» » Жиззахда ўтказилган уч авлод учрашувида 4 та давлат элчиси иштирок этди

Жиззахда ўтказилган уч авлод учрашувида 4 та давлат элчиси иштирок этди

13 октябрь 2021 г 1 775 Комментарии: 0

Миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда “Уч авлод” учрашувлари ва бошқа бир қатор тадбирлар ўтказилаётир.

Ҳаётнинг пасту баланд йўлларини босиб ўтган нуронийлар тажрибаси, ўгити ёшлар учун ибрат мактабидир. Жойларда ўтказилинаётган “Уч авлод” учрашувлари ёшларни тафаккур қилишга, юрт истиқболи учун масъулиятли бўлишга ундамоқда. Бундай тадбирларда ўтган кунларни хотирлаш, бугунги ўзгаришларга шукроналар айтиш, келажак сари катта мақсадлар белгилаб олишга хизмат қилади. Бунёдкорлик ишларига томошабин бўлиб эмас,  камарбаста бўлиш, юртимиз тараққиётига даҳлдорлик билан яшаш ёшларнинг бурчидир. Кўтаринки кайфият, нуронийлар билан бўлган мулоқотлар ёшларга кўп нарса беради.

Сўнгги уч-тўрт йил ичида мамлакатимиздаги туб ислоҳотлар, ўзгаришлар шаҳару қишлоқларимизга файз киритди. Бу ёшларнинг олдига улуғ мақсадлар қўйиб, уларни ҳаётга янада теранроқ қарашга ундамоқда. Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган бундай маънавий-маърифий тадбирлар юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланиб улгурди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги байрами муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу ғоя асосида Зомин туманида ўтказилган ана шундай учрашувлар жиззахликларни  шукуҳли муҳитда бирлаштирди.

Жорий йилнинг 9-10 октябрь кунлари Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон Республикаларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари вилоятимизга ташриф буюришди. Жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, воҳамиз ҳудудларида олиб борилаётган ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи ва маданияти билан яқиндан танишиш мақсадида ташриф буюрган элчиларга вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳамроҳлик қилди.

Тоғли ҳудудларнинг мавжуд туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш, халқаро умуммавсумий курортлар, меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинган эди.

Туманнинг “Дуоба" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди туристик қишлоқ сифатида эътироф этилган. 5175 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада 4 та мактаб, 2 та МТТ, 4 та дам олиш оромгоҳи, 2та пансионат, 3 та болалар оромгоҳи , 150 та уй меҳмонхоналари, кемпинглар фаолият кўрсатмоқда.

Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон Республикаларининг мамлакатимиздаги Фавқулотда ва Мухтор элчилари Ибрагим Жунусов, Дархан Сатыбалды, Язкули Маммедов, Абдужаббор Рахмонзода, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Турсунхон Худойбергенов, республика Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев, республика Қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматулла Жабборов ва бошқа расмий меҳмонлар ҳудуддаги 8-умумтаълим мактабида нон-туз билан кутиб олинди.

Асрлар давомида шу табаррук заминда қардош қирғиз ва ўзбек халқларининг тинч-тотув яшаб келаётганлиги, ўзаро дўстона муносабатларни ҳозирги замон ёшлари онгига сингдириш, қардош миллатлар ўртасидаги қон-қардошликни янада мустаҳкамлаш ғояларига қурилган маънавий-маърифий тадбирда  44-умумтаълим мактаби қошида фаолият олиб бораётган “Бермет” ҳаваскорлик жамоасининг чиқишлари меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Дўстлик, тинчлик, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Меҳмонлар 8-умумтаълим мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар. 420 ўринли билим маскани қайта таъмирланиб, 33 нафар педагог ёшларга таълим-тарбия бериб келаётир. Замонавий ва ёруғ синфларда қишлоқ ёшлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

Мактабда ташкил этилган қирғиз миллатига хос бўлган рўзғор буюмлари, ҳунармандчилик намуналари, миллий либослар, таомлар, чолғу созлари, халқ амалий санъати асарлари кўргазмаси меҳмонларда қизиқиш уйғотди. Манас эпосидан моҳирона парча ўқиган Озодбек Хасанов,  чонг эна (буви)сидан овузқомуз чалишни ўрганган Мадина Абдурашидова, дўмбира чертаётган 86 ёшли Эгамберди Тўқсонов ижросидаги куй ва термалар тадбир иштирокчилари эътиборини тортди.

Элчилар ва бошқа меҳмонлар маҳалла гузарида тадбиркор Юсуф Шойзоқов томонидан барпо этилган мажмуа  билан танишдилар. Иккки қаватли бинода тўй ва тантаналар маскани, гўзаллик салони, савдо ва маиший хизмат шоҳобчалари, тикувчилик цехи фаолият кўрсатмоқда. Муяссар Шодиқулова бошчилигида 20 нафар қишлоқ хотин-қизлари 8 турдаги кийим-кечаклар тайёрланиб, буюртма асосида мижозларга етказиб берилаётир.  Касб-ҳунар ўрганишни истовчилар учун даргоҳ эшиклари доим очиқ.

Шу куни давлат хизматлари маркази томонидан маҳалладаги икки нафар оиланинг қонуний никоҳи қайд этилиб,   яна икки нафар оилага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар расмийлаштирилиб, ҳужжатларни эгаларига  Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев тантанали равишда топширди.

Тадбир иштирокчилари “Дуоба” оилавий шифокор пунктига ҳам ташриф буюришди. 15 нафар тиббиёт ходимлари 4518 нафар аҳолига  хизмат кўрсатади. Жорий таъмирланган тиббий пунктда лоборатория ва ташхис қўйиш жиҳозлари ўрнатилган. Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оилавий шифокор пунктига битта замонавий тез тиббий ёрдам автомашинаси совға қилинди.

Дуобаликлар қозон патир, сарёғ, қуртова, чавати, умоч, бодом оши каби тансиқ нон ва таомлари, сут ва сут маҳсулотлари билан машхўр. Меҳмонлар ташриф давомида хушхўр ва тансиқ таомлардан татиб кўришди.

Куннинг иккинчи ярмида Пешоғор аҳли меҳмонлар ва вилоятимизнинг кенг жамоатчилик  вакилларини қарши олди. Жорий йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида Пешоғор ва унинг атрофидаги 15 та қишлоқда кенг кўламдаги ободонлантириш ишлари олиб борилди. Жумладан, Навоий ҚФЙ ҳудудидаги Ғўлба, Шўрча, Аржа, Тоғайтопи аҳоли пунктларидаги 235 та хонадонларнинг ташқи ва ички кўринишлари тартибга келтирилди. 21 километр ички йўлларга шағал, 6 километр ҳудуддан ўтган магистриал йўл кенгайтирилиб, асфальт ётқизилди. 27-,48-,41-умумтаълим мактаблари жорий таъмирланди. Қишлоққа тоза ичимлик суви тармоқлари тортилмоқда. Шўрча аҳоли пункти ҳудудидаги 500 гектар лалми майдон ўзлаштирилиб, 8 та артизиан қудуғи ковланди. Томчилатиб суғоришга мўлжалланган 200 метрлик сув ҳавзаси барпо этилди. Ёшлар дафтарига киритилган 100 нафар ўғил-қизга 50 сотихдан ер майдони ажратилди. 

Бугун яшилликка бурканган далалар, сув ҳавзаси атрофи пешоғорликларнинг дам оладиган севимли масканига айланган. Бежизга бу ер “Уч авлод” учрашуви  ўтказиш учун танланмаган. Байрамона безатилган майдон узра қардош халқларнинг байроқлари ҳилпирайди. Байрам сайли иштирокчиларини сув ҳавзаси бўйига ўрнатилган олтита ўтов беихтиёр ўзига жалб этади. Ҳар бир ўтов қозоқ, қирғиз, туркман, тожик, корейс, татар, рус миллий маданий марказлари томонидан ўзига хос тарзда безатилган. Ҳар бир ўтовда ўша халқнинг маданияти, урф-одати, қадриятлари акс эттирилган. Шу куни Жиззах шаҳридаги “Дўстлик уйига” вилоят ҳокими томонидан”Дамас” автомобилининг калити совға қилинди. Мазкур автоулов вилоятимиздаги  миллий маданий марказлар учун хизмат кўрсатади.

Вилоятимиз деҳқонлари томонидан етиштирилган полиз, сабзавот, узум,  мева ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси тадбир иштирокчиларида она заминга бўлган меҳр ҳиссини янада оширади. Вилоятимиз ҳунармандлари томонидан намойиш этилган кўргазмалар ранг-баранглилиги, унутилаётган турларни қайта тиклаб, оммалаштирилаётгани билан муҳим аҳамият касб этади. Спортчилар, “Темурийлар издошлари” нодавлат таълим ташкилоти  ўқувчиларининг чиқишлари, халқ дасталари ва миллий маданий марказлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ёшу-қарини рақсга чорлади.

Сув ҳавзаси бўйидаги байрамона муҳит  “Уч авлод” учрашуви тадбирига уланиб кетди. Ёшларнинг дунёқарашини тарбиялаш, ватанпарварлик ғояларини қадрлаш, аждодларимиз анъаналарини асраш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, турли миллатлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, яқин қўшниларимиз билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган  тадбирда республика фавқулодда вазиятлар вазири Турсунхон Худойбергенов, вилоят ҳокими Эргаш Салиев, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон Республикаларининг мамлакатимиздаги фавқулотда ва мухтор элчилари иштирок этишди ва сўзга чиқдилар.

Уч авлод учрашуви обод манзилни янада мунаввар этди. Ўтган беш йил мобайнида амалга оширилган давлат дастурлари, воҳа ҳаётида содир бўлган ўзгаришлар катта экранда тўпланганларга ҳавола этилди.

Авлодлар орасидаги олтин занжир—Ватан равнақи ва халқ манфаати йўлидаги бирлик, эзгу мақсадлар сари ҳамкорлик ва жипсликдаги ҳаракат  шу куни барчани бирлаштирди. Ўзаро суҳбат ва мулоқотларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамҳўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият бериш устувор вазифага айлангани бот-бот таъкидланди.

Отахон ва онахонларимизнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақидаги дил сўзларини, самимий фикрларини билдиришди. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган суҳбатнинг бош мавзуси бўлди.

Тадбирда вилоятимизнинг бир гуруҳ нуронийлари, ишлаб чиқариш илғорлари, иқтидорли ёшларга Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги эсдалик нишонлари топширилди. Ватанимизнинг юксак мукофотларига лойиқ кўрилган турли соҳа вакиллари ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган отахон ва онахонлар, ёшлар файзли оқшомда ўзлари учун янги марраларни белгилаб олишди. Янги Ўзбекистон учун янги ташаббус, ғоялар илгари сурилган бундай мулоқотлар келгусида юртимиз тараққиётини янада чўққиларга олиб чиқишига хизмат қилади.

Вилоятимизда меҳмон бўлиб турган Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон Республикаларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Мухтор элчилари ташрифнинг иккинчи куни вилоят ҳокими ҳамроҳлигида  Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов ҳайкали пойига гуллар қўйишди ва атоқли давлат ва жамият арбобига ҳурмат бажо келтиришди.  Адиб номи билан аталувчи ҳиёбон ва бу ерда экилган турфа манзарали дарахтлар меҳмонлар эътиборини тортди. Сўнгра элчилар Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳайкали пойига ҳам гул қўйдилар. Бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним,  Шароф Рашидов ёдгорлик музейларига ташриф буюришди. Айниқса, Шароф Рашидовнинг махсус вагони меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Элчилар музейдаги фахрий меҳмонлар китобига эсдалик дастхатини қолдиришди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернатга қадам ранжида қилган  меҳмонлар эътиборига ўқувчилар қардош миллатлар ва инглиз тилида ёд олган шеърлардан парчалар ўқиб, билим маскани ҳақида ҳикоя қилиб бердилар. Элчилар томонидан зукко ёшларга эсдалик совғалари топширилди.            

Ташриф дастури доирасида меҳмонлар Жиззах шаҳридаги велоспортнинг ВМХ йўналиши бўйича янги қурилган трассада спортчиларнинг маҳоратига баҳо беришди. Марказий Осиёда ягона саналган трассада жорий йилнинг ўтаётган мазкур октябрь ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистон чемпионати, декабрда эса Осиё кубоги халқаро мусобақаларининг ўтказилиши режалаштирилган.  3400 нафар томошабин олипия ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган экстримал велопойгаларни бевосита ўйингоҳдан кузатиш имкониятига эга. Спорт мажмуасида 4та сунъий қопламали футбол майдони, 4 та теннис кортида ёшлар маҳоратларини оширишмоқда. 100 ўринли ётоқхона қурилиши давом этмоқда. Мажмуада шунингдек, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари барпо этилади.

Халқимиз эртасининг қандай бўлиши фарзандларимиз бугун қандай таълим-тарбия олишларига боғлиқ. Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон Республикаларининг мамлакатимиздаги элчилари Жиззах шаҳридаги 29-сон меҳрибонлик уйига ташриф буюрдилар. Тарбияланувчиларга яратилган шароитлар билан танишган элчилар эътиборига муассаса ўқувчилари томонидан концерт дастури ҳавола этилди. Элчилар томонидан меҳрибонлик уйига 100 дан ортиқ бадиий китоблар совға қилинди.

Меҳмонлар дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси (IT Park) Жиззах филиалида ҳам бўлишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган Ҳиндистоннинг ахборот ва технология компаниялари билан ҳамкорликда дастурий таъминот ишлаб чиқиш, стартапларни жадаллаштириш бўйича илғор тажрибалари асосида ташкил этилган IT Park фаолияти билан танишдилар. Лойиҳа қиймати 5,3 миллиард сўмни ташкил этувчи филиалда 20 нафар ёшлар иш ўрни билан таъминланган.

Элчиларда Янги Ўзбекистон манзарасини ёрқин рангларда ифода этган кўча ва ҳиёбонлар, замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар билан танишувларнинг ҳар бири илиқ таассурот уйғотганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Ибрагим ЖУНУСОВ: Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси: — Тажрибаларни ўрганиш керак. Бу борада Ўзбекистон барча қардош мамлакатларни ҳавасини орттираётгани рост гап. Мамлакатингиздаги улкан ўзгаришлар, туб ислоҳотларни жаҳон ҳамжамияти кўриб турибди. Юртингизга келиш истагидагилар ҳар жойда топилади. Қирғизларда   “Достук бар жерде береке болот”ёки “Дос менен абат уйун” деган мазмундаги мақоллар ўзбекларда ҳам учрайди, ўхшаш. Истагим икки халқнинг дўстлиги абадий бўлсин.

Абдужаббор РАХМОНЗОДА: Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси:—Президентингиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” давлат дастурлари ижроси натижасида Ўзбекистоннинг чекка ва олис ҳудудларида аҳоли учун яратилаётган шароитлар, шаҳардан қолишмайдиган турмуш тарзи, энг асосийси, одамларни ҳаётдан рози бўлишига қаратилган эзгу ишлар таҳсинга лойиқ. Қанчадан-қанча гўзал қишлоқлар, махаллаларда бўлдик. Бундай ободлик шабадалари ҳали ҳам давом этмоқда.  Бундай хайрли ишлар халқингизни янги марралар сари чорлашига ҳеч шубҳам йўқ.

Язкули МАММЕДОВ: Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси:— Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Яқинда мамлакатингизга  Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Ўзаро мулоқотларда икки қардош мамлакатлар раҳбарлари   бир қатор муҳим шартномаларга имзо чекишди.  Дини, тили, анъаналари, қадриятлари бир ва ўхшаш, дўстлик ва қардошлик занжирларини мустаҳкам боғлаётган халқларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик, биродарлик алоқалари кенгаяверсин. Дўстлигимиз абадий бўлсин.

Дархан САТЫБАЛДЫ: Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси—Юртингизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари  истиқомат қилади. Улар қаторида қозоқлар ҳам мамлакатингизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида фаол иштирок этиб, ўз салоҳиятларини шу юрт ободлиги йўлида сарфлашаяпти.  Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари  бағрикенг, меҳмондўст, жонажон ва қадрдон Ватани билан ҳақли равишда фахрланади, ғурурланади. Розилик бўлган жойда барака, муваффақият бўлади. Бу борада Ўзбекистон барча кўприкларни, йўлларни  бирлаштирувчи маконга айланаётгани ҳақиқат. Дўстлигимизга кўз тегмасин.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!