Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг вилоят аҳлига байрам табриги
01 сентябрь 2021 г 1 310 Комментарии: 0
Азиз дўстлар!
Қадрли юртдошлар!
Бугун она Ватанимиз Ўзбекистонда энг улуғ ва энг азиз байрам — давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги тантана қилинмоқда. Ушбу байрам "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" дея ўртага ташланган ёрқин ғоя остида ҳар бир оила ва хонадон, қишлоқ ва маҳалла, шаҳар ва туманлар, бутун Ўзбекистонда мисли кўрилмаган шодиёна остида нишонланмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам барча-барчангизни, Сиз орқали эса бутун вилоя-тимиз аҳлини самимий муборакбод этаман.
Истиқлол байрами қутлуғ бўлсин! Ватанимизнинг ўттиз йиллик тўйи муборак, азизлар!
Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. Халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонати билан қўлга киритилган давлат мустақиллиги ана шу асрий орзуимизни амалда таъминлаган оламшумул воқеадир.
Ўтган ўттиз йил давомида биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.
Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда "Янги Ўзбекистон" ибораси тилга олинмоқда. Бу охирги беш йилда тараққиёт-нинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда "Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекис-тонда янги бир уйғониш — Учинчи Ре-нессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас".
Истиқлол йилларида босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортмоқда. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тар-моқларда амалга ошираётган ислоҳотлари-миз бу борада ҳал қилувчи омил бўлмоқда.
"Миллий тикланишдан — миллий юкса-лиш сари" деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Биз айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни қўймоқдамиз.
Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Юртдошларимиз қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида эканини, қонун ва адолат кучини ҳис этиб яшамоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Мен ўз сўзимни ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Хал-қимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак" деган фикрлари билан давом эттирмоқчиман.
Дарҳақиқат, бугун халқимиз ҳаётида рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлардан келиб чиқиб, Мустақиллигимиз даврини 2 босқичга, хусусан биринчи 25 йиллик ва охирги 5 йиллик даврга бўлинди десак муболаға бўлмайди.
Ўтган охирги 4-5 йил ичида мамлака-тимизда ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари вилоятимизда ҳам мислсиз ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдасиз.
Янгиланаётган Ўзбекистоннинг тамомила янги қиёфа касб этаётган Жиззах вилоятида улкан бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Рухсатингиз билан, бугун Жиззах вилояти-да охирги 4-5 йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар самарасини айтиб ўтмоқчиман.
Аввало, "Инсон дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир", "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган қатъий тамойиллар асосида ишлар ташкил этилди.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо янгича тизими яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қа-булхоналари ва виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Улар фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи тизимга айланди.
Ҳудудларда ишларни ташкил этишда дунёнинг биронбир мамлакатида бўлмаган, мутлақо янги "сектор" тизими жорий қилинди.
Шу билан бирга, сектор раҳбарлари олдига эҳтиёжманд оилалар билан ишлаш бўйича "Темир дафтар", "Аёллар дафта-ри", "Ёшлар дафтари" тизими жорий қилинди.
Иқтисодий идоралар билан биргаликда "маҳаллабай" ишлаш, "ўсиш нуқталари"-ни аниқлаш ва "ҳудудларни ихтисослаш-тириш", аҳолини қийнаётган муаммоли масалалар бўйича "хонадонбай", "фуқаро-бай" ишлаш каби манзилли ишлар олиб борилмоқда. Сектор раҳбарларининг "сайёр қабул" графиклари ишлаб чиқилди.
Биргина жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоят 4 та сектор раҳбарлари томонидан 44 марта, Жиззах шаҳар ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан жами 1090 марта сайёр қабуллар ўтказилди. Вилоят сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида 1344 нафар фуқародан 1461 та мурожаатлар қайд этилган. Ушбу мурожаатларнинг 1166 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 295 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилган.
Қадрли жиззахликлар!
Сўзим аввалида айтганимдек, охирги 5 йил давомида ҳурматли Юртбошимиз томонидан ҳар бир ҳудудни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
2017-2021 йилларда Жиззах вилояти учун 18 та алоҳида меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 январдаги "Илғор ҳудуд" синов лойиҳасини Жиззах вилоятида амалга ошириш тўғрисида"ги ПФ-5609-сонли ҳамда 2021 йил 6 апрелдаги "Зомин туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6201-сонли Фармонлари алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президен-тининг 2 та Қарори, 2018 йил 27 июлдаги "Осиё тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан "Жиззах шаҳрида канализация тизимини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3885-сонли Қа-рори ҳамда 2018 йил 4 майдаги "Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3695-сонли Қарори (мазкур қарор билан "Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш" лойиҳаси амалга оширилмоқда).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори, Зомин, Зарбдор, Мирзачўл, Дўстлик, Зафаробод туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги ҳамда "Жиззах вилоятидаги шароити оғир маҳаллаларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектлари ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 308-сонли Қарори шулар жумласидандир.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2 та фармойиши қабул қилинган. Булар, 2019 йил 23 февралдаги 132-ф-сонли ва 2019 йил 15 августдаги "Жиззах вилоятида босма матбуот нашрларни чоп этиш техникаларини модернизация қилиш, матбуот ва матбаачилик соҳасини янада ривожлантириш ҳамда давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш тўғрисида"ги 677-ф сонли фармойишларидир.
Азиз вилоятимиз аҳли!
Муҳтарам фаоллар!
Ўтган 5 йил давомида Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барқарор макроиқтисодий кўрсаткичларга эришилди.
Биринчидан, жорий йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2017 йилга нисбатан 2 баробарга ошиб, 19,4 трлн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Бунда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 7,4 трлн. сўмни ташкил қилиб, 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошиши, ҳудудий саноат 3,9 трлн. сўмни ташкил қилиб, 2017 йилга нисбатан қарийб 4 баробарга ошиши кутилмоқда.
Қурилиш ишлари жорий йил якуни билан 2,8 трлн. сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 3,1 баробарга ошиши ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 17,2 трлн. сўмни ташкил этиб, қарийб 2 баробарга ошиши режалаштирилган.
Жами хизмат кўрсатиш ҳажми жорий йилнинг якуни билан 6,0 трлн. сўмни ташкил қилиб, 2017 йилга нисбатан 2,4 баробарга ошиши кутилмоқда.
Экспорт ҳажми 2017 йилдаги 38,1 млн. доллардан 132 млн. долларга ёки 3,5 ба-робар ошишига эришилди.
Иккинчидан, жорий йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулотнинг тармоқ таркибида саноат 11,5 фоизни (2017 йилда 9,3 фоиз бўлган, 2,2 фоиз ошган), қурилиш ишлари 7,3 фоизни (2017 йилда 5,1 фоиз бўлган, 2,2 фоиз ошган), жами хизматлар ҳажми 27,5 фоизни (2017 йилда 26,5 фоиз бўлган, 1 фоиз ошган) ва қишлоқ хўжалигининг улуши 54 фоизни (2017 йилда 59,1 фоиз бўлган, 5,1 фоиз камайган) ташкил этиши кутилмоқда.
Учинчидан, аҳоли жон бошига кўрилганда ялпи ҳудудий маҳсулот 2017 йилдаги 7,3 млн. сўмдан 2021 йил якунида 15 млн. сўмга етказилади.
Жумладан, саноатда 1,9 млн. сўмдан, 5,4 млн. сўмга, қурилиш ишлари 0,8 млн. сўмдан 2,3 млн. сўмга, чакана савдо 2,6 млн. сўмдан 6 млн. сўмга етади.
Тўртинчидан, Жиззах вилоятида кичик бизнесни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали жадал суръатларда янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди.
Хусусан, 2017 йил бошига кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари сони 9 542 тани ташкил этган бўлса, 2021 йил 1 июль ҳолатига бу кўрсаткич 20 651 тани ташкил этди.
Ушбу даврда кичик бизнес субъектлари сони 11 109 тага кўпайиб, 2017 йилга нисбатан қарийб 2 бараварга ошди.
Жумладан, охирги 4 йилда 2527 та са-ноат корхоналари ташкил этилиб, уларнинг сони 916 тадан 3443 тага етди ёки 3,8 баробар кўпайди. Шунингдек, охирги 4 йилда қўшма ва хорижий корхоналар сони 126 тага кўпайди ва уларнинг сони 208 тага етди.
Бешинчидан, 2017 йилдан жорий йилнинг 1 июлига қадар кичик бизнес субъектларига барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 11,4 трлн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Олтинчидан, вилоятда янги иш ўринлари ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, 2017 йилдан жорий йилнинг 1 август кунига қадар бандлик дастурларига асосан, инвестиция лойиҳалари, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишдаги янги йирик ва кичик лойиҳаларни ташкил этиш ҳисобига 101 707 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Еттинчидан, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағалликни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оши-рилди.
"Темир дафтар" жорий этилгандан бош-лаб Жиззах вилоятида 17 070 та эҳтиёжманд оилалар "Темир дафтар"га киритилган.
"Вақтинчалик тартиб"га кўра, сектор раҳбарлари томонидан "Темир дафтар"га киритилган меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 22 332 нафари ёки 99,9 фоизи меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Жумладан,
—Вилоятдаги 10 973 та эҳтиёжманд оилаларга зарур озиқ-овқат тўплами харид қилишлари учун 2,3 млрд. сўм;
—"Темир дафтар"даги 10 843 та оиланинг 46 731 нафар аъзоларига (жон бошига 220 минг сўмдан) 10,3 млрд. сўмлик моддий ёрдам пуллари тарқатилди;
—16 ёшга тўлмаган болалари учун (ҳар бир болага 500 минг сўмдан) 7 094 та оила учун 7,7 млрд. сўм пластик ва нақд пул кўри-нишида моддий ёрдам пуллари берилди.
Қадрли дўстлар!
Вилоятимизда сўнгги йилларда ҳудудий ҳамда Давлат инвестиция дастурларига асосан ҳар бир шаҳар ва туманларнинг инвестицион салоҳиятидан келиб чиқиб, янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш ишлари жадал суратларда олиб борилди.
Хусусан, охирги 4 йил давомида умумий қиймати 9,9 трлн. сўм бўлган 3 031 та янги лойиҳаларнинг фойдаланишга топши-рилиши натижасида 29 068 та доимий иш ўринлари яратилишига, ҳудудий экспортёр корхоналар томонидан жами 354,3 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилини-шига эришилди.
Экспорт географияси кенгайиб, бугунги кунда ҳудудий корхоналар томонидан дунёнинг 27 та давлатига экспорт амалга оширилмоқда.
Вилоятнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш орқали хорижий инвесторларни жалб қилиш, сармоялар киритиш жадал суръатларда амалга оширилди.
2017-2020 йилларда Жиззах вилоятида қарийб 1 млрд. доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Эътиборлиси шуки, вилоятимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш ҳажми 2016 йилда атиги 8,1 млн. доллар, 2017 йилда 21,4 млн. долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 566 млн. долларни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 26 баробар кўп хорижий инвестициялар жалб қилинди.
Мазкур инвестициялар асосан саноат соҳасига киритилган бўлиб, бунга ёрқин мисол сифатида 2020 йилда ишга тушган қиймати 130 млн. долларлик "Хуахин цемент" қўшма корхонасининг Зафаробод туманида йилига 1,2 млн. тонна цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлиги, шунингдек "ADM Jizzax" қўшма корхонасининг енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлиги натижада вилоятимизнинг мингдан ортиқ ишсиз аҳолисининг иш билан таъминланганлигини бугун фахр билан айта оламиз.
Тасдиқланган инвестиция дастурлари доирасида ўтган 4 йил давомида Жиззах вилоятида 1,6 трлн. сўмлик жами 688 та объектларда янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Жорий йил якуни билан дастур доирасида жами 823,9 млрд сўмлик 145 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида қури-лиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, объектлар фойдаланишга топширилади.
Сўнгги йилларда Жиззах вилоятида аҳолини арзон уй-жойлар билан таъмин-лашга — энг устувор вазифа сифатида қаралди.
Вилоятда аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича 4 056 та хонадонли жами 112 та кўп қаватли ҳамда 2 ва 4 сотихлик 1 725 та намунавий уй-жойлар қурилиб фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда ҳам 1120 хонадонли 32 та кўп қаватли уй-жойлар вилоятимиз аҳолисига фойдаланишга топширилади.
Охирги йилларда ҳурматли Юртбошимиз томонидан амалга оширилган энг йирик ислоҳотларидан бири бу — 2018 йил 29 март куни 1 та Фармон ва 1 та Қарор билан ҳуқуқий асоси яратилган "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" давлат дастурларидир.
Мазкур давлат дастури илк бор 2018 йилда вилоятимизнинг Дўстлик туманидаги "Манас" қишлоғида амалга оширилди.
Шундан сўнг, республиканинг барча ҳудудларида "Манас" тажрибаси асосида кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Хусусан, Жиззах вилоятида мазкур давлат дастури доирасида ўтган 2018-2019 йиллар давомида 75 та маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ички йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, жорий йилда жами 286 та маҳаллада улкан бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.
"Обод маҳалла" дастури доирасида ўтган давр мобайнида 196 та ижтимоий соҳа объектларида жорий ва мукаммал таъмирлаш ҳамда 607 км. ички йўлларда таъмирлаш ишлари якунланди.
Шунингдек, 492 км. ичимлик суви, 633 км. электр ва 25 км. табиий газ тармоқлари ҳолати яхшиланган бўлса, 145 км. ички ирригация тизими янгидан қурилди.
2021 йил "Обод қишлоқ" ва "Обод ма-ҳалла" дастурлари доирасида жами 286 та маҳаллада 221 км. ичимлик суви тармоқлари, 521 км. ички йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 325 км. электр тармоқлари тортиш ҳамда 124 та трансформаторларни янгилаш ишлари якунланиш арафасида.
75 та ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, 15 та мактабгача таълим муассасаси, 43 та мактаб, 15 та тиббиёт муассасалари, 2 та маданият марказини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини сифатли амалга ошириб, белгиланган муддатларда ишга туширилиши таъминланади.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун биргина Жиззах вилоятига бюджетдан 2,3 трлн. сўм маблағ ажратилди.
Коммуникацияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2017-2021 йиллар давомида ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 914,6 млрд. сўм маблағ ҳисобига 1 381 км. ичимлик суви тармоқлари тортилди. 173 та сув иншоотларида янгидан қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Ҳеч шубҳасиз мазкур йўналишда амалга оширилган энг йирик лойиҳа бу — ҳурматли Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги "Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан "Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига Жиззах вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш" лойиҳасидир.
Мазкур объект учун бюджетдан жами 579,5 млрд.сўм маблағ ажратилиб, вилоятнинг 6 та тумани (Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Жиззах шаҳар)да истиқомат қилувчи 600 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланишига эришилади.
Ушбу йирик лойиҳа жорий йилнинг сўнгги чорагига қадар якунланиши белгиланган.
Жорий йил якуни билан вилоят аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 45,7 %дан 58,2% га етказилади.
Оқова суви таъминотини яхшилаш бўйича. Вилоятдаги мавжуд 391,6 км. оқова сув тармоғининг таъмирталаб 166 км. қисми ва 8 та оқова сув иншоотлари 2017-2021 йилларда 819 млрд. сўм маблағ сарфланган ҳолда тўлиқ капитал таъмирланди, бунинг натижасида 31 дан ортиқ манзилда оқова сув тизими яхшиланиб, 138 минг аҳолига кўрсатилаётган оқова сув хизматлари сифати яхшиланди.
Жумладан, бу йўналишда ҳурматли Президентимизнинг Жиззах шаҳар канализацияси тизимини яхшилаш бўйича 2018 йил 27 июлдаги ПҚ-3885-сонли қарорларига асосан "Жиззах шаҳри канализация тизимларини ривожлантириш" лойиҳаси амалга оширил-моқда.
Мазкур йирик лойиҳа доирасида Осиё тараққиёт банкининг 79,5 млн. доллар миқдоридаги кредити жалб қилинди.
Бугунги кун ҳолатига келиб, лойиҳа доирасида 56,8 млн. АҚШ долларилик маблағ ўзлаштирилиб, 61,5 км. канализация қувурлари ётқизилди, 5 та канализация насос станциялари қурилди ва 1027 та канализация қудуқлари ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.
Қўшимча 65 км. канализация тармоқларини қуриш бўйича 11,7 млн. долларлик маблағга шартнома қилиниб, бугунги кунга қадар 12,5 км. канализация тармоқлари ётқизилди.
Лойиҳа амалга ошгач, Жиззах шаҳрининг 70 фоиз (125,3 минг) аҳолисига марказлашган канализация хизматлари кўрсатилади ҳамда шаҳарнинг санитар-эпидемиологик ҳолати яхшиланади.
2017-2021 йилларда 155 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиб, жами 1954 та кўп қаватли уй-жойлардан 1372 тасининг том қисми, 1332 тасининг фасад қисми тўлиқ янгиланди.
Вилоят бўйича жами 9 399 км. йўл мавжуд бўлиб, шундан, умумфойдаланишдаги 2601 км. ва ички йўллар 6 798 км.ни ташкил қилади.
Охирги 5 йил давомида 775 млрд.сўм маблағ сарфланиб, 2 757 км. ёки 30 % йўллар таъмирдан чиқарилди. 54,5 млрд. сўм маблағ эвазига 38 та кўприк тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Электр энергияси таъминотини яхши-лаш бўйича 275,3 млрд.сўм маблағ сарфланиб, 1741 км. (14%) ҳаво тармоқлари реконструкция қилинди ва янгидан қурилди, 734 дона (18%) трансформатор пунктлари янгидан ўрнатилди. 275 105 дона ёки 100 фоиз АСКУЭ тизимига мос ҳисоблагичлар ўрнатилди.
Сўнгги 4 йил давомида 11 980 та аҳоли хонадонлари табиий газ билан газлаштирилди. Жиззах шаҳри ва туманларида жами 263 км. газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш, 1441 та газ тақсимлаш пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. 39 927 та суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. 82 195 дона ёки 54 % истеъ-молчиларга АСКУГ тизимига мос ҳисоб-лагичлар ўрнатилди.
Азиз юртдошлар!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.
Узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғи-ни бўлган мактабгача таълим тизими янада такомиллаштирилди, хусусан, Жиззах вилояти мактабгача таълим бош бошқармаси ҳамда унинг туманлардаги 13 та бўлимлари ташкил этилди.
2017 йилда 174 та (шундан 173 та давлат ва атиги 1 та хусусий) мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатган.
Бугунги кунга келиб, 1 150 та (шундан 211 та давлат, 64 та давлат-хусусий шериклик, 863 та оилавий, 12 та хусусий) мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
2017 йилда 3-6 ёшли болалар 118 802 нафар бўлган, уларнинг 23 224 нафари ёки 19,5 фоизигина мактабгача таълимга қамраб олинган эди.
Ўтган давр мобайнида тизимда амалга оширилган улкан ислоҳотлар натижасида бугунги кунда мактабгача таълимга қамров 71,5 фоизни ташкил этди.
Халқ таълими соҳасида ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, таълим сифатини ошириш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, ўқувчиларга таълим-тарбия бериш учун умумтаълим мактаблари сони 2017 йилда 540 тадан 2021 йилда 555 тага ошди.
Педагоглар сони 2017 йилда 18 704 нафардан 2021 йилда 22 954 нафарга ошди. Олий тоифали ўқитувчилар сони 2017 йилда 478 нафардан 2021 йилда 1 393 нафарга ёки 3,5 баробарга кўпайди.
Сўнгги йилларда вилоятимизда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланиб, соҳа ривожида янги давр бошланди.
Жиззах вилоятида биргина 2020 йилнинг ўзида Инвестиция ва Давлат дастурлари доирасида 24 та умумтаълим муассасаларида янги қурилиш, капитал ва мукаммал таъмирлаш учун 54 млрд.сўм маблағ сарф-ланди.
Бундан ташқари, 2020 йилда 15 млрд. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисоби-дан 149 та мактаб жорий таъмирдан чиқа-рилди.
Ҳурматли юртдошлар!
Эътибор берган бўлсангиз ҳурматли Юртбошимиз сўнгги вақтларда асосий диққат эътиборини ногиронлиги бўлган, ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратмоқдалар.
Ислоҳотларнинг самараси натижаларидан яна бири бу — махсус мактабларнинг таъмирланиб, қулай шарт-шароитлар яратилганлигидир.
Ўтган йили Жиззах шаҳридаги 29-сонли "Меҳрибонлик уйи" 8,5 млрд.сўм маблағ ҳисобига реконструкция қилиниб, тўлиқ жиҳозланди ва замонавий кўринишга келтирилган бўлса, жорий йилнинг апрель-май ойлари давомида Зарбдор туманидаги Кар соқов ва заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернатларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 12 млрд.сўм маблағ сарфланиб, махсус мактаб-интернатлари замон талаблари асосида жиҳозланиб, болалар учун муносиб шарт-шароитлар яратиб берилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Шунингдек, юзлаб мактабларда электр энергияси, тоза ичимлик суви таъминоти, иситиш тизими яхшиланди, ошхона, спорт заллари ва бошқа зарур бинолар барпо этилди.
Вилоят бўйича жами 371 та ёки қарийб, 70 фоиз мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланди.
2017 йилдан Жиззах шаҳрида мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мак-таби, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 4 та математика фанига ҳамда Ахборот техно-логияларига ихтисослаштирилган таянч мактаблари фаолият бошлади.
Халқ таълими тизимида гап кетганида, мен албатта жорий ўқув йилидан бошлаб фаолиятини бошлаётган, республикада олдинги ўринларда ташкил этилган, замонавий, шинам, барча қулайликларга эга Президент мактабини очилганлигини хурсандчилик билан таъкидлаб ўтмоқчиман.
Мазкур даргоҳга жорий ўқув йилидан бошлаб, 5-10 синфларга энг иқтидорли, қобилиятли 144 нафар ўқувчилар саралаб олинмоқда.
Мактаб ўқувчиларига йилдан-йилга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Хусусан, ҳаммамиз билган, 1910 йиллари вокзал ишчиларининг болаларига таълим бериш учун ташкил қилинган Жиззах шаҳридаги 18-сонли мактаби ҳомийлик маблағлари ҳисобидан янгидан замонавий типда 630 нафар ўқувчи сиғимида ташкил этилди.
Шунингдек, 2021 йилда замонавий мактаб лойиҳа асосида Зомин туманида 2 та янги 748 ўринли, Жиззах шаҳрида 1 та янги 528 ўринли жами 1 276 ўринга мўлжалланган мактабларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилда Жиззах вилоятида 8 та математика, 5 та физика, 2 та кимё-биология, 6 та информатика ва ахборот технологиялари фанлари ҳамда 13 та хорижий тилларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ташкил этилди.
2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларини жами 18 854 нафар ўқувчи битирган бўлса, шундан 174 нафари муддатидан олдин хориждаги 6 тадан олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди.
Жорий йилнинг 18-23 июль кунлари Португалия давлати пойтахти Лиссабон шаҳрида ўтказилган 32-Халқаро биология (IBО) олимпиадасида дунёнинг 76 давлатидан 304 на-фар иқтидорли ўқувчилар таркибида 4 нафар ўзбекистонлик ўқувчилар ҳам муносиб иштирок этишди.
Энг қувонарлиси, ўзбекистонлик 4 нафар ўқувчилар орасида Жиззах давлат педагогика институти академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Хумоюн Норбеков ҳам иштирок этиб, нуфузли халқаро олимпиадада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, олий мукофот — олтин медални қўлга киритиш билан бирга кучли 8 талик таркибига киритилди.
Ушбу ўқувчимиз Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинди.
Ўтган 4-5 йил давомида вилоятимиз ёшла-рини олий таълимга қамраб олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, ҳурматли Юртбошимизнинг 2019 йил 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 5 июлдаги "Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг Жиззах филиалини ташкил этиш тўғриси-да"ги Қарорига асосан Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Миллий Университетининг Жиззах филиали ташкил этилди.
Мазкур таълим муассасасида дастлаб тўртта йўналишда ўқишга қабул бўлган бўлса, бугунги кунга келиб 10 та йўналишда 1124 нафар талаба таҳсил олмоқда. 2021/2022 ўқув йилига қабул 575 нафар бакалавр кундузги, 250 нафар бакалавр сиртқи, 18 нафар магистратура мутахассисликларига ва бешта йўналиш бўйича 125 нафар Қозон Федерал Университети билан қўшма таълим дастури асосида қабул бошланди.
Таълим тизимида ахборот технологиялари бўйича кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳурматли Президентимизнинг 2020 йил май ойида Андижон вилоятига ташрифи давомида ҳар бир вилоят марказларида "IT-Park"лар ташкил этиш топшириғи берилган эди.
Ушбу топшириқ ижроси юзасидан Ҳиндистоннинг "IT" (Ахборот технологиялари) соҳасидаги етакчи мутахассиси профессор Жараям Партасарти жаноблари жалб этилиб, вилоят ҳокимлиги Кенгашлар уйи биносининг 2-қаватида "IT Park" Жиззах филиали ташкил этилди.
Лойиҳага маҳаллий бюджетдан жами 7,5 млрд.сўм маблағ сарфланиб, вилоятимиз ёшларининг рақамли технологиялар соҳасида ўз билим ва кўникмаларини ошириш имкони яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, "IT Park" Жиззах филиали ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси ўртасида қўшма қарор имзоланиб, республикада биринчилар қаторида вилоятдаги барча умумтаълим мактаб директорларининг рақамли технологиялар соҳасида ўз билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида машғулотлар йўлга қўйилди.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятнинг 7 та туманида рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилиб, шу кунга қадар 2000 дан зиёд ёшлар дастурлаш, работотехника ва компьютер саводхонлиги йўналишларида ўқитилди.
Яна бир янгилик, жорий йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 29 июндаги 401-сонли Қарорига асосан вилоятимизда Ҳин-дистоннинг "Sambhram" университети Жиззах филиали ташкил этилди.
Ушбу хорижий университет филиалига жорий ўқув йилидан бошлаб 2200 нафар талаба ўқишга қабул қилинади.
Олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларимиз натижасида, вилоятимиз мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамров даражаси ўтган йили 15 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 25 фоизга етказилишига эришиш кутилмоқда.
Муҳтарам фаоллар!
Аҳоли саломатлигини сақлаш, хусусан тиббиёт соҳасини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида инвестиция дастури доирасида янги даволаш масканлари қурилди.
Тиббиёт соҳасида ўтган беш йил ичида 430 ўринли ва 1 750 қатновли 89 та объектда 302,3 млрд. сўмлик қурилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Тез тиббий ёрдам тизимини ислоҳ қилиш натижасида 2017 йилга қадар 43 та махсус тез тиббий ёрдам автомашиналари фаолият юритган бўлса, 2021 йилга келиб уларнинг сони 127 тага етди.
Моддий-техника базасини ривожлантириш борасида "Саломатлик—3" лойиҳаси доирасида жами 5,5 млн. долларлик, бундан ташқари 20 млрд. 200 млн сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар харид қилинди.
Вилоятда республикадаги 22 та ихтисос-лаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидан 4 тасининг вилоят филиаллари ташкил қилинди.
Марказ филиаллари томонидан юқоридаги даволаш усулларининг амалиётга татбиқ этилиши натижасида вилоят аҳолисининг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда қўшни вилоятларга даволаниш учун қатнови 65-80 фоизга камайди.
Ўтган 2020 йилда 15 млрд. сўм маблағ эвазига замонавий вилоят эндокринология диспансери ва 14 млрд. сўм маблағ ҳисобига республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалининг 100 ўринли биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу марказларга 2,2 млн. долларлик замонавий тиббий жиҳозлар харид қилинди.
Бугун Кардиология илмий-амалий тиб-биёт маркази Жиззах филиалида ўта мураккаб юрак жарроҳлик операциялари ўтказилиши йўлга қўйилди. Мазкур марказ нафақат вилоятимиз аҳолиси балки, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ва қўшни давлатлар фуқароларига ҳам хизмат кўрсатмоқда.
Қадрли деҳқон ва фермерлар! Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол меҳнат қилаётган қадрли юртдошлар!
Қишлоқ хўжалиги соҳасида самарадорлик кўрсаткичлари ва меҳнат унумдорлиги йиллар давомида барқарор ўсиб бориб, 2017 йилда 1 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер майдонига тўғри келадиган даромад 4,5 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб ушбу кўрсаткич 6,7 млн. сўмни ташкил қилди.
2017-2020 йилларда барқарор ўсиш суръатига қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар ва самарали ишлаш тизими орқали эришилди.
Хусусан, аграр соҳанинг асосий бўғини бўлган пахтачиликда ерга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, соҳада тежам-кор технологияларни жорий қилиш орқали ҳосилдорлик кескин ошишига эришилиб келинмоқда. Жумладан, 2017 йилда ўртача 18,3 центнердан пахта хом ашёси етиштирилган бўлса, кластер тизимига ўтилгандан сўнг 2020 йилда бу кўрсаткич 28,3 центнерга етказилди.
Жумладан, энг юқори ҳосилдорлик "Жиз-зах индустриал тўқима" МЧЖ Ш.Рашидов туманида 16,7 центнер, "Сангзор текстил" МЧЖ Дўстлик туманида 14,9 центнер, "Жиззах кентекс" МЧЖ Зафаробод тума-нида 14,1 центнерга ортди.
Вилоятда 2017 йилда суғориладиган ғалла майдонлари 1000 гектарга қисқартирилиб, 105 500 гектар майдонда 391 369 тонна ғалла етиштирилиб, ҳосилдорлик 48,8 центнерни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда ғалла майдонлари 8000 гектарга қисқартирилиб, 609 570 тонна ғалла етиштирилиб, ҳосилдорлик 65,2 центнерни ташкил этди.
Ғалла майдонлари ҳар йили камайтириб борилган бўлсада, ҳосилдорлик 2017 йилга нисбатан 2022 йилда 16,4 центнерга оширишга эришилиши ҳисобига ялпи ишлаб чиқариш йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Кейинги 4 йил давомида 143 дан ортиқ янги замонавий ўрим комбайнлари ва 163 дан ортиқ экиш техникалари олиб келинди.
Ўтган йиллар давомида 19265 гектар ер майдони фойдаланишга киритилиб, ўзлаштирилган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари экилди.
Жорий йилда вилоятда Президентимиз ташаббуси билан 11 140 нафар ёшларга 7 773 гектар экин майдонлари ажратиб берилди ва 22 209 нафар ёшлар учун янги иш ўрни яратилди.
Вилоятда боғ-токзорларни ташкил этиш борасида катта лойиҳаларни амалга ошириш орқали, янги иш ўринларини яратиш ва катта ҳажмдаги боғзорлар атрофида музлаткичли омборхоналар, қайта ишлаш, қуритиш ва сақлаш ҳамда логистика марказларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2017 йилда Ғаллаорол туманида "Саг Агро" МЧЖ томонидан 800 гектар майдонда интенсив ёнғоқзор 100 фоиз томчилатиб суғориш технологияси асосида ташкил этилди.
2020 йилда 5 туманда мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 10 та агрокластерлар ташкил этилди. Агрокластер-ларга 15237 гектар ер майдонлари бириктириб берилди. Вилоятда 2021 йилда 18000 гектар майдонда боғ ва 11400 гектар майдонда узумзорлар барпо этилди.
Қишлоқ хўжалигида сув сарфини иқтисод қилиш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида вилоятда 2017-2020 йилларда 96,4 млрд.сўм маблағ йўналтирилиб жами 17,2 минг гектар майдонда томчилатиб суғо-риш технологиялари жорий этилди.
Шундан 7 370 гектар пахта майдонлари, 123 гектар боғ ва 9 707 гектар мева-сабзавот майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий этилди.
Вилоятда сўнгги 4 йилда 2 247,3 тонна пилла хом ашёси етиштирилди, пиллачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 693 гектар майдонда тут плантацияси ташкил этилди.
Азиз аёллар! Меҳрибон онахонлар, мунис опа-сингиллар!
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенглигини таъмин-лаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ҳамда турмуш шароит-ларини яхшилаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 299 та маҳаллада "Аёллар маслаҳат кенгашлари" фаолияти йўлга қўйилди. 1 664 нафар хотин-қизларга олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида танловда иштирок этишлари учун тавсияномалар берилди.
4 394 нафар хотин-қизларнинг "Ҳар бир оила — тадбиркор", "Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури", "Ёшлар — келажагимиз" дастурлари доирасида бандлиги таъминланиб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди.
Азиз нуроний отахон ва мўътабар онахонлар!
Яқинда мамлакатимиз бўйлаб Сиз азиз кекса авлод вакиллари, нуроний отахон ва мўътабар онахонлар ҳамда келажагимиз бунёдкорлари бўлган фидокор ёшлар билан "Уч авлод" учрашувлари ўтказилди.
Бугунги кунда орамизда сиздек нуронийлар, устозлар борлигининг ўзи улуғ неъмат бўлиб, Сизларнинг ўгит ва насиҳатларингиз жамият тараққиёти, қолаверса, ёшларимиз учун бебаҳо зийнат, босиб ўтган йўлингиз, тажрибангиз — ёшларимиз учун ҳаёт мактабини ўтамоқда.
Сиз томонингиздан бериладиган насиҳатлар ёшларнинг куч-қуввати ва шижоати билан бирлашса, жамиятни олдинга элтувчи катта кучга айланади.
Фурсатдан фойдаланиб, жамиятимиз пойдеворлари бўлган ёшларимизга панд-у насиҳатингизни беришдан чарчамай, доимо оила ва маҳаллаларимизга бош-қош бўлиб юришингизни тилаб қоламан.
Ёшларимизга эса кўпроқ кексаларнинг ўгитлари ва дуосини олиб, Янги Ўзбекистонимизнинг пойдеворини қуришда ўз иқтидори ва тафаккури билан жасорат кўрсатишларига тилакдошман.
Қадрли дўстлар!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2021 йил юртимизда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилинди.
Ёшлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2018-2020 йиллар давомида жами 216 нафар ёш оилаларга "Ёшлар уйлари" топширилди.
Ёш оилаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Жиззах вилоятида 2021-2023 йилларда жами 308 та хонадонлардан иборат кўп қаватли "Ёшлар уйлари" қурилиши режалаштирилган.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича бугунги кунга қадар шаҳар ва туман сектор раҳбарлари томонидан 783 та "Сектор ва ёшлар" учрашувлари ўтказилиб, мазкур учрашувларда 22 минг 300 нафар ёшлар иштирок этди.
2021 йилнинг 1 июль ҳолатига 23,9 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Ёшлар дафтарига киритилган 13 564 нафар ишлаш истагини билдирган ёшларнинг бугунги кунга қадар 13 379 нафари (98,4%) бандлиги таъминланди.
Шундан, 3 421 (25,6%) нафари муқим ишга жойлаштирилган, 4 096 нафарига (26,9%) 50 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиб берилди.
1+1 ҳамда 1+4 дастурлари бўйича жорий йилнинг 1 июль ҳолатига вилоят бўйи-ча 917 нафар ёшлар 1+1 дастури доирасида тадбиркорларга бириктирилиб, бандлиги таъминланди.
Тадбиркорликка жалб қилиш ва кредитлаш бўйича бугунги кунга қадар 6556 нафар ёшларга 159,6 млрд. сўм кредит маблағлари молиялаштирилди.
Ёшларга ер майдонлари ажратиш бўйича бугунги кунга қадар 10 147 нафар ёшларга 7 426 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.
Ёшларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича 39 та профессионал таълим муассасаларида 82 та касб бўйича 6 минг 820 нафар ёшлар қурилиш, хизмат кўрсатиш, транспорт ҳамда тадбиркорлик соҳаси бўйича ўқитилмоқда. Ўқитилган 4 059 нафар ёшларга сертификатлар берилди.
"Street work out"спорт майдончалари бўйича ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан яшаш ҳудудининг ўзида шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида вилоятдаги 295 та маҳаллаларнинг 118 тасида янгитдан "Street work out" спорт майдончалари ташкил этилди.
Ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Жиззах вилоятида бугунги кунга қадар 637 та йирик спорт тадбирлари, 1 321 та маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда 200 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувват-лаш бўйича республикада "Жиззах тажрибаси" сифатида "Олтин фонд" дафтари жорий қилиниб, дастлаб олимпиада ғолиблари, ёш спортчилар, маданият, санъат, "IT" ва бошқа соҳаларда халқаро ва республика миқёсидаги мусобақа ва танловларда ғолиб бўлган 200 нафар ёшлар мазкур "Олтин фонд" дафтарига киритилди. Шулардан, 22 нафарига олий таълим муассасасида ўқиши учун 100 млн. сўм тўлов шартномасига маблағ ўтказиб берилди.
Азиз дўстлар!
Бугунги умумхалқ байрамимиз яна бир халқона хислати билан ҳам қадрлики, бу шодиёна арафасида юртимизнинг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида давлат ва халқ олдидаги юксак хизматлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз муҳтарам Президентимиз-нинг Фармони билан давлатимизнинг юксак унвон ва мукофотлари билан тақдирландилар.
Бу йилги байрам арафасида давлат мукофотларига сазовор бўлган ҳамюртларимиз билан биз ҳақли равишда фахрланамиз.
Ана шундай юртдошларимиз қаторида "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Нусуратулла Пардаев, "Дўстлик" ордени билан вилоят ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Азим Ахмедхаджаев, Ғаллаорол тумани Нуронийлар жамоатчилик кенгаши фаоли Салахиддин Назаров, Фориш туманидаги "Лаззат-Кафолат" хусусий корхонаси раҳбари Рахмат Нарзиев, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Нуритдин Нурматов, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Зомин тумани бўлинмаси раиси Пўлат Таджибоев, Янгиобод туманидаги "Ҳавотоғ гулшани санаторийси" масъулияти чекланган жамияти директори Абдулложон Турдикулов, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Хабибулло Худайбердиев, "Содиқ хизматлари учун" медали билан Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, "Жиззах аккумулятор заводи" акциядорлик жамиятининг электродлар цехи бошлиғи Бобир Асланов, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Мирзасултон Бобобеков, Жиззах шаҳар боғлар ва хиёбонларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва сақлаш департаменти директори Боходиржон Отажанов, Пахтакор тумани ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Анвар Саломов, "Келажак бунёдкори" медали билан, Жиззах шаҳридаги "Minguan Silu Industry" хорижий корхонаси директори Иброхимжон Комилов, "Жасорат" медали билан Пахтакор тума-нидаги ҳунарманд-тикувчи Феруза Исақова, "Шуҳрат" медали билан Зомин туманидан (100 ёшдан ошган онахон) Сухсур Уришова, Арнасой туманидаги "Арнасой агро пилла" масъулияти чекланган жамияти пиллачиси Меҳрибон Абдурахимова, Янгиобод туманидаги "Янгиобод агро пилласи" масъулияти чекланган жамияти пиллачиси Жумагул Абдухаликова, Жиззах шаҳридаги "Diamond" кўп тармоқли хусусий корхонаси раҳбари Олимжан Кодиров, Зарбдор туманидаги "Акбар Шаҳзод" фермер хўжалиги бошлиғи Алишер Раззаков, Арнасой туманидаги "Arnasoy Gold Tex" қўшма корхонаси таъсисчиси Джамшид Ҳакимов, Фориш туманидаги "Буюк Жавоҳир тимсоли" фермер хўжалиги бошлиғи, Комол Холматов, Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров, "Жасорат" медали билан Вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори (марҳум) Кенжабой Сулаймонов, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари взвод командири Зуҳриддин Нажбиддинов, "Содиқ хиз-матлари учун" медали билан вилоят прокурори Исламджан Эргашходжаев, Мирзачўл тумани ИИБ профилактика катта инспектори Жамшид Норқулов, "Шуҳрат" медали билан Фориш тумани ИИБ профилактика катта инспектори Қамариддин Абдураҳмонов, Жиззах туманлараро иқтисодий судининг раиси Азиз Қудратов, Миллий гвардия ҳарбий қисм гуруҳи мутахассиси Фарходбек Турсунов, вилоят ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори Абдужалол Норбоев, Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси катта инспектори Ўткир Нормаматов, Ғаллаорол тумани ИИБ профилактика катта инспектори Зиёдулла Холмуродов, II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернати ўқитувчиси Лолахон Хусанбоева, I даражали "Саломатлик" ордени билан меҳнат фахрийси Ислам Субханкулов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали хирургия бўлими мудири Ғайбулла Убайдуллаев, II даражали "Саломатлик" ордени билан вилоят онкология диспансерининг хирургия бўлими мудири Алимардон Болтаев ҳамда Зарбдор тумани кўп тармоқли марказий шифохонасининг шифокор-инфекционисти Джўрақул Дусановларнинг мукофотлангани барчамизнинг кўнглимизга кўтаринкилик, қувонч ва ғурур бахш этди.
Шунингдек, мустақилликнинг ўттиз йиллиги кўкрак нишони билан 1080 нафар вилоятимиз фаоллари тақдирланишди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, мукофотланган барча юртдошларимизни яна бир бор табриклаб, уларга ва бугун биз билан байрамни бирга нишонлаётган барча юртдош-ларимизни, қувончимизга шерик бўлаётган ҳурматли меҳмонларга самимий ва эзгу тилакларимни изҳор этишга, сизларнинг барчангизга сиҳат-саломатлик, ишларингизда янгидан-янги зафарлар тилашга ижозат бергайсизлар.
Сўзимнинг якунида Сизларни ушбу унутилмас ва бетакрор кунда хурсандчилик билан нишонланаётган озодлик ва ҳурлик байрами —Мустақиллик куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман, барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-тотувлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ватанимизни, халқимизни Яратганнинг ўзи ёмон кўзлардан сақласин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!