Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ЖДПИ учинчи босқич талабаси Ҳафиза Мухторова “Илҳом” мукофотининг иккинчи ўрин соҳибаси бўлди
24 май 2022 г 693 Комментарии: 0
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонида “Катта адабиёт байрами” ҳафталиги доирасида “Илҳом” мукофоти республика танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқиб, бугунги кунда ёшлар тарбияси, маънавиятига эътибор қаратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, янгиланиш жараёнларида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 20 май куни Адиблар хиёбонининг очилиш маросимида иштирок этиб, бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида” 2020 йил 24 августдаги 503-сон қарори қабул қилинди. “Илҳом” мукофоти шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшларга берилиши белгиланди.
Иккинчи бор ўтказилган танловнинг саралаш босқичи ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшлар ўртасида ўтказилди. Саралаш босқичида ўн мингдан ортиқ талаба-ёшлар, илмий изланувчилар иштирок этди.
“Илҳом” мукофоти танловининг республика босқичи учун 53 та олий таълим муассасасидан 115 та ижодий иш қабул қилинди. Шундан 3 та асосий ва 3 та рағбатлантирувчи мукофот учун ғолиблар сараланди.
“Илҳом” мукофоти учун ўтказилган танловда биринчи ўринга Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Шуҳратжон Муҳаммадхонов муносиб топилди. У Президент совғаси – “Spark” автомобили, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус дипломи ва статуэткаси билан тақдирланди.
Жиззах давлат педагогика институти учинчи босқич талабаси Ҳафиза Мухторова “Илҳом” мукофотининг иккинчи ўрин соҳибаси бўлди. Унга 30 миллион сўм пул мукофоти, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус дипломи ва статуэткаси топширилди.
Учинчи ўрин Қорақалпоқ давлат университети докторанти Замира Айимбетовага насиб этди. У 15 миллион сўм пул мукофоти, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг махсус дипломи ва статуэткаси билан тақдирланди.
Рағбатлантирувчи мукофот соҳиблари: Низомов Фарҳод Мусо ўғли – Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси, Отабоев Акбар Иноятович – Урганч давлат университети магистранти ҳамда Чилмурзаева Мафтуна Абдуманнон қизи – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистрантига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан амалга оширилди.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, шоир-ёзувчилар, олий таълим муассасалари мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар қатнашди.
Мазкур танлов анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб борилади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!