» » Парпи ойим зиёратгоҳи ёхуд Умай она эътиқодининг трансформациялашуви

Парпи ойим зиёратгоҳи ёхуд Умай она эътиқодининг трансформациялашуви

22 сентябрь 2018 г 4 403 Комментарии: 0

Барчамизга маълумки, инсоният тарихида юз берган муҳим аҳамиятга эга тарихий воқеа-ҳодисалар, инсон ҳаётини ўзгартирадиган кашфиётлар, шу билан бир қаторда кундаликҳаётнинг ажралмас қисми сифатида вужудга келган турли кўринишдаги эътиқодлар мавжуд.

Бу эътиқод ва шундан келиб чиқиб бажариладиган маросимларнинг ҳар бири маълум бир тарихий тараққиёт давомида инсон тафаккури маҳсули сифа­тида пайдо бўлган. Ҳар бир маросим ва урф-одатларнинг келиб чиқиш тарихини ўрганар эканмиз, биз уларниниг туб моҳиятини, юзага келиш сабабини англаймиз ва жуда кўп саволларга жавоб топамиз.

Юртимизнинг кўплаб ҳудудларида аёллар номи билан боғлиқ муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларнинг борлиги аждодларимиз энг қадимги даврларда ҳам аёлларни эъзозлаганликларини исботлайди. Хусусан, Абу Райхон Берунийнинг "Қадимги халқларданқолган ёдгорликлар" асарида узоқ ўтмишда ҳам аёллар эъзозланганлиги ҳақида қизиқарли маълумотлар қайд этилган. Жумладан, қадимда баҳор арафасидаги ой- "Исфандармуз" деб номланиб, бу ой аёллар ойи ҳисобланган. Шу ойнинг бешинчи куни аёлларнинг энг катта байрами сифатида нишонланган. Беруний "ўтмиш замонларда бу ой ва бу кун хотинларҳаётига хос бўлиб, эрлар уларга эҳсон қилар эдилар", деб ёзади. Исфандармуз сўзининг маъноси "ақл" ва "мулоҳаза" демакдир. Аллома "Исфандармуз" - гўзал соҳиба, номусли, яхши ишлар қилувчи ва эрига муҳаббатли хотинга вакил қилинган фариштанинг номиҳамдир"деб таъкидлайди ёки дунёдаги энг қадимги динлардан бўлган Зардуштийлик эътиқодидаги 6 та малойикаларнинг айнан 3 таси аёл сиймосига мансублигининг ўзи, ёки кўплаб зардуштийликка хос бўлган қадимги ибодатхоналардаги мавжуд она маъбудаларнингҳайкалларининг топилиши ҳам қадимдан юртимизда аёллар улуғланганлигидан далолат беради.

Тарихий манбаларда ислом дини кириб келгунга қадар Марказий Осиёда кўплаб қадимий динлар ва диний қарашлар бўлганлиги қайд этилган. Бу минтақа динлари қаторида тотемизм, анимизм каби ибтидоий дин кўринишлари, кейинги даврда зардуштийлик, буддизм, маздакизм каби эътиқодлар бўлганлиги археологик манбалар асосида исботланганлиги, бундан ташқари кўчманчи чорвадорларнинг асосий қисми шомонийлик динига эътиқодқилганини алоҳида таъкидлаш керак.

Қадимги даврда дин табиатга сиғиниш йўли билан ривожланган ва табиатдаги баъзи бирқизлар, аёллар сифатида тушинилиб, айрим руҳлар аёллар номи билан аталган.

Қуйида биз фикр юритмоқчи бўлганимиз Зомин туманининг Увол қишлоғи ҳудудида жойлашган нафақат, вилоят балки республикамизнинг кўплаб ҳудудларидан фарзанд кўриш мақсадида зиёратга келадиган Парпиойим зиёратгоҳидир.

Зиёратгоҳ тўғрисида маҳаллий аҳоли ўртасида жуда кўплаб ривоятлар сақланиб қолган бўлиб, бу ривоятлар илмийлик нуқтаи-назаридан таҳлилга мухтож. Мисол учун Парпи ойим, Жиззах тумани Равот ҚФЙ ҳудудидаги Парпи ота қишлоғидаги Парпи ота зиёратгоҳига номи берилган авлиёнинг синглиси деган қараш. Бу икки зиёратгоҳни умумий жиҳатлари сифатида иккаласини номланиши, тешик тошнинг мавжудлиги ва ёш болаларда учрайдиган "парпи” (тиббиёт тилида кахекция) касаллигини даволаш учун зиёратчиларни келишини айтиб ўтиш мумкин.

Араб тилида "парфи” – "оқ” деган маънони англатишини инобатга олсак ислом дини кириб келгандан кейин маҳаллий аҳоли бу муқаддас саналган жойларга "Парпи ота” – "оқ ота”, "оқкийимли ота”, "оқ ниятли ота” ёки оқ рангли тешиктошга нисбат берилиб "оқ тош ота” каби номлар билан атаб келинган, Парпи ойим эса "Парпи она”- "Оқ она”, "Пок ва бегуноҳ она” бўлиши мумкин.

Ахборотчиларни берган маълумотларига таянадиган бўлсак ушбу зиёратгоҳга асосан кўп йиллардан буён хомиладор бўлмаган, икки –уч нафар фарзандлари бир ёшга кирмасдан вафот этган аёллар зиёратга келишади ва дуолари ижобат бўлиб фарзандли бўлишгандан сўнг бу ердан олиб кетган тошларини қайтариб олиб келиб маросим ўтказиб кетишади.

Худди шундай анъаналардан бири турк хоқонлиги даврида ҳам бўлиб, оналик сифатларга эга аёл худоларнинг бири Умай ҳисобланган, "Тунюқуқ” эсдалигида Умай она руҳларининг қўллаб-қувватлаши билан душманларини "чопиб”, ”қувиб”, оқ қавмининг, халқини, бегини ўзига бўйсундиргани баён қилинади.

Махмуд Кошғарий "Умай” сўзининг мазмунига тўхтаб, уни "йулдош” деган лексик манода келтиради. Умайни ёш, туққан аёллар қорнидан чиқувчи нарса деб, болани қориндаги йулдоши эканлигини баён қилади. Қадимги турк халқларида "Умайга сиғинса ўғил бўлур” деган мақолнинг кенг тарқалгани, кимда-ким (аёл кишидан) Умай руҳига сидқидилдан хизматқилса, у ўғул туғади деган ирим ўрин олганлигини ёзади.

Ҳақиқатан ҳам аёллар ўғилли бўлиш учун Умай руҳига сиғиниб, ишонч билан умид этган. Айниқса она ва ёш болани ёмон рухлардан, ёвуз кучлардан, жин-ажиналардан сақловчи, яхшилик келтирувчи деб тушинишган. Шундай қилиб турк халқларининг бола тарбиялаш тажрибаларига диний тушунчалар аралашиб кетган. Фарзанднинг улғайиб, балоғат ёшигача соғ-саломат ўсишига жин-ажиналар "назарини солиб” зиёнламаслиги учун, ухлаётган болани ёлғиз қолдириб кетмай, кимдир кузатиб ўтирадиган бўлган. Бунда турк халқларидаги чақалоқларнинг одам уйқуда уйғонган чоғда қўрқиб, чўчигандаги психологик салбийликларни, олдини олиш деб ҳам қараш лозим. Баъзи вақтларда оналар тарафидан ухлаётган боланинг ёнида ўтиришга имконият бўлмай колган вақтлар болаларнинг ёмон руҳлардан чўчиб қўрқмаслиги учун аёллар худоси Умайга ишониб топширган бўлган. Турк халқлари Умайни ҳали эси кирмаган боланинг жонига йўлдош, уни асраб сақловчи руҳтақлидида тушунган. Туғилгандан уч ёшга чиққангача ўзи юра оладиган ва сўзлай бошлаган давргача Умай чақалоқ билан бирга бўлади деб ўйлаган. Умай руҳи боланинг киндигида яшайди деган фикр билан чақолақнинг киндиги тушгандан кейин тери ёки чит халтага солиб, бешигининг юқорисига илдириб қуйган. Шу орқали Умайнинг бешик ёшида хамма вақт чақалоқ билан бўлишига ишонч пайдо этган. Агар бола ухлаётган пайтда кулса ёки мағрурланиб ухласа буни Умай болага хабарлашиб турибди деб ўйлашган. Агар бола ухлаётиб йиғласа Умай болани оз вақтга ташлаб кетган деб тушунишган. Бола касалланиб қолган вақтда Умай унинг ёнидан вақтинча кетган маҳаллар деб ҳисоблашган ва Умайнинг тез қайтиб келишини истаб, шаманлик дастурларга амал қилган.

Бундан кўринадики қадимга турк халқларида Умай-Она бир тарафдан ботир-каҳрамонларнинг урушда ўз онасига сиғингандай сиғиниш манбаи деб тушунилса, иккинчи томондан эса кенг кўламда ёш болаларнинг тарбияланиб чиқишидаги ғамхўри, боланинг она қорнидаги ва бола туғилгандан кейинги даврдаги уни турли ёмон рухлардан сақлаб юрувчи йўлдоши дебҳисобланган.

Хулоса қилиб айтганда, биз фикр юритаётган "Парпи ойим” аслида қадимги туркий халқларнинг шомонийлик эътиқодидаги оналикни бахш этувчи, чақалоқларни ёвуз кучлардан асраб-авайловчи маъбуда "Умай она”нинг ислом дини кенг тарқалгандан кейинги даврдаги трансформацияга учраган, аммо унга эътиқод қилиш давом этган "Парпи она”- "Оқ она”, "Пок ва бегуноҳ она” кўринишидир.

Масалага илмий ёндашадиган бўлсак, тадқиқотчи Ф. Тошбоев ўзининг "Уструшона чорвадорларининг антик даврдаги маданияти” номли монографисида қадимдан ушбуҳудудларда кучманчи туркий чорвадорлар яшаганлигини археологик тадқиқотлар асосида исботлаганлиги, бундан ташқари ушбу қишлоқ ҳудудидаги учқир тепаликда чўпонларнинг пири бўлган Ҳазрати Исҳоқ (маҳаллий тилда вақт ўтиши билан Оқсоқ бўлиб кетган)қадамжосининг ҳам ҳозирги кунгача мавжудлиги, унга асосан чорва молларидаги оқсоқланиш (овсил) касаллигини даволаш учун бутун вилоят ҳудудидан чорва моллари олиб келиниши ҳамҳудудда қадимдан чорвачиликка ихтисослашган туркий аҳоли истиқомат қилганлиги, чорвадорларнинг ўзига хос удум ва маросимлари исломни қабул қилганидан кейин ҳам сақланиб қолганлигидан далолат беради.

Ушбу маросимлар авлоддан авлодга ўтиб келган ва бу жараёнлар ислом билан боғлиқ бўлганҳолда ҳам амал оширилиб ислом анъаналари уларнинг урф одат ва маросимларига янги ўзига хос хусусиятларни олиб кирган. Буни бугунги кунда Парпи ойим зиёратгоҳига келган зиёратчиларнинг Аллоҳ йўлига қурбонлик келтириш, ўтган пайғамбарлар ва азиз-у авлиёларга атаб Қурон тиловат қилишликлари юқорида билдирган фикрларимизни исботлайди.

Акчаев Фаррух 

Жиззах ДПИ тарих ўқитиш

методикаси кафедраси катта ўқитувчиси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!