» » Вилоятда биринчи бўлиб пахта йиғим-теримига Арнасойда киришилди

Вилоятда биринчи бўлиб пахта йиғим-теримига Арнасойда киришилди

25 сентябрь 2018 г 3 259 Комментарии: 0

Чеки-чегараси кўринмайдиган поёнсиз далалар.

Чаноқлардаги оппоқ бўлиб очилган лўппи-лўппи пахталар беихтиёр киши эътиборини ўзига тортади. Бободеҳқоннинг йил ўн икки ой қилган меҳнати самарасидан кўзингиз қувнайди. Арнасой тумани деҳқонлари бу йил ҳам далаларда чинаккамига ғайрат-шижоат кўрсатдилар. Табиат инжиқликлари, сув тақчиллиги деҳқонларнинг тажрибакорлиги, ишбилармонлиги эвазига енгилди. 9 минг 200 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирилди. Деҳқонлар олдида турган бугунги вазифа 21 минг 400 тонналик "оқ олтин” хирмонини тезроқ бунёд этишдан иборат.

Туман статистика бўлимидамиз. Эрталабдан бўлимда иш қайнамоқда. Кимдир секторларга бириктирилган ҳудудий фермер хўжаликлари уюшмасида йиғим-теримнинг бошланганлиги хусусида маълумот бераётган бўлса, яна бошқа бири ташкил этилган терим гуруҳлари сони, уларга бириктирилган теримчилар ҳақидаги ахборотни юқори ташкилотларга узатаётир. Хуллас, ҳамма банд.

—Туманимиздаги 4 та сектор ҳудудидаги фермер хўжаликлари уюшмасида 72 та йиғим-терим гуруҳлари ташкил этилди,—дейди статистика бўлими бошлиғи Ваҳоб Лутфуллаев. —Гуруҳларга 8 минг нафар теримчилар бириктирилган. Мавсум давомида уларнинг далага бориб келиши, тушлик қилиши учун барча қулайликлар яратилган. Терим сифати ва суръатини бир меъёрда ушлаш учун аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Уч кундирки, барча йиғим-терим гуруҳлари ишга киришган.

Туман ҳокимлигининг етакчи мутахассиси Абдуҳалил Қаршиев билан "Мустақиллик” ҳудудий фермерлар уюшмаси томон йўл олдик. Биринчи сектор ҳудудидаги фермерлар уюшмаси деҳқонлари бу йил 830 гектар ерга чигит экиб, ундан мўл ҳосил етиштиришди. 2 минг 170 тонна пахта сотишга бел боғлаган деҳқонлар туманда биринчилардан бўлиб йиғим-теримга киришишди. Мазкур уюшмада 5 та йиғим-терим гуруҳи ташкил этилган бўлиб, уларга 605 нафар теримчилар бириктирилган.

—Йиғим-терим гуруҳимиз "Бўстон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 119 нафар уюшмаган аҳолидан ташкил топган,—дейди 1100-гуруҳ раҳбари Сакинабону Саидова. —Теримчиларимиз учун барча шароитлар яратилган. Далага келиш, кетиш учун махсус транспорт ажратилган. Озода Ҳотамова, Лайло Жавлонова, Башорат Деҳқонова, Ҳамидулла Фозилов сингари гуруҳимиз аъзолари теримнинг дастлабки кунларидан кўпчиликка намуна бўлаяптилар. Гуруҳимизда оилавий теримчилар сафи ошиб бораяпти. Ана шулардан бириХосият Самадовалар оиласидир. Хосият она ўғли Аброр, келини Гулҳаёларни ёнига олиб кунига 250 килограммдан ошириб пахта тераяпти

Суннат Мавлонов тумандаги тажрибали пахтакорлардан бири. У раҳбарлик қилаётган "Толлиой она” фермер хўжалиги деҳқонлари ҳар йили зиммаларига олган шартномавий режаларини ортиғи билан уддалаб келадилар. Бу йил ҳам улар шартномадаги 26,6 ўрнига 35 центнердан хирмон кўтариш ишқи билан меҳнат қилаяптилар.

—Бирор йил йўқ-ки, табиат деҳқонни синовдан ўтказмаса,—дейди фермер Суннат Мавлонов. —Жамоамиз аъзоларининг омилкорлик билан иш юритганликлари натижасида ҳар йили кўзланган марралар забт этилаяпти. Бу йил ғаллазорларнинг ҳар гектаридан 60 центнердан хирмон кўтардик. Давлатга 110 тонна дон сотдик. 30 тонна ғалла ишчиларга тарқатилди.Ҳозир пахта терими суръатини кундан-кунга ошириб бораяпмиз. Мақсадимиз даладагиҳосилни қисқа фурсатларда йиғиштириб олиб, давлатга топшириш. 1100-йиғим-терим гуруҳи аъзолари деҳқонларимизга яқиндан кўмак бераяптилар.

Кун оғиб, кеч кирмоқда. Лекин, Арнасойнинг уфққа туташиб кетган бепоён далаларида йиғим-терим ишлари заррача сусайгани йўқ. Бугун умид билан ерга уруғ қадаган деҳқон ҳам, қалб амри билан далага чиқиб, етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олишда иштирок этаётганҳашарчилар ҳам бир мақсад сари интилаяптилар.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!