» » Жиззахда каврак етиштириш кластери ташкил этилади

Жиззахда каврак етиштириш кластери ташкил этилади

05 май 2022 г 1 885 Комментарии: 0

«Республикада каврак етиштиришни ривожлантириш ва саноатлаштиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони (ПФ–116-сон, 27.04.2022 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига каврак етиштиришни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди.

Қўмита, жумладан, республиканинг табиий-иқлим шароитларига мос бўлган маданий каврак плантациялари ташкил этилишини мониторинг қилади.

Шунингдек, «Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар» уюшмаси «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» уюшмасига (Уюшма) қўшиб олинди.

Фармон билан 2022–2026 йилларда яйлов ер майдонларида каврак плантацияларини барпо этишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.

Шунга кўра, белгиланган йилларда жами 90 минг гектар (шундан, жорий йилда 6 минг гектар) майдонда каврак плантацияларини барпо этиш назарда тутилган.

2022 йил 1 июнгача Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида кавракни қайта ишловчи корхоналар, каврак йиғиш ва етиштириш билан шуғулланувчи уй хўжаликлари (жисмоний шахслар) ва каврак кўчатчилиги хўжаликлари кооперациясига асосланган каврак етиштириш кластерлари ташкил этилади.

2022 йил 1 майдан Қўмитанинг доимий эгалигидаги ер майдонларида:

  • ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини ғамлаш (йиғиш) учун квоталар Қўмитанинг буюртмасига кўра, тўлов эвазига Фанлар академиясининг хулосаси асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади;
  • мазкур квоталар доирасида ёввойи ҳолда ўсувчи кавракдан махсус фойдаланиш ҳамдауни четга олиб чиқиш учун рухсатномалар Қўмита томонидан берилади(ажратиладиган квотанинг камида 50 фоизи ҳажмида маданий плантацияларни барпо этиш шарти билан).

Қўмитанинг доимий эгалигида бўлган ер майдонларидаги кавракдан фойдаланганлик учун хорижий фуқаролар ва юридик шахслардан олинадиган тўлов миқдори «Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби»га киритилмаган каврак ширасининг (елим) 1 килограмми учун 4 бараварга, «Қизил китоб»га киритилган каврак ширасининг1 килограмми учун эса 2 бараварга оширилади.

2022 йил 1 майдан уч йил давомида каврак етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлардан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

2022 йил 1 майдан 5 йил муддатга каврак ўсимлиги уруғларининг республикадан олиб чиқилишига рухсатномалар берилиши тўхтатилади.

Шунингдек, Уюшма тизимидаги субъектларда мавсумий ишчиларнинг тўлиқ бир мавсум ишлаган даври уларга пенсия тайинлаш учун бир йиллик меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар рўйхатига киритилади.

2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача Уюшма тизимидаги субъектларда фаолият олиб бораётган мавсумий ишчилар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорда ундирилади.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!