Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан вилоят ҳокимининг Жиззах аҳлига байрам табриги
21 март 2022 г 1 167 Комментарии: 0
Қадрли юртдошлар,азиз дўстлар!
Тўрт фаслни тенг ва бетимсол қилиб берган юртимизга баҳорнинг гўзал шукуҳ, тоза нафаслари ила соғинтириб келиши борлиққа ўзгача латофат бахш этиб турибди.
Қаҳратон қаҳрини синдириб, аямажуз совуғини юмшатиб, замин кўрпасини кўтариб чечакларнинг кулиб туриши, боғларда бодом ва ўрикларнинг гуллаши бунёд этилаётган Янги Ўзбекистонга янги кун — Наврўз кириб келаётганидан дарак бермоқда. Барчангизни табиатнинг уйғониши, минглаб мўъжизалар яратгувчиси Наврўзи олам билан қутлайман!
Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий таъбири билан айтганда, халқимизнинг ҳар туни қадр, ҳар куни Наврўз бўлсин!
Ер остидаги илдизлар баҳорнинг илиқ ёмғир сувларидан қониб ичмоқда, ниҳол ва новдаларда ҳаёт уйғонмоқда. Ҳар бир майса, ҳар бир гиёҳда яшашга, яшаришга иштиёқ ортаётганини ҳар биримиз сезиб, ҳис этиб турибмиз.
Тоғ-тошларга урилиб тушаётган сувларнинг шилдираши, баҳор насимининг майин саси, гуллар атрофида парвона бўлаётган асалариларнинг ғувиллаши, шохдан-шохга сакраб қувноқ чаҳ-чаҳ ураётган қушларнинг овози бир бўлиб табиат симфониясини яратмоқда. Бу куй замондошларимиз қалбида ўзгача туйғуларни уйғотиб, бугунги кунига шукроналик келтиради, келажакка ишончи ортади.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Наврўзнинг фазилатлари ҳақида сўзлар экан, шундай деган эдилар: "Эл-юртимиздаги азиз инсонлар бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда. Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда".
ҲУРМАТЛИ юртдошлар!
Наврўз минг йиллар давомида кишиларда она Ватанга муҳаббат, замин ва табиатни авайлаб асраш туйғусини тарбиялаган, покликка ундаган. Наврўз байрам қилинган кунларда аразлар, гина-кудуратлар унут бўлган, урушларга чек қўйилган, одамлар тинч-тотувлик билан борди-келди қилишган, ўзлари тайёрлаган кўклам таомларини қўшнилари, маҳалладошлари билан бирга баҳам кўрган. Шунинг учун ҳам Наврўз турли миллатлар, халқлар дўстлиги рамзига айланган.
Қадимда кун ва тун тенг бўлган паллада аждодларимиз кўча, маҳаллаларни тозалаган, дарахт кўчатлари экишган. Қабристонларни обод қилиб, ўтганлар руҳини шод этишган, яқинларини хотирлаш ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланган.
Беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиш, йўқсилларга ёрдам кўрсатиш одамийликнинг энг олий мезони бўлган. Зеро, Наврўз одамларни эзгу ишларга даъват этган, қалбларни яхши тилак, ҳис-туйғуларга тўлдирган, меҳр-оқибатли бўлишга ундаган.
Мен Наврўзнинг шоҳ таоми Сумалак ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни лозим деб ҳисоблайман. Ҳақиқатдан ҳам сумалак Наврўзнинг гултожидир. Умуман кўклам таомларининг тайёрланишини сеҳргарликка ўхшатаман.
Опа-сингилларимизнинг туни билан ухламай сумалак ковлаб чиқиши, заҳматли меҳнатни лапарлари, айтишувлари, ўйин-кулгулари билан хурсандчиликка, қувончга айлантиришларини сўз билан ифодалаш, таърифлаш қийин. Бундай эзгулик иштирокчиларининг диллари ҳам, сийрати ҳам покланади, руҳлари енгил тортади.
Қишдан кейинги илик узилди пайтида бир пиёла сумалак ёки кўк сомса-ю чучвараларнинг қувватини ҳеч бир таомга тенглаб ҳам, таърифлаб ҳам бўлмайди.
Наврўзнинг яна бир тенгсиз хусусияти яратувчанликдир. Шу кунларда деҳқонларимиз оқсоқоллардан "оқ фотиҳа" олиб, далага отланишади. Белни маҳкам боғлаб, кўклам қуёшининг нурларидан баҳра олган заминга умид билан барака уруғини қадайдилар.
Жорий йилда асосий эътибор озиқ-овқат ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга қаратилади. Пахта ва бошқа экин майдонлардан қисқартирилган 7 226 гектар ерлар фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиши учун ажратиб берилади. Ушбу майдонларда 105 гектар картошка, 2 608 гектар полиз,569 гектар сабзавот, 3 454 гектар дуккакли, 491 гектар мойли экинлар экилиши ҳисобига 2 604 тонна картошка, 14 132 тонна сабзавот ва 62 626 тонна полиз, 5 201 тонна дуккакли,1 142 тонна мойли экинлар ҳосилини олиш режалаштирилган.
Лалми майдонларда 671 та тик қудуқлар қазилиб сув чиқариш орқали 21 611 гектар янги ерлар ўзлаштирилади.
1 046 гектар полиз, 379 гектар сабзавот экинлари экилади, 6 822 тонна сабзавот ва 21 413 тонна полиз экинлари ҳосили олинади. 4 322 нафар ишсиз аҳоли иш билан таъминланади.
2022 йил ҳосили учун экилган 93,5 минг гектар сувли ғалла майдонларида қўшимча агротехника тадбирларини амалга ошириш ҳисобига дон ишлаб чиқаришни яна 15 фоизга кўпайтириб, жами 792,5 минг тоннага чиқарамиз.
3 йил олдин экилган 1278 гектар боғларнинг ҳосилга кириши натижасида 1973 тонна, 3314 гектар узумзорларнинг ҳосилга кириши натижасида 66,3 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга эришилади.
Эзгу ниятларимизни табиат ҳам қўллаб турганига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлиб турибсиз. Кунора ёғаётган ёмғир экинзорларимизга қут-барака бахш этмоқда.
Муҳтарам дўстлар!
Мамлакатимиз йилдан-йилга ўзгариб, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, қурилиш соҳаларида улкан ютуқларни қўлга киритмоқдамиз.
Жорий йилда ҳар қачонгидан юксак марраларни кўзла-ганмиз. Биргина инвестиция дастури доирасида 319 та лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳаларни амалга ошириш учун 12,5 трлн. сўм инвестиция маблағлари сарфланади. Жумладан, ҳудудий дастурга кўра 8,5 трлн. сўмлик 309 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 8 878 та янги иш ўринлари яратилади. 4,0 трлн. сўмлик 10 та лойиҳа асосида 2 175 та иш ўрни барпо этилади.
Инвестиция лойиҳаларини режалаштирар эканмиз, азалдан аграр соҳага ихтисослашган вилоятимиз саноатини ривожланган ҳудудга айлантиришни бош вазифа этиб белгиладик. Шунинг учун саноат соҳасида 101 та лойиҳа режага киритилиб, унга 10,9 трлн. сўм инвестиция маблағи йўналтирилади. Яратиладиган иш ўринлари ҳам шу соҳада энг кўп, яъни 7 892 тани ташкил этади.
Шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида 124 та лойиҳага 693,3 млрд. сўм, қишлоқ хўжалиги соҳасида 94 та лойиҳага 842,2 млрд. сўм йўналтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида"ги Қарорига асосан жорий йилда 21 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 393,7 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш белгилаб берилган. Ана шу лойиҳалар замирида минглаб иш ўринлари яратиш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини кўтариш каби ўта эзгу мақсадлар бор.
Азиз дўстлар!
Шу ўринда аҳолини доимий ва мавсумий ишлар билан банд қилиш асосий вазифамиздир ва шу мақсад учун барча соҳаларда изланишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда бу борада маррани баланд олдик — йил охиригача 234 102 та иш ўрни яратишни кўзлаганмиз. Токи ёшларимиз иш излаб хорижга кетишмасин. Борганлари ҳам билимли, олий маълумотли мутахассис сифатида қадрлансин!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги "2022-2024 йилларда Ўзбекистон Респуб-ликасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузил-масини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига асосан вилоятимизда 866,4 млрд. сўм ҳисобига 144 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Жумладан, 29 та мактаб биноларида амалга ошири-ладиган реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари учун 182,3 млрд. сўм маблағ ажратилади.
Шунингдек, 5 та мактабгача таълим ташкилоти, 10 та соғлиқни сақлаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 123,0 млрд. сўм, спорт зали ва майдонлари қурилиши учун 40,4 млрд. сўм, иситиш қозонхоналари қурилиши учун 56,3 млрд. сўм ажратилади.
Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, замонавий архитектура асосида турар жой бинолари қуриш, уларга коммуникация тармоқлари ўтказиш орқали халқимизга қулайликлар яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
2022 йилда Шароф Рашидов тумани Оқтош ота маҳалласи ҳудудида 41,3 гектар майдонда "Янги Ўзбекистон" массивида 14 та 16 қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. 1120 та оила ушбу массивда бунёд этиладиган янги хонадонларга кўчиб киришади.
Жорий йилда шаҳар ва туманлар ҳудудларидаги 9 та массивларда 44 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Аҳоли саломатлигини сақлаш, замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш муассасаларини энг сўнгги тиббий ташхис ускуналари билан таъминлаш биринчи галдаги вазифамиз ҳисобланади.
Аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш учун маҳаллий бюджетдан 1,2 млрд. сўм маблағ ажратилади. Тиббиёт муассасаларида марказлашган лаборатория, стерилизация ва юқори технологик текширувлар тизимини жорий қилиш учун давлат бюджетидан 12,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилади.
Давлат тиббиёт муассасаларидаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш учун 1,5 млрд. сўм, Давлат бюджетидан дори воситалари ва тиббий буюмларга ажратилган маблағларнинг 3 баробарга оширилиши ҳисобига 23,3 млрд. сўм, бирламчи тиббий-санитария хизмати моддий-техник базасини такомиллаштириш учун 66,0 млрд. сўм, хонадонбай "мақсадли" скрининг асосида онкологик, эндокринологик ва терапевтик касалликларга чалинган беморларни эрта босқичларда аниқлаш ва беморларни тегишлилиги бўйича ҳудуднинг ўзида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш учун 7,8 млрд. сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.
Яна бир муҳим вазифа сифатида, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ғаллаорол, Дўстлик ва Зомин туманлараро перинатал марказлари ташкил этиш ва зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлаш ҳамда зарур кадрларни хорижий давлатларнинг илмий марказ ва клиникаларида мақсадли тайёрлаш учун давлат бюджети ва бошқа манба-лари ҳисобидан 38,9 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги тизимида 10 та, шундан 4 та янги қурилиш ҳамда 9 та бирламчи тиббий хизмат муассасаларини босқичма-босқич қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун давлат ва маҳаллий бюджет ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 80,0 млрд. сўм маблағ ажратиш чоралари кўрилади.
Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, фарзандларимизни Ватанга садоқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирла-шайлик!" ва "Маънавият фестивали" шиори остида ёшлар фестиваллари ва форумлари мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш ва соҳада янгича бошқарув механизмларини жорий этиш орқали маҳаллаларда ёшлар билан олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга эришиш билан уларни давлат ва жамият ишларига жалб этиш, вақтинча ишламаётган ёшларни тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик фанининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади.
Сизларга маълумки, Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган ҳаётимиз фаровонлиги, юртимиз ривожини белгилаб берувчи тараққиёт стратегияси бутун халқимизни дадил қадамлар билан олға бошламоқда. Тараққиёт стратегияси қанчалар оламшумул дастур эканлигини бугунги кунда нафақат халқимиз, балки бутун дунёдаги давлатлар ҳам тан олди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифалари БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди. Мазкур ҳужжат нуфузли ташкилотнинг журналида барча расмий тилларда чоп этилди. БМТга аъзо давлатлар ва БМТ таркибий бўлинмалари ўртасида тарқатилди, шунингдек, расмий ҳужжатлар тизимига жойлаштирилди.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифалари БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилингани ва ташкилотнинг 6 та расмий тилида тарқатилганлиги Ўзбекистоннинг тинчликсеварлик сиёсати ва унинг тараққиёт йўли тўғри эканлигининг тарихий исботи бўлди. Ўзбекистонга бўлган қизиқиш, унинг дастурларидан андоза олиш ва йирик компанияларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритиши кундан-кунга ортиб бораётгани ҳам бежиз эмас.
Азиз вилоятимиз аҳли!
Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир Ватандошимиз ўзининг ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини тобора чуқур англаб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида Наврўз том маънода умумхалқ байрамига айланиб, эл-юртимиз томонидан катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.
Халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарафидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг ана шундай беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда ушбу айёмни вилоятимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда, ҳар томонлама юксак савияда Сизлар билан биргаликда ўтказилмоқда.
Барчангизни юртимизга қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган Наврўз айёми билан муборакбод этаман. Муқаддас неъмат бўлган тинчлик Ватанимизда абадий барқарор бўлсин! Ҳар бир хонадон, маҳалла обод, халқимиз омон бўлсин.
Соғ-саломат бўлиб, ҳар йили Наврўзни биргаликда байрам қилиш ҳаммамизга насиб этаверсин.
Вилоят ҳокими Э.Салиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!