Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах шаҳрида “Sambhram” университети расман очилди
21 декабрь 2021 г 2 323 Комментарии: 0
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги “Жиззах шаҳрида “Sambhram” университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ушбу олийгоҳ очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Маросимда вилоят ҳокими Эргаш Салиев, “Sambhram Group” раҳбари, доктор Нагарадж Венкетеж ва бошқалар сўзга чиқиб, таррақиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч – илм-фан, таълим ва тарбияда эканлигини, Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағ йўналтирилаётганини таъкидлади. Натижада мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий тадқиқот муассасалари фаолиятида янгидан-янги сифат ўзгаришлари рўй бераётгани қайд этилди.
Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда ҳар бир ҳудудда камида битта нодавлат олий ўқув юрти ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ахборот технологияларини ривожлантириш ва соҳада малакали кадрлар тайёрлаш олий таълим муассасалари олдида турган устувор вазифалардан биридир. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси бунга яққол мисол бўла олади. Ана шу устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги “Жиззах шаҳрида “Sambhram” университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан вилоят марказида ушбу университет ташкил этилди.
Самбхрам университети Ҳиндистоннинг Бангалор провинциясида жойлашган, – деди Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев. – Провинция бундан 25 йил олдин мамлакатнинг энг қолоқ ҳудудлардан бири бўлган. IT (АйТи) соҳасига берилган эътибор натижасида бугун мазкур провинцияда 45 миллиард долларлик IT маҳсулотлари экспорти амалга оширилмоқда. Ҳудуд иқтисодиётининг 60 фоизини айнан мазкур соҳа ташкил этади. Натижада Бангалор бугун Ҳиндистоннинг энг илғор ҳудудларидан бирига айланди.
Тадбирдан сўнг доктор жаноб В.Нагараж меҳмонларга университет рамзий совғаларини топширди. Сўнг Жиззах шаҳридаги Самбрам университети расман фаолиятини бошлагани эълон қилинди ва иштирокчилар университет компьютер лабораторияси билан таништирилди. “Sambhram” университети (Ҳиндистон) нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, унда ўқитиш кундузги таълим шаклида, инглиз тилида ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Университетда 2021-2022 ўқув йилида 1 минг 501 нафар талаба, таълим муддати 4 йил бўлган (кундузги) 3 та бакалавр йўналиш ва таълим муддати 2 йил бўлган 2 та магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилинди. Ушбу университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.
Университет ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш каби йўналишларда таълим дастурларини амалга оширади. Маълумот учун, бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 27 миллиард сўм маблағ ажратилди. Университет ўқув биноси компьютерлар билан тўлиқ жиҳозланган лаборатория хоналари, 180 ўринли конференциялар зали, 200 ўринли ошхона биноси тўлиқ реконструкциядан чиқарилиб, ўқиш жараёнлари тўлиқ бошланди.
Бугунги кунда университетда 260 ўринли талабалар ётоқхонаси ҳамда 100 ўринли профессор-ўқитувчилар учун меҳмонхона биноси таъмирланмоқда. Университет фаолиятига Ҳиндистондан 6 нафар ва Ўзбекистондан 30 нафар профессор-ўқитувчи жалб этилган бўлиб, умумий илмий салоҳият 30 фоизни ташкил этади.
А.Қаюмов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!