» » Жиззахда Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқларини тикламоқда

Жиззахда Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқларини тикламоқда

16 ноябрь 2021 г 1 081 Комментарии: 0

Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳамкорликда ишлашда – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман Жиззах вилояти девони ходимлари ҳам фаол фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида Бизнес-омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги ходимлари иш юритувига 417 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 388 та мурожаат кўриб чиқилган. 206 та мурожаат қаноатлантирилиб, 182 тасига қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 17 та мурожаат Вакилнинг кўриб чиқиш доирасига кирмаган масалалар бўлгани сабабли тегишлилиги бўйича мутасадди идораларга юборилган ва 12 та мурожаат кейинги ҳисобот даврига қолдиқ бўлиб ўтган.

Ушбу мурожаатларнинг 50 дан ортиғи ер ажратилиши, тадбиркорга тегишли бўлган ер майдонларини ноқонуний олиб қўйиш каби муаммолар ҳисобланади. Бу каби мурожаатлар юзасидан қонуний ечимни таъминлаш мақсадида Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан тегишли идораларга 10 дан ортиқ огоҳлантиришлар берилган.

Ана шундай мурожаатлардан бири Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан ер ажратиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиб, ери тортиб олинган “Samin novostroy” масъулияти чекланган жамияти томонидан бўлган.

Мазкур жамиятга 2019 йил 16 майда вилоят ҳокимининг қарори билан Шароф Рашидов тумани ҳудудидан 5 гектар яйлов ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган. Аммо 2020 йил 26 ноябрга келиб, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилиб, жамиятга ажратилган ер майдони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талабларига зид равишда “E-IJRO AUKSION” электрон савдосисиз, тўғридан-тўғри ажратилганлиги сабабли ер ажратиш тўғрисида қарорни бекор қилиш сўралган. Натижада, 2020 йил 28 ноябрда вилоят ҳокимияти томонидан тадбиркорга ажратилган ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинган.

Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан жамият фаолияти ўрганилганда жамият аъзолари ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш мақсадида акциядорлик тижорат “Алоқа банк” Жиззах филиалидан 2019 йилнинг ноябрь ойида 4 йил муддатга 400 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи олинганлиги аниқланди. Ушбу олинган маблағ эвазига Хитой давлатидан суюқ бетон ва плита ишлаб чиқариш минизаводини олиб келиб, зиммаларига юклатилган 8 миллиард 670 миллион сўмлик инвестиция киритиш мажбуриятини тўлиқ бажарган. Бутун дунёда коронавирус пандемияси сабабли ушбу минизавод жорий йилнинг май ойида ишга туширилди ва натижада 25 та янги иш ўрни яратилди.

– “Samin novostroy” МЧЖда айни пайтда кунига 20 дона плита, 40 дона пойдевор блоки ва 80 куб суюқ бетон ишлаб чиқарилмоқда, – дейди Бизнес омбудсман девони етакчи инспектори Асил Эргашев. – Мазкур жамиятга қарашли минизаводда қўшимча 15 та янги иш ўрни яратиш ва ушбу иш ўринларга “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган банд бўлмаган ёшларни ишга қабул қилиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган. Шу боис тадбиркорнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида Жиззах туманлараро маъмурий судига қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида ариза киритиб, тадбиркорнинг ҳуқуқини тиклашда кўмаклашдик.

Аммо минг афсуски, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қонун билан ҳимоя қилинган бўлсада, улар фаолиятига тўсқинлик қилаётган айрим “мансабдор” шахслар ҳамон учраб турибди.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!