Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Сел келган вақтда МТТ ва мактаблардан болалар эвакуация қилинди
21 апрель 2022 г 772 Комментарии: 0
Натижада айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, автомобиль йўллари, электр тармоқлари, экин майдонлари селдан жиддий зарарланди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари кечанинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш тадбирлари ташкил этилди.
Жумладан, Бахмал туманининг “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини “Гулобод” қишлоғи, Ғаллаорол туманининг “Молтоб” қишлоқ фуқаролар йиғини “Молтоб” қишлоғи, Ш.Рашидов туманининг “Куёвбоши”, Фориш туманининг “Эгизбулоқ” МФЙларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳолатларда ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) органлари куч ва воситалари томонидан тезкор чоралар кўрилди.
Ўз вақтида амалга оширилган эвакуация ишлари натижасида Фориш тумани 15-сонли мактабдан 180 нафар ўқувчи, 9-сонли мактабгача таълим ташкилотидан 149 нафар тарбияланувчи хавфсиз жойларга олиб чиқилди.
Аҳоли хонадонларида ҳам эвакуация ишлари амалга оширилиб, сел оқимлари ўтган йўлларда хавфсизлик постлари ташкил этилди ва транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланди.
– Фориш туманида 4 нафар (1 нафар эркак, 3 нафар аёл) юртдошимизни сел оқизиб кетиши натижасида ҳалок бўлганлиги маълум бўлди, – дейди Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, капитан Фаррух Абдурахманов. – Айни пайтда, вазият барқарорлашиб, сел оқимлари камайган. Вилоятимизда апрель-июнь ойлари сел ва тошқин хавфи юқори давр ҳисобланади. Шу сабабли, муҳофаза тадбирлари кучайтирилиб, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.
Кучли ёғингарчилик оқибатида вилоятнинг тоғли ва тоғолди туманларидаги, чўл ҳудудларидаги селдан кўрилган зарар миқдори мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.
Масъул идоралар мутахассислари салбий оқибатларни бартараф этишга сафарбар этилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!