» » Вилоят прокуратураси томонидан Шароф Рашидов ва Пахтакор туманида сайёр қабул ва ёшлар билан учрашув ўтказилди

Вилоят прокуратураси томонидан Шароф Рашидов ва Пахтакор туманида сайёр қабул ва ёшлар билан учрашув ўтказилди

13 декабрь 2021 г 834 Комментарии: 0

Жиззах вилоят прокуратураси томонидан Шароф Рашидов ҳамда Пахтакор туманлари аҳолиси учун навбатдаги сайёр қабул ва ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Вилоятда давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар моҳиятини англаган, зиммасидаги масъулиятини ҳис этган раҳбар борки, халқ билан яқин бўлишга, халқ орасига кириб боришга, юзма-юз мулоқот қилишга, уларнинг дарду ташвишларини тинглашга интилиб, мулоқотнинг самарали усулларидан фойдаланмоқда.

Икки туман аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар томонидан келиб тушган 80 дан зиёд мурожаатнинг 24 таси жойида ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар ўрганиш ва ижроси вақт талаб қилганлиги боис назоратга олинди.

Шунингдек, қабул давомида, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган 8 нафар ёшга имтиёзли кредит ажратилганлиги тўғрисида сертификат, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган бир қатор эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 3 дона тикув машинаси, 5 нафарига кийим-кечак, 7 нафарига 1 миллион сўмдан моддий ёрдам пуллари ҳамда ўзини-ўзи банд қилишларини таъминлаш мақсадида 13 нафарига электр печлари ва асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

– Бичиш-тикиш қўлимдан келади, лекин тикув машинам бўлмаганлиги сабаб уйда бекор ўтирардим, – дейди Шароф Рашидов туманида яшовчи, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган Айша Раҳмонқулова. – Сайёр қабулда менга тикув машинаси берилди. Энди уйда ўтириб ҳам бичув-тикув билан бемалол шуғулланиб, оилавий бюджетимизга ўз ҳиссамни қўшаман. Яна ўзини ўзи банд қилиш орқали меҳнат стажим ортиб борар экан.

– “Ёшлар дафтари” рўйхатида тураман, турли пишириқларни тайёрлаш қўлимдан келади, лекин имкониятим йўқ эди, шу сабабли менга электр печ беришди, – дейди пахтакорлик Шаббона Мирмаликова. – Мана энди даромад топиш манбаим бор, ўз оилавий бизнесимни йўлга қўяман. Мақсадим, тайёрлаган маҳсулотларимни сотиб, даромадимни ошириш. Яқин келажакда келадиган даромад ҳисобига фаолиятимни янада кенгайтириб, банкдан кредит олмоқчиман. Ишлаб чиқариш тури, миқдори ва албатта сифатини ошириб, оилавий тадбиркорлигимни йўлга қўяман.

Бундан ташқари, сайёр қабул жараёнида 3 нафар мурожаатчи даволаниши учун республика ва маҳаллий шифохоналарга ордер, 7 нафар фуқаро реабилитация ва ортопедик воситалар билан таъминланадиган бўлди.

Ҳар икки туман бўйича касб-ҳунарга ўргатишларини сўраб мурожаат қилган ёшларнинг рўйхати шакиллантирилди ва ҳудудлардаги касб-ҳунарга ўргатиш қисқа муддатли ўқув марказларига йўналтирилди.

Учрашувдаги аҳоли ва ёшларнинг ҳар бир мурожаати прокуратуранинг қатъий назоратига олинди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!