Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ўтказилаётган "Ёшлар ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар Жиззах вилоятида ҳам кўтаринки руҳда бошланди.
Иштирокчилар дастлаб, оғир ва мураккаб даврда халқ фаровонлиги йўлида фидойи хизмат қилган давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Шундан сўнг фан-таълим, маданият соҳаси вакиллари, устоз-мураббийлар, ҳар жабҳада фаол ёшлардан таркиб топган Республика ишчи гуруҳи аъзолари Зомин туманига етиб келди.
"Ёшлар ҳафталиги”нинг ўзига хос жиҳати нималарда намоён бўлади, унинг доирасида қандай лойиҳалар амалга оширилиши кўзланган?
"Ёшлар ҳафталиги” ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга садоқатли бўлиш каби фазилатларни шакллантиришни мақсад қилган. Қолаверса, лойиҳа негизида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ёт ғоялардан асраш, спортга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, ажримларнинг олдини олиш, ижтимоий ҳимоя, баркамол авлодни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш ғоялари акс этади.
Таъкидлаш жоизки, Жиззахда 542 мактаб, 78 академик лицей, 2 олий таълим муассасаси фаолият юритади. Ҳафталик доирасидаги тадбирларда 10 мингга яқин ёшлар қамраб олиниши мақсад қилинган.
Ҳафталикнинг илк кунида фан, санъат, маданият, Ёшлар иттифоқи масъул ходимларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги истироҳат боғида ёш ижодкорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. 200 нафардан ортиқ ёш ижодкор иштирок этган тадбирда 70 га яқин истеъдодли ёшлар кашф этилди. Бир гуруҳ ёшлар Республика ёш ижодкорлар кенгаши аъзолигига қабул қилинди.
...Эрта тонгдан Зоминнинг оромбахш, тоза ҳавосидан тўйиб нафас олган ёшларнинг кайфияти аъло. Юз-кўзларида келажакка бўлган ишонч акс этиб турибди. 500 га яқин ёшлар ўртасида спортнинг сузиш, воллейбол, баскетбол, футбол турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди, югуриш марафони бўлиб ўтди. Ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари, дипломлар билан тақдирланди.
"Ёшлар ҳафталиги” доирасида 75 мактабнинг 150 нафар "Иттифоқ" ва "Камалак" сардорлари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ўқитувчилари томонидан ташкил этилган семинарда Сардорлар кенгаши тузилмасининг аҳамияти ҳақида батафсил тушунча берилди. Янги ўқув йилидаги янгиликлар, сардорлик кўникмалари, "Тенгдош тенгдошга" тамойили бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Ҳафталикнинг муҳим аҳамиятли воқеаси – 7 нафар ажрим ёқасида турган ёш оилалар яраштирилгани бўлди. Жиноятга мойил бўлган 11 нафар ёш соғлом ҳаётга қайтарилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор 2 нафар ёшга уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачаси ҳадя қилинди.
"Ёшлар ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар 22 сентябрга қадар вилоятнинг барча туманларида давом этади.
ЎзА
скачать dle 12.0