Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Автомобиль антифризлари Пахтакордан хорижга экспорт қилинмоқда
21 август 2021 г 713 Комментарии: 0
Яқин 4-5 йил муқаддам, автомобил мотор совутиш тизими учун ишлатиладиган оддий атифриз йўқлиги сабаб мамлакатимизга хориждан импорт қилинган бўлса, эндиликда аксинча, бу суюқлик Ўзбекистондан хорижга экспорт қилинаётир. Бунга Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “WORLD TRADING COMPANY” МЧЖ фаолияти ёрқин мисолдир.
Автомобиллар учун антифриз, ҳаво фильтрлари, юқори волтли симлар ишлаб чиқариш ва ишлатилган техник ҳамда мотор мойларини қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида туман ҳокимининг 2017 йил 9 ноябрдаги қарорига асосан “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Кичик саноат зонаси ҳудудидан 3,57 гектар ер майдони ажратилган эди.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион 145 минг АҚШ долларини ташкил этиб, шундан жамоанинг шахсий маблағлари 1 миллион, хорижий инвестиция миқдори 4 миллион 145 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Ушбу лойиҳанинг 1-босқичи 2020 йилнинг 29 майида фойдаланишга топширилган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 44 нафар доимий иш ўрнига эга бўлган пахтакорлик ёшлар фаолият олиб бормоқда.
Айни пайтда, МЧЖда автомабиль моторини совутиш тизими учун ишлатиладиган “Felix”, “Vertex” ҳамда “X-Cool” маркали антифриз маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Ушбу антифриз суюқлиги ҳозирча йилига 550 минг донада – 1, 2, 3, 5 ва 10 литирли махсус идишларда тайёрланаётир.
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги мазкур қўшма корхонанинг хорижий ҳамкори Литва давлатининг “BALICOS TRANZITO CENTRAS” корхонаси ҳисобланади. Корхона акцияларининг 54 фоизи айнан ана шу корхонанинг улушига тўғри келади.
МЧЖда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларига қадар 514 минг АҚШ долларилик хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши кўзда тутилган.
2-босқичда эса бу ерда автомобиллар учун ҳаво филтрлари, юқори волтли симлар ишлаб чиқариш линияси ва матор мойларини тозалаш орқали қайта ишлаш ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, кейинги босқичда “Kor-tech” маркали ҳаво филтрлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар якунланиш арафасида.
Корхонанинг тўлиқ фойдаланишга топширилиши жорий йилнинг охирига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.
Қўшма корхона тўлиқ қувватда ишга туширилгач, бу ерда йиллик 4 минг 500 тонна автомобиллар учун антифриз, 150 минг дона свича симлари ва 50 минг дона ҳаво филтрлари ишлаб чиқарилади ҳамда 5 минг тонна техник ва мотор мойлари тозаланиб, қайта ишланади.
Қувонарлиси, лойиҳанинг 2-босқичи амалга оширилгач, юздан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, ҳозирда “Ёшлар дафтари”дан ўрин олган пахтакорлик йигит-қизлар шу мутахассислик бўйича ўқитиб тайёрланмоқда.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 30 фоизи экспортга йўналтирилиши назарда тутилган бўлиб, ушбу маҳсулотлар Литва, Россия ва Украина давлатларига экспортни амалга ошириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, автомабиллар ишлаб чиқарувчи заводлар билан ҳам маҳсулотлар етказиб бериш бўйича шартномалар имзолаш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги 643-сонли қарорига асосан, корхона жойлашган ер майдони “Жиззах ЭИЗ” ҳудудига қўшиб берилган.
Жамоа аъзолари эркин иқтисодий зоналарга берилган имтиёзлардан фойдаланиб, корхона доирасида тежаб қолинган маблағлар ҳисобига, фаолиятини янада кенгайтириш, сифатли маҳсулотлар турлари миқдорини кўпайтириш ва қўшимча янги иш ўринлари яратишдек эзгу ниятлар йўлида астойдил меҳнат қилаётир.
А.Қаюмов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!