» » Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига мурожаати

Жиззах вилояти ҳокимининг вилоят аҳлига мурожаати

01 декабрь 2021 г 624 Комментарии: 0

Ассалому алайкум, ҳурматли Жиззахликлар!

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган селектор йиғилишида “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш ҳамда дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш топшириқлари берилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилгани таъкидланди.

Албатта, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси шаҳар ва қишлоқларимизни яшил майдонга айлантириш, гўзал боғ-роғлар барпо этиш имконини беради. Бу борадаги ишлар эса Жиззах вилоятида ҳам жадал суръатларда бошлаб юборилди.

Режамизга асосан вилоятда 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида жами 15 млн. 840 минг дона, шундан куз мавсумида 5,9 млн. дона ва 2022 йилнинг баҳор мавсумида 9,9 млн. дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган.

Ушбу белгиланган режалар соҳалар ҳамда корхоналар кесимида тақсимот қилиниб, автомобиль йўллари ёқасида 81 минг дона, қишлоқ хўжалиги ерларида, иҳота  дарахтзорлар барпо этиладиган ерларда 500 минг.дона,  фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларида 5,8 млн.дона, ижтимоий соҳа  (мактаб, касалхона, ўқув юртлари) объектлари ва ташкилотлар ҳудудларида 652 минг дона ва туман (шаҳар)лардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа объектлар ҳудудларида 8,9 млн дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари, шунингдек, қаламчалар экилиши белгиланган.

Ушбу тадбирларни мувофиқлаштириш учун вилоят ҳокимлигида штаб ташкил қилиниб, доимий назорат ўрнатилган.

Бугунги кунга қадар вилоят бўйича барча ташкилот, кластер ва фермер хўжаликлари ва аҳоли ҳонадонларида 5,2 млн. дона мевали ва манзарали, бута ва тут кўчатлари экилди. Кўчат экиш ишларига 60 минг нафардан ортиқ аҳоли жалб қилинди ҳамда кўчат экиш ишлари уюшқоқлик билан кўтаринки руҳда, байрам кайфиятида давом этмоқда.

Қадрли юртдошлар!

Аслида, кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизга хос эзгу фазилат. Миллий удумларимизга кўра, оилада ўғил бола туғилса, унга атаб ниҳол экилади. Фарзанд вояга етгунча, ёш кўчатлар улкан дарахтларга айланган. Диний қадриятларимизда ҳам кўчат экиш инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам савоб етказиб турадиган эзгу амал экани таъкидланади.

Агарки, бир киши  биттадан кўчат экканда ҳам, минглаб боғ ва гулзорлар барпо бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Мазкур хайрли ишларда нуроний отахону онахонлар бош-қош бўлиб, ёшларни бунёдкорлик тадбирларида фаоллик кўрсатишга ундаши нур устига нур. Уюшқоқлик ва юқори савияда ташкил этилган ҳар бир иш албатта кун келиб ўз натижасини бериши аниқ. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни обод қилиш ва уни келгуси авлод учун ҳам асраб авайлаш, барчамиз учун бирдек эзгу ишдир.

Шундай экан, мен барчангизни ҳаётимизда муҳим роль ўйнайдиган, шундай фойдали бўлган неъмат–дарахт ўтқазишга ва яшил оламни асраб-авайлашга чақираман.

"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш, кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Долзарб 40 кунлик” ишларида нафақат вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлиги, балки барча давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбар ва ходимлари, аҳоли вакиллари ҳам фаол иштирок этсалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Таъбир жоиз бўлса, яна бир нарсани айтиб ўтиш лозим, биз дўпписида сув ташиб бўлса ҳам дарахт кўкартиришга одатланган халқмиз. Ерга қадаган ниҳолларимиз кўкка бўй чўзиб, серсоя ва серҳосил дарахтга айланади.

Бугун уларни парваришлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!