Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Эгизбулоқда олингaн тaҳлил нaмунaлaридa юқумли кaсaллик қўзғaтувчи вирус вa бактериялар aниқлaнмaди
28 апрель 2022 г 724 Комментарии: 0
2022 йил 20 апрель куни соат 15:00 ларда кучли ёғингарчилик оқибатида Фориш тумани Эгизбулоқ қишлоғининг Боғистон ва Чўлпон кўчаларида жойлашган аҳоли турар-жойлари сел оқимларидан зарар кўрди.
Сел сувларининг бир қисми мазкур қишлоқнинг юқори қисмида жойлашган “Бойқўчқор ота” қабристонидаги 100 дан ортиқ қабрларга ҳам зиён йетказди.
Эгизбулоқ қишлоғида ташкил этилган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш штаби томонидан ҳудудда ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалиши ҳамда заҳарланиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳамда санитария-пидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси билан ҳамкорликда барча зарурий чора-тадбирлар кўрилди.
Жумладан, Фориш тумани ободонлаштириш бошқармасининг 95 нафар ходимлари томонидан “Бойқўчқор ота” қабристонида зарар кўрган 62 та қабрдаги жасадлар санитария қоидаларига мувофиқ қайта кўмилиб, зарарсизлантириш ишлари бажарилди. Қабристон ҳудуди ободонлаштирилиб, селдан зарар кўрган ариқ ва сойлар тозаланди. Aйни пайтда қабристоннинг ёрдамчи биноси қайта тикланмоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг 17 нафар ходими ва 1 та махсус техникаси ёрдамида зарарланган ҳудудларда тўпланган 46 та уй ҳайвонларининг жасади санитария қоидаларига мувофиқ кўмилди. Шунингдек, 219 бош ит ва 38 бош мушук қутуришга қарши, 89 бош йирик шохли ва 505 бош майда шохли уй ҳавонлари куйдиргига қарши ваксинация қилинди.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан 1184 тоннадан ортиқ чиқинди тозаланиб, ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг 32 та ходими ва 3 та махсус техникаси ёрдамида қабристон ва унинг атрофи ҳамда ҳайвон жасадлари кўмилган жойлар тўлиқ дезинфексия қилинди.
Шунингдек, селдан зарарланган аҳоли яшаш хонадонларида ҳар куни дезинфексиялаш ишлари олиб борилиб, гуманитар ёрдамларни қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш жараёнида санитария талабларига риоя этилиши назоратга олинди.
“Жиззах сув таъминоти” МЧЖ томонидан 4 та махсус техника ёрдамида аҳолига мунтазам равишда тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 3 та тез тиббий ёрдам бригадаси ташкил этилиб, 158 нафар тиббиёт ходими томонидан аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Aҳолига 6 турдаги дори ҳамда антисептик воситалар тарқатилмоқда.
Шу билан бирга “Эгизбулоқ зилол сувлари” МЧЖга қарашли сув иншоотлари, Устахон қишлоғи марказидаги водопровод суви, ҳудуддаги қудуқ ҳамда “Бойқўчқор ота” қабристонидаги ариқ сувларидан олинган 9 та намуна, қабристон ва унинг ташқарисидан олинган тупроқ намуналари лаборатория текшируви учун юборилди. Олинган лаборатория хулосаларига кўра, барча таҳлил натижалари меъёрида эканлиги маълум бўлди. Юқумли касаллик қўзғатувчи вирус ва бактериялар аниқланмади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!