» » Арнасойнинг “Бахтли” МФЙ аҳолисига сайёр хизмат кўрсатилди

Арнасойнинг “Бахтли” МФЙ аҳолисига сайёр хизмат кўрсатилди

24 январь 2022 г 776 Комментарии: 0

Арнасой - Жиззах вилоятининг чўл ҳудудидаги деҳқончилик, чорвачилик, енгил саноат ва балиқчиликка ихтисослашган тумани ҳисобланади. 1975 йилда ташкил топган туманда бугунги кунда 50 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Фориш, Мирзачўл, Зафаробод ва Пахтакор туманлари билан чегарадош.

Айни пайтда ҳудуддаги 13 та МФЙларида 6770 та хонадон мавжуд.

Ўтган ҳафтанинг шанба куни Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси ҳамда туман ДХМ ходимлари туман марказидан қарийб 30 км олисликда жойлашган “Бахтли” МФЙга ташриф буюришди. Ташрифдан кўзланган мақсад аҳолини қонунчиликдаги янгиликлар билан таништириш ва сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатишдан иборат бўлди.

Туман марказидан чиқиб кетар экансиз, чўл ҳудудининг ўзига хос совуғига қарамай, одамлар турли юмушлар билан бандлигининг гувоҳи бўласиз. Қум барханлари, Тузкон кўлининг бошланиш қисмлари орасидан ўтиб бораётган “Мобиль автобус” манзил сари тобора яқинлашиб борарди.  

“Бахтли” МФЙ Арнасой туманининг Фориш билан чегарадош ҳудуди саналади. 2000 йилга қадар бу ерда яшаган инсонлар асосан балиқ консерваси тайёрлаш билан шуғулланишган. Кейинчалик консерва заводининг ёпилиши туфайли, аҳолининг кундалик юмушлари ҳам ўзгариб борди. Асосан чорвачилик ва қисман деҳқончилик ривожланди. Айни пайтда бу ҳудудда экотуризм лойиҳаларини ривожлантириш борасида ишлар олиб бориляпти. Бу эса ушбу ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлаш, Айдаркўлга ташриф буюрадиган туристларга сервис хизматлари кўрсатиш имконини беради.

Ҳудудда жойлашган 18-мактаб олдида фуқаролар билан суҳбатлашилганда, ҳудуд аҳолисининг яйлов билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, мактаб залида фуқароларга Давлат хизматлари кўрсатиш борасида қонунчиликдаги янгиликлар тушунтириб ўтилди. Шундан сўнг  шу жойнинг ўзида кадастр, вақтинча яшаш жойига рўйхатга қўйиш, тадбиркорликни қайтадан рўйхатдан ўтказиш борасидаги ўнлаб мурожаатлар қабул қилинди. Афсуски, жойида хизмат кўрсатишнинг имкони мобиль интернет сигнали йўқлиги учун кўрсатилмади. Лекин муаммони ҳал этиш учун мурожаатчиларнинг ҳужжатларидан нусхалар олиниб, тез кунда натижаси маълум қилиниши билдирилди.


Айни пайтда ушбу ҳудуддаги оилаларнинг болалари учун “Маржона” оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. 2018 йилда тадбиркор Феруза Суванқулова томонидан ташкил этилган муассасада айни пайтда 25 нафар болалар тарбияланади. Ҳозирда фаолиятни кенгайтириш мақсадида банк кредитига эҳтиёж мавжуд.

Шунингдек, мазкур муассасада таълим сифатини ошириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган 18 турдаги методик қўлланмалар тадим этилди.

Шу куни маҳалла аҳолисининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ўзлари мустақил тарзда давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш имкониятлари юзасидан ҳам тушунчалар берилди.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!