амалга ошириш белгилаб берилди. Жумладан,  Меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилади, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий гвардия вилоят ҳокимлари билан бирга бир ҳафта муддатда ҳар йили ёз ва қиш мавсумларида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик, ҳомийлик ва патронаждаги болалар учун Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Термиз каби қадимий шаҳарларга саёҳат дастурини тасдиқлаб, амалга оширади. Етим болалар учун хорижда ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бюджетдан тўлиқ компенсация қилинади. Ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш учун 1 августдан бошлаб бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.

Бу каби савобли ишлар рўйхатини номма ном анча санашимиз мумкин. Муҳими, ҳар бир Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, етим болалар эътибордан четда қолмайди.

Шу ўринда барчамиз яхши англаб турган битта ҳақиқатни яна бир таъкидлашни истардим. Боланинг бегонаси бўлмайди. Айниқса, ҳар бир инсоннинг камоли бутун юрт истиқболининг мезони, деб қаралаётган Ўзбекистонимизда. Шундай экан, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига, етим болаларга авваламбор, меҳр кўрсатиш, имкон топсак уларнинг ҳолидан хабар олиш, баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Эркин ХОЛМАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!