» » Жиззахда вояга етмаганлар томонидан 9 ойда қанча жиноят содир этилгани очиқланди

Жиззахда вояга етмаганлар томонидан 9 ойда қанча жиноят содир этилгани очиқланди

22 октябрь 2021 г 1 271 Комментарии: 0

Жиззах шаҳар давлат хизматлари марказида “Жиззах шаҳрида жорий йилда вояга етмаганлар ишлари бўйича Жиззах шаҳар идоралараро комиссияси томонидан олиб борилган ишлар, камчиликлар, истиқболли режалар” ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти мавзусига бағишланган журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов жорий йилнинг ўтган даври мобайнида комиссия томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва тиклаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Жиззах шаҳрида жами аҳоли сони 65 минг 760 нафар, шундан 27 фоизидан кўпроғини вояга етмаганлар ташкил этади. Шаҳар ҳудудидаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус касб-ҳунар мактаблари, академик лицейларда ҳамда мактабгача таълим муассасаларида жами 47 мингдан зиёд вояга етмаган болалар таълим тарбия олаётир.

Комиссия раисининг қарорига кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 18 нафар болага васийлик, 1 нафар болага ҳомийлик белгиланиб, 1 нафарига васийликдан оилага қайтарилди. Ота-она қарамоғидан вақтинча маҳрум бўлган 97 нафар вояга етмаган бола аниқланиб, уларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик белгиланиши юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.  

Ҳозирги кунда шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида 45 нафар чин етим болалар таълим олмоқда, улар маҳалла фуқаролар йиғини, ҳомийлар ва ҳокимлик томонидан моддий қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Шунингдек, 99 нафар ногиронлиги бўлган болага уй таълими тайинланган бўлиб, уларнинг ҳар бирига халқ таълими бўлими томонидан дарсликлар, зарур жиҳозлар, тиббиёт бирлашмаси томонидан ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатиб борилиши назоратга олинган.  

Шаҳар ҳудудида шу давргача 2 минг 830 та туғилиш қайд этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 265 тага камайгани, гўдаклар ўлими жами 16 та қайд этилган бўлса, жорий йилда 2 тага камайганини кўриш мумкин. Ногиронлиги бўлган 6 нафар болага реабилитация техник воситалари етказиб берилди.

Айни пайтда шаҳар пенсия таъминоти жамғармаси томонидан 812 нафар болага ногиронлик нафақалари ўз вақтида тўлаб келинмоқда. Шаҳар ҳудудида комиссия аъзолари ва ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан 9 ой давомида вояга етмаганлар томонидан 7 та жиноят содир этилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўзгаришсиз қолган. Бундан ташқари, комиссия таклифи ва тўпланган хужжатларга асосланиб ўз фарзандини ноқонуний равишда чет давлатлардаги таълим муассасаларига жўнатган 7 нафар ота-она суд қарори билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Комиссиянинг жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига киритган илтимосномасига асосан 1 нафар вояга етмаган ўқувчи республика қиз болалар махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилди.  

Шунингдек, фуқароларнинг бевосита мурожаатларини қаноатлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-, 14-моддаси талабларига кўра, 70 нафарга яқин боланинг ўқишларини чет давлатларига кўчиришга рухсат берилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!