Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » МТТ: Миллий қадриятларга йўғрилган тарбия
30 март 2022 г 1 561 Комментарии: 0
Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён МТТларимизда таълим сифатини янада ошириш мақсадида ҳар бир ойни миллийлик билан йўғрилган, ўзига хос номлар билан атаб келаяпмиз. Бу – аввало педагог ходимларимизнинг ўз устида мунтазам ишлашини, машғулот жараёнларида илғор педагогик усуллардан, момоларимиздан бизгача етиб келган удум ва анъаналаримиздан кенг фойдаланган ҳолда уларни амалиётга изчиллик билан жорий этишини талаб этади.
Ниҳоясига етиб бораётган март ойини вилоятимизнинг мактабгача таълим тизимида “Аждодлар мероси ва миллий қадриятларни улуғлаш ойлиги” деб номладик ва шу сабабдан тасарруфимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотларида ойликнинг номланишига мос равишда турли тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этилмоқда. Қувонарлиси, ушбу тадбирларимизда шарқона руҳ, миллийлик нафаси, бобомерос қадриятларимиз жилоси акс эттирилмоқда.
Аждодларимиздан бизгача мерос сифатида етиб келган миллий урф-одат, удум, анъана ва қадриятларимиз – “Чақалоқни бешикка белаш”, “Миллий либослар – миллат кўрки”, “Миллий рақслар”, “Лапарлар”, “Айтишувлар”, “Миллий ўйинлар” каби мавзуларда ташкил этилаётган машғулотларда ўзлигимиз, урф-одатлар ва анъаналаримизнинг нафосати ва жозибаси тарбиячи ва тарбияланувчилар томонидан очиқ машғулотлар давомида ёрқин ифода этиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Зомин туманидаги 18-сонли ДМТТда “Ип йигириш ва зардўзлик санъати билан танишув” мавзусида ташкил этилиб, бу очиқ машғулот иштирокчиларда жуда катта таассурот қолдирди.
Машғулотда тарбиячилар пахтани савалашдан тортиб, то уни урчуқда ип-калава шаклига келгунга қадар бўлган жараённи босқичма-босқич болажонлар ва барча тадбир иштирокчилари кўз ўнгида, қадимги миллий термаларимизни ижро этган ҳолда моҳирона намойиш этиб берди.
“Аждодлар мероси ва миллий қадриятларни улуғлаш ойлиги” давомида вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги деярли ҳар бир мактабгача таълим ташкилотларида қатор қадимий удум ва анъаналаримизни ўзида акс эттирган очиқ машғулотлар ўтказилди.
Жумладан, Бахмалда Тушов кесди”, Дўстликда “Чақалоқни бешикка солиш”, Пахтакор туманида “Сумалак сайли”, Ғаллаорол туманида “Чилла кесди”, Форишда “Миллий ўйинлар”“каби ўтказилган турфа хил маросимлармиз болажонларимиз хуш кайфият улашди.
Хулоса қилиб айтганда, сўзлашув оҳангидан тортиб, миллий либосларгача, фарзанд дунёга келишидан тортиб, тўй-байрамларгача бўлган ўзига хос умумбашарий қадриятларни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир. Зеро, келажакка пойдевор энг аввало ўзликни билиш ва ватанпарварликдан бошланади.
Феруза Солиева,
Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!