Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахликлар Ўзбекистон Республикаси Президенти учун 524 сайлов участкасида овоз беради
25 август 2021 г 852 Комментарии: 0
Йиғилишда Жиззах вилояти ҳудудида сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги масала кўриб чиқиб, тасдиқланди.
Сайлов кодексининг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тақдимномасига кўра, округ сайлов комиссияси томонидан тузилиши белгилаб қўйилган бўлиб, унда сайловчиларга имкон қадар қулайлик яратиш учун сайлов участкалари тегишли ҳудудларнинг чегаралари эътиборга олинган ҳолда тузилиши таъкидланган.
Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда тузилган “ёпиқ” сайлов участкалари ҳарбий қисмлар жойлашган манзилдаги округ сайлов участкалари таркибига киритилиши жоиз.
– Сайлов участкалари сайловга камида 60 кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида 20 нафардан ва кўпи билан 3 минг нафардан ошмаган ҳолда тузилиши белгилаб қўйилган, – деди 4-Жиззах сайлов округи раиси Шавкат Шарипов.
– Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган чекка қишлоқлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида 7 кун қолганида тузилади.
Йиғилишда Жиззах шаҳри, 12 та туман ҳокимликлари ва ҳарбий қисмлар командирлари тақдимномасига мувофиқ 524 та сайлов участкаси тузиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Вилоятдаги сайлов участкаларини Сайлов кодекси талабларига мувофиқ тузиш ва жиҳозлашга кўмаклашиш, сайлов комиссиялари фаолиятига яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб, жорий йилнинг 24 октябрида ўтиши белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловни юқори савияда ўтказиш мақсадида округ сайлов комиссияси аъзолари 13 та ҳудудга алоҳида-алоҳида бириктириб чиқилди.
13 та ҳудудда тасдиқланган 524 та сайлов участкаси рўйхати шаҳар ва туман газеталарида чоп этилишини таъминлаш маҳаллий ҳокимлар зиммасига юклатилди.
А.Қаюмов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!