Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ҳамкорлик, қардошлик ва барқарорлик – ислоҳотларимизнинг бош стратегик мақсади
09 сентябрь 2021 г 556 Комментарии: 0
Демократик янгиланишлар ва либераллаштиришни бош мазмунига айлантирган халқона ислоҳотларни конститутциямизнинг тантанаси дейиш мумкин.
Йиллар мобайнида, гарчанд Бош қомусимизда белгилаб қўйилган бўлсада, амалда ўз исботини топмаган инсон ва унинг манфаатлари устуворлиги сўнгги йилларда ўз самарасини бераётир. Бу воқейлик ўз навбатида халқаро миқёсда эътироф этилаётгани, давлатимизнинг нуфузига нуфуз қўшмоқда.
Мамлакатнинг эртанги куни яқин қўшнилар билан дўстона муносабатларга боғлиқ. Азалий қардош халқларни ўзаро боғлаб турган муносабатлар тизими бироз вақт узилиб қолганлиги мамлакатлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий алоқаларга путур етказмасдан қолмади.
Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра олиши, очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиш натижаси ўлароқ сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари билан яқин ва яхши қўшничилик муносабатлари тикланиб, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топди. Энг муҳими Ўзбекистон қардош давлатлар орасида ўз нуфузи ва ўз ўрнига эгалигини исботлаб келмоқда. Ҳамкорлик муносабатлари натижаси ўлароқ давлатлар ўртасидаги савдо муносабатлари янги босқичга кўтарилиб аҳоли фаровонлигини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида яқин қўшничилик муносабатлари ривожи ҳақида “Қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшни – қўшниси билан, ака-укаси, ота-боласи, қариндош-қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади” деб таъкидлагандилар.
Мамлакатдаги тинчлик барқарорлик энг аввало қўшни давлатлардаги тинчликка бевосита боғлиқ эканлигини Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишларида қайта-қайта такрорлаётгани бежизга эмас.
Жорий йилнинг 5-6 август кунлари Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида ҳам давлатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш масаласи кўтарилгани замирида ҳам улкан ҳамкорлик, ҳамдўстлик муносабатлари мужассам.
Халқимизда қўшнинг тинч – сен тинч деб бекорга айтилмаган. Давлат раҳбарининг қўшни жафокаш афғон халқи ҳақида айтган фикрлари барча томонлар манфаатларига мос эканлиги халқаро миқёсида эътироф этилмоқда. Чунки Афғонистондаги тинчликнинг қадр-қиймати мамлакатимиз учун қанчалик муҳим эканлигини англаган давлат раҳбари томонларни тинч-тотув яшашга, халқаро ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинадиган муносабатларга келишишга чақирмоқда. Афғон диёридаги тинчлик ва барқарорликнинг ҳукмронлиги Ўзбекистоннинг дунё бозорига чиқиш учун стратегик имкониятлар эшигини очиб беради. Бу борада афғон диёрида тузилаётган янги ҳукумат томонидан давлатимиз раҳбари фикрларини қўллаб-қувватланиши, иккала давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик давом этишини ҳозирча улар эътироф этиб келмоқда.
2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда мамлакатимиз томонидан илгари сурилган янги таклиф ва ташаббуслар нафақат ушбу бепоён минтақалар давлатларида, балки жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган янги транспорт йўлларини барпо этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Конференцияда қабул қилинган қарорлар ижроси таъмин этила бошланиши нафақат юртимиз, атрофдаги қўшни мамлакатлар учун ҳам истиқболли иқтисодий муносабатлар тизимини ўзаро боғлаш имкониятини беради.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самарали ташқи сиёсат юритиши ортидан мамлакатимизга Ғарбий Европа, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Россия, Хитой давлатлари билан стратегик ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга чиқмоқда. Натижада миллий логистика портали яратиш йўлида жадал ишлар амалга оширилмоқда. Ўз транспорт йўлагига эга бўлган давлатнинг халқи фаровон турмуш кечириши таъмин этилади. Ўзгаришларнинг таг замирида инсон ва унинг манфаатлари ётар экан, бу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро аввало ўзгаришларни ўзидан бошламоғи керак.
Шавкат ШАРИПОВ,
Жиззах давлат педагогика институти ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!