» » Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги 

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Жиззах вилояти ҳокимининг байрам табриги 

08 март 2022 г 1 395 Комментарии: 0

Қадрли онахонлар! Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Аёлларни минг бир сифат билан улуғлаган буюк Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва ул зотларнинг авлодлари бўлмиш барча шоиру шуаролар илҳомининг меҳвари Сиз азизлар эканлигингизни бугун яна бир бор эътироф этишни истардим.

Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган мезон, унга тенг келадиган бойлик йўқ. Аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидойилик, она жасорати мужассамлигининг ўзи дунё ганжларидан ҳам бебаҳодир.

Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!

Жаннат оналар оёғи остидадир. Бинобарин, она ўз зурриёдига қалб қўрини берувчи инсон, унинг илк устозидир. Ўз фарзандига панд-насиҳат қила оладиган, ҳаётнинг зарур кўникмаларидан сабоқ бериб, дунёни эндигина англаётган гўдакни тўғри йўлга бошқарган она, шубҳасиз, жамиятнинг энг биринчи устунидир.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев аёллар ҳақида "Сизлар биз учун аввало муқаддас она, азиз Ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз" деганида бутун ўзбек халқининг кўнглидаги гапларни изҳор этганди десам янглишмаган бўламан.

Туманларнинг биридаги учрашувда "Оналарга қандай имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда?" деб сўраганимда, бир муҳтарама аёл ўрнидан туриб, "Оналикнинг ўзи аёлга берилган энг катта имтиёз ва имкониятдир. Чунки фарзандини бағрига босиб, кўксини тутганида аёлнинг кўзига дунё гўзал ва бетакрор кўринади, ҳаммага яхшилик қилгиси келади" дея жавоб берган эди. Бу гапларнинг исботини ҳар куни, ҳар қадамда кўриб турибмиз.

Буюк аждодларимиз азалдан аёл зотини улуғлаб, унга бағишлаб бинолар, минораю мадрасалар қуришган. Соҳибқирон Амир Темур Самарқандда барпо этган Бибихоним мадрасаси, Бобурий Шоҳжаҳон Аграда қурдирган Тожмаҳал бугун ўз маҳобати, гўзаллиги билан дунёни ҳайратга солмоқда. Биз ана шу буюкларнинг фарзандлари, авлодларимиз.

Ота-боболаримиз изидан бориб, онажонларимиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз фаровон ҳаёт кечиришлари, турмушлари осуда кечишлари учун барча имкониятларимизни ишга соламиз.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошлаб берган буюк ўзгаришлар — ислоҳотлар асосида ҳам бутун халқимиз қаторида сиз азизларни эъзозлаш, асраб-авайлаш, ташвишу меҳнатларингизни енгиллаштиришга қаратилганлигини айтиб ўтишим лозим.

"Миллат онага қараб қад ростлайди" дейди халқимиз. Зеро, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юксак марраларни кўзлаб яшашда ҳам аёлларимиздан ўрнак олсак арзийди. Агар хотин-қизларимизнинг соҳалардаги улушига назар ташласак бунга ишонч ҳосил қиламиз.

Вилоятимизнинг қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида меҳнат қилаётганларнинг 34,5 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Иқтисодиёт соҳасида эса 21 фоиз, саноат, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларида аёллар улуши 33,8 фоизни ташкил этмоқда. Таълим соҳасида аёллар улуши 51,3 фоизни, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасидагиларнинг 49,6 фоизи аёллардир. Хуллас, қайси соҳа ёки тармоқни олманг аёлнинг ўз ўрни бор. Қобилият, маҳорат, куч-ғайрат, қатъият, талабчанликда у ҳеч қайси эркакдан қолишмайди. Шунинг учун ўта масъулиятли лавозим ва вазифалар ишониб хотин-қизларга топширилмоқда.

2021 йилда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа иқтисодий-ижтимоий соҳаларда хотин-қизлар улушини ошириш, жамиятда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида 25 минг нафар ишсиз хотин-қизларнинг 17,3 минг нафари доимий ишга қабул қилинди.

Бугунги кунда вилоятимизда фаол иш қидирувчи аёллар сони 17 719 нафарни ташкил этмоқда ва жорий йилда уларнинг ҳаммаси доимий иш ўрнига эга бўлади.

Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш дастури оғишмай амалга оширилаётгани унутила бошлаган халқ амалий санъати, ҳунармандчилигининг қайта юз очишига ҳам асос бўлди. Айни пайтда вилоятимиз ҳудудида 7 959 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 3526 нафари ёки 44,3 фоизи хотин-қизлар эканлигини мамнуният билан таъкидлашни хоҳлардим.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 2019-2021 йилларда 25 646 нафар аёлларга 1 трлн. 224 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Марказдан узоқ қишлоқлардаги аёлларнинг ҳаммаси давр билан ҳамқадам яшамоқда дея олмаймиз. Шаҳардаги аёлларга нисбатан уларнинг ишлаш, жамият ва жамоат ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятлари ҳам чегараланган. Шунинг учун вилоят ҳокимлиги жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда туманларда хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтириш, янги ғоялар, лойиҳалар ишлаб чиқиш, қишлоқда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ҳаётга руҳлантириш бўйича ўқишлар ташкил этилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 9 463 нафар хотин-қизлар шундай йўналишда ўқитилди.

Сизларга маълумки, ўтган йили ҳар бир оилалардаги аёллар билан суҳбатлар, мулоқотлар асосида "Аёллар дафтари" ташкил этилди. Вилоятимизда истиқомат қилаётган ва ушбу дафтарга киритилган 47 662 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 10 777 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 3 736 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 7366 нафар тадбиркор бўлиш истагини билдирган ишсиз хотин-қизларга имтиёзли кредит бериш орқали тадбиркорликка жалб этилди, 1732 нафар ишсиз хотин-қизларга томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди.

Шунингдек, 5006 нафар боқувчисини йўқотган ҳамда 2661 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, 1307 нафар қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилди. 419 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган
хотин-қизларнинг уй-жойи таъмирланди. 931 нафар нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган 
243 нафар хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди ва 531 нафар аёлга ижара компенсацияси тўлаб берилди. Уй-жойга муҳтож 200 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга уй-жой учун бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

Қолаверса, 8 552 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга тиббий ёрдам кўрсатилди. 2876 нафар хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам берилди. 2 299 нафар хотин-қизларга психологик ёрдам кўрсатилди. Буларнинг ҳаммаси ҳурматли Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган "Аёллар дафтари"нинг ҳаётбахш самарасидир.

Азиз аёллар!

2022 йил мамлакатимиз халқини юксак довонларга чорловчи давр бўлади. Чунки, ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асоси — Тараққиёт стратегиясини эълон қилди. Бу муҳим ҳужжатнинг мазмун-моҳияти замирида инсонни улуғлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, мамлакат тинчлигини сақлаш, фаровон ҳаётни барқарор этишдек улуғвор режа ва ниятлар турибди.

Бу ҳақда сўз кетганда, Ҳурматли Президентимиз фасллар келинчаги баҳорнинг илк куни яъни, жорий йилнинг 1 март санасида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказиб, унда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларида барча ишлар янгича ёндашув асосида олиб борилишини таъкидлади.

Жумладан, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.

Бу мақсадлар учун жорий йилда бюджетдан 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши қайд этилди. Ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилиши белгиланди.

Аёлларнинг саломатлигини тиклаш бўйича ҳам аниқ тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, жорий йилда 6 минг нафар аёлга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилади. Ногиронлиги бўлганлар реабилитация воситалари билан таъминланади.

3 миллион нафар хотин-қиз онкологик скринингдан ўтказилади. Шунингдек, қизларни эмлаш, фертил ёшдаги аёлларни дори ва витаминлар билан бепул таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун таълим шароитларини кенгайтириш бўйича тарихий қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Дастур доирасида, пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Бунинг учун, жорий йилда банкларга 1 триллион 800 миллиард сўм, келгуси беш йилда 8 триллион сўм маблағ ажратилади.

Яна бир янгилик: келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади.

Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Мономарказлар ва олийгоҳлар қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш, аёлларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитиш бўйича кўрсатмалар берилди.

2022-2024 йиллар учун "Бизнес аёллар" дастури қабул қилиниши белгиланди. Унинг ижросига жами 8 триллион сўм йўналтирилади. Аёллар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади, имтиёзли кредитлар берилади.

Давлатимиз раҳбари эҳтиёжманд хотин-қизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларни ҳам қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Улар учун кўплаб солиқ ва савдо имтиёзлари белгиланди.

Ана шундай эзгу ишларни амалга ошириш йўлида жорий йилда вилоятимизда хотин-қизларни қўллаб-қув-ватлаш борасида қуйидаги вазифаларни белгилаб олганмиз. Жумладан, 17 719 нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминланади. Тадбиркорлик қилишни хоҳлаган 9 384 нафар хотин-қизлар фаолиятини йўлга қўйиш учун 59 млрд. 649 млн. сўм маблағ ажратилади.

Айни пайтда барча шаҳар ва туманларда "Аёллар дафтари" шакллантирилмоқда. Уларга ҳозиргача киритилган 21719 нафар аёллар билан манзилли иш олиб борилади. Жумладан: 6 894 нафари ишга жойлаштирилади, 2250 нафарига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишлари учун банк кредитлари олишга ёрдам берилади, 55 та янги кооперацияларни ташкил этиш орқали 3028 нафар, 4 та мавжуд кооперациялар фаолиятини кенгайтириш ҳисобига 98 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади, 9132 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилади, 345 нафар аёлларга томорқасидан даромад қилиш учун кўмак берилади ва 692 нафарининг турар жойи таъмирдан чиқарилади.

Шунингдек, 345 нафар хотин-қизларга ижара компенсациялари тўлаб берилади. "Аёллар дафтари"га киритилган барча хотин-қизларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилади.

Ўтган 2021-2022  ўқув йилида 118 нафар эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган бўлса, олий таълим муассасаларида тўлов шартномаси асосида таҳсил олаётган 100 нафар талаба хотин-қизларга тўлов-шартномаси маблағлари тўлаб берилди. Бу ота-онасидан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун улкан имконият яратиб берилди.

Республика Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси фонди томонидан 1 149 нафар хотин-қизларга реабилитация воситалари берилди. 78 та мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун 1 809,2 млн. сўм маблағ ажратилди.

Шунингдек, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ижтимоий уй-жойларни сотиб олиш мақсадида вилоятимизга 15 млрд. сўм маблағ ажратилди.

2021 йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 10 минг 490 нафар аёлларга 461 млрд. 278 млн. сўм маблағ берилди, 9 минг 500 га яқин хотин-қизлар касб-ҳунарга ва ҳаётга руҳлантириш (мотивация бериш) бўйича ўқитилди.

Байрам арафасида шуни мамнуният билан айтмоқчиманки Халқаро Хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан, Жиззах вилоятидан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан    Шароф Рашидов туманидаги «Гулчи опа томорқа хизмати» кластери раҳбари Нориева Шарофат, «Дўстлик» ордени билан Жиззах шаҳридаги «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Шамсиева Норбуви, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан  Пахтакор туманидаги 13-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси, Кушаева Мавлуда, «Соғлом турмуш» медали билан, Шароф Рашидов туманидаги ёғоч ўймакорлиги бўйича ҳунарманд, Хасанова Айменли, «Шуҳрат» медали билан Ғаллаорол туманидаги «Соҳибқирон дарвозаси» масъулияти чекланган жамияти раҳбари, Абдураимова Нилуфар, Зарбдор туманидаги «Фидокор Фирдавс» фермер хўжалиги бошлиғи Карабекова Бувсара ҳамда Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби директори Хамдамова Дилафруз  давлат мукофотлари билан тақдирланишди.

Шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси Абдувалиева Азиза ва Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 2-босқич талабаси Баҳодирова Севара Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани муносабати билан кенг жамоатчилик ва шахсан ўз номимдан самимий муборакбод этаман.   

Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Оналик шаънини, ўзбек аёли ор-номуси, қадр-қимматини юксакларга кўтарган ҳар бирингиз биз учун доимо азиз ва мукаррамсиз. Сизнинг табаррук сиймоингиз, ҳар бир сўзингиз бизга ҳамиша ҳамроҳ ва йўл кўрсатувчи маёқдир.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олийжаноб қадрият. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун меҳрибон аёллардан умрбод қарздор эканлигимизни доим ҳис этиб турамиз.

Азиз ва муҳтарам опа-сингиллар!

Барчангизни энг яхши ният ва орзулар билан тантана қилаётган байрам — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан яна бир марта самимий қутлаб, Сизларга сиҳат-саломатлик, оилаларингизда тўкин-сочинлик, бахт-саодат, шоду ҳуррамлик, шарафли ишларингизда янгидан-янги зафарлар тилайман. Бахтимизга доим омон бўлинглар!

                                    Жиззах вилояти ҳокими               Э. САЛИЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!