» » Жиззахда миграция платформаси доирасида давра учрашуви, пресс тур ва брифинг ташкил этилди

Жиззахда миграция платформаси доирасида давра учрашуви, пресс тур ва брифинг ташкил этилди

30 март 2022 г 656 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги “Бек Плюс” мехмонхонасида Европа иттифоқи молиявий кўмагидаги Қирғизистоннинг “Умумий манфаатларни излаш” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Жиззах вилояти “Istiqlol avlod” ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида амалга оширилаётган  “Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида хавфсиз миграция платформасининг давра учрашуви бўлиб ўтди.

 

 

 

Мазкур давра учрашувида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ва бизнес ҳамжамияти вакиллари ҳамда  “Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш” лойиҳаси менеджери Чолпон Курманбаева ва лойиҳа ассистенти Айжан Байдавлетовалар иштирок этишди.

Хавфсиз миграция платформасининг давра учрашуви иштирокчилари Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида “Ноқонуний миграциянинг хавфини камайтириш борасида мухожирларнинг кетиш олди тайёргарлигининг асосий жиҳатлари”, “Ўзбекистон Республикасида меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш” ва “Ҳимояга муҳтож оилалар билан ижтимоий иш амалиётида кейс-менежмент” мавзуларидаги семинар-тренингларнинг амалдаги натижалари сарҳисоб қилинди. Мунозараларда меҳнат миграциясига кетиш сабаблари, унинг оилавий муносабатларга таъсири ва меҳнат мухожирларининг қайтиб келганидан кейинги реинтеграциялашувига оид масалалар муҳокама қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар ва ОАВ вакиллари учун Жиззах шаҳар мономарказида пресс тур ва брифинг ташкил этилди. Айни пайтда 490 ўринли бўлган Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази собиқ Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўрнида ташкил этилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таркибий тизимига кирувчи банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказда 5 та хизмат тури, 22 турдаги касбга ўқитиш ва 5 та тил ўргатиш курслари фаолият юритмоқда.

Мономарказда “Ёшлар дафтари”га киритилган бандлиги вақтинча таъминланмаган жиззахлик йигит-қизлар учун сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 8 та, техник соҳа бўйича 7 та, қурилиш соҳаси бўйича 5 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2 та касб турлари ташкил этилган.

Шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш курсида рус, инглиз, корейс, хитой ва япон тиллари, рақамли технологияларни ўргатиш курсида эса компьютер саводхонлиги, дастурчи 1С бухгалтерия мутахассисликлари ўргатилади.

Брифинг давомида лойиҳанинг якуний натижалари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.  Айтилишича лойиҳани амалга ошириш натижасида меҳнат мухожирлари ва жанговор ҳудудлардан қайтарилган фуқаролар билан самарали ишланиши натижасида бир қатор тренинглар ўтказилган. Улар ўзларининг бугунги кундаги яшаш шароитлари, кунлик ҳаёт тарзи юзасидан қисқа метражли ҳужжатли кино яратишга ҳам муваффақ бўлишган. Бу эса хориждан иш излаётганлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлади деб ишонилмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!