Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Мақсад – ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга йўналтириш
29 декабрь 2021 г 667 Комментарии: 0
Ушбу семинар – Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди. Ўқув-семинарда бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, банд бўлмаган фуқароларни касбларга жалб этиш ва уларни ўқитиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбирда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш техникаларини бошқарувчи тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаси ташкил этилгани, унинг амалий тасдиғидир.
– Бу ерда ўқиш истагида бўлган ўқувчиларнинг назарий ва амалий дарс машғулотларини олиб бориши учун барча қулайликлар яратилган, – дейди инспекциянинг Мирзачўл туман бўлими катта инспектори Санжар Норқулов. – Бу ерда 3 ой таҳсил олган битирувчилар эса сертификат асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши мумкин. Айни пайтда, марказда 100 нафар ўқувчи ўқитилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг асосий қисмини “Ёшлар дафтари” рўйхатидан ўрин олган фуқаролар ташкил этади. Бу каби ўқув марказларининг фаолияти кўпгина масалаларни ҳал этибгина қолмай, соҳада юзага келиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, ҳужжатсиз қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқаришнинг олдини олишига ҳам хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар инспекциянинг туман бўлими томонидан ушбу ўқув марказини битирган жами 480 нафар жисмоний ва юридик шахс янги типдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олди. Семинар давомида иштирокчилар ўқув марказидаги шарт-шароитлар билан таништирилди.
А.Қаюмов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!