Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик муҳимдир
26 январь 2022 г 703 Комментарии: 0
Бугунги кунда судларга фуқаролар ва юридик шахслар электрон шаклда ҳам мурожаат қилишлари мумкин, бошқа вилоятлар ва олис туманларда яшовчи фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида суд мажлислари видео-конференцалоқа режимида ўтказилмоқда, тарафлар рози бўлган ишлар юзасидан суд қарорлари интернет тармоғида эълон қилинмоқда.
Суд залларида аудиоёзув аппаратлари ўрнатилиб, тарафларнинг розилигига асосан суд мажлиси жараёнлари аудио ускуналарида ёзиб олинаётир.
Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, суд-ҳуқуқ тизимида тарихий ўзгаришга сабаб бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир нечта фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар билан суд органлари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифалари қўйилди.
Ўтган 2021 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди томонидан 5 минг 871 та – шундан ҳудудлар кесимида Жиззах шаҳри бўйича 2 минг 816 та, Шароф Рашидов туманида 2 минг 707 та ва Зафаробод тумани бўйича 348 та фуқаролик ишлари кўриб якунланган бўлиб, буларнинг 2 минг 666 таси ёки 45,4 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.
Ўтган йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судида кўрилган 5 минг 871 та фуқаролик ишларининг 5 минг 400 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган бўлиб, 231 та фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди ва 240 та даъво аризалар кўрилмасдан қолдирилган.
Йил давомида фуқаролардан 1 миллиард 773 миллион 659 минг 677 сўм солиқ қарздорлиги ва 168 миллион 90 минг 881 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Ишлар тоифаси бўйича таҳлил қилинганда ишга тиклаш 2020 йилда 66 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда 101 тага кўпайган. Кўрилган 101 та ишнинг 45 таси бўйича даъво ариза қаноатлантирилган. Меҳнат низоларининг кўпайиши таҳлил қилинганида йилдан-йилга ишлаб чиқариш, тадбиркорлик субъектларининг кўпайиши улардаги янги иш ўринларининг пайдо бўлиши билан бир вақтда меҳнат низоларининг ҳам кўпайишига олиб келмоқда.
Юқорида кўрсатилган даъво аризаларнинг қаноатлантирилган ишлар сони иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қарийб ҳар 2 тасидан 1 таси ноқонуний эканлигини билдиради.
Уй-жой низоси билан боғлиқ 130 та иш кўрилиб, 2020 йилга нисбатан 21 тага ортган. Бу тоифадаги низолар асосан оилавий ажримлардан кейин, келинларни уйга киритиш ёки уларни уйдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уйдан чиқариш, эр-хотиннинг ўртасидаги умумий уй-жойни бўлишдан келиб чиққан.
Битимлар билан боғлиқ кўрилган низолар сони 3 минг 460 та бўлиб, бу кўрсаткич 2020 йилда 922 тани ташкил этган. Ушбу рақамлар – асосан кредит муносабатларига оид низолар кўпайганлигини билдиради. Бунга сабаб фуқаролар томонидан кредит маблағидан мақсадли фойдаланмай, шартномавий мажбуриятларни лозим даражада бажармасликдир. Натижада фуқаролардан кредит қарзидан ташқари пеня, давлат божи, ижро йиғими ва суд қарорлари ихтиёрий ижро қилинмаганлиги сабабали жарималар ундирилган.
Бундан ташқари, фуқаролар ўртасида қарз олди-бердиси бирор бир ёзма ҳужжатсиз ва гаров мулкисиз амалга оширилмоқда. Шунингдек, гаров шартномаси тузиш ўрнига мулк, хусусан уй-жой олди-сотди шартномасини расмийлаштириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабига кўра кўчмас мулк олди-сотдиси нотариал тартибда амалга оширилиши лозим бўлиб, бу талабга риоя этилмаганлиги сабабали уй-жой ва автомашина олди-сотдисида низолар кўпайиб, ҳатто фирибгарлик жиноятлари кўпайган.
2020 йилга нисбатан олибганда оталикни белгилаш ҳақидаги ишлар 30 тадан 46 тага, алимент ундириш ҳақидаги суд буйруқлари 714 тадан 1 минг 14 тага, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишлар 11 тадан 19 тага, солиқ қарздорлигини ундириш ҳақида суд буйруғларини чиқариш 473 тадан 621 тага ортган.
Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар таҳлил этилганда, 2021 йил давомида суд томонидан 836 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишлари кўрилиб, улардан 291 тасининг никоҳи бекор қилинган. Афсуски ажримлар сони ҳам 2020 йилга нисбатан 40 тага, умумий келиб тушган даъво аризалар сони 2020 йилда 754 та бўлган 2021 йилда эса 851 тага ёки аввалги йилга нисбатан 97 тага кўпайган.
Никоҳдан ажрашишлар ортган маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш, ёш оилаларни никоҳга тайёрлаш, оила муқаддас эканини тушунтириш ишлари қониқарли эмас.
Биз, судьялар суд амалиётини доимий таҳлил қилиб бориб, қонун бузилишларни аниқлаб, ушбу соҳадаги камчиликларни қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш йўли билан бартараф этишимиз керак.
Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик кундалик қоидамиз, фаолиятимизнинг асосий мезони бўлади.
М.Зулфуқоров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Жиззах туманларарао суди раиси.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!