Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах хориж журналистларини ўзига мафтун этди
02 июнь 2022 г 893 Комментарии: 0
– Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз шаҳарларида ўтган халқаро фестивалларда иштирок этиб, шу тадбирларни ёритганман, – дейди “Фарсньюс” ахборот агентлиги (Эрон) мухбири Шерали Авезметов. – Биринчи марта бундай халқаро медиа-турда иштирок этиб, Жиззахдаги янгиланишлар, ислоҳотларни кўриб, инсонлар билан мулоқот қилиб, ушбу жараённи ўз сайтимизда ёритяпман. 2 кун давомида вилоятнинг ҳамма жойида бўлиш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш қийин, албатта. Лекин борган жойларимизнинг ўзидан олган таассуротларим бир олам.
Кейинги манзил Зомин тумани бўлди. Зоминдаги медиа-тур Хотира майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.
Сўнг иштирокчилар Зомин шаҳарчасидаги “Нуронийлар маскани”да бўлиб, туманнинг “Зомин сайқали” фольклор этнографик халқ ансамбли аъзолари томонидан намойиш этилган эрта баҳорда деҳқонларимиз ер ҳайдашдан аввал ўтказиб келган “Шох мойлар” деб аталган қадимий удумларини томоша қилди.
Хорижлик журналистлар ва маҳаллий ОАВ вакиллари 2019 йилдан буён фаолият юритаётган “Zomin Brevery” вино заводига ташриф буюрди.
Бу ердаги энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган цехлар, ишчи-ходимларга яратилган қулайлик ва шароитлар, компьютерлаштирилган тизим ҳақида маълумот берилди.
– Жиззах вилоятида биринчи бор бўлишим, унга мафтун бўлдим, – дейди Афғонистоннинг “Телевизиони Орзу” телеканали мухбири Обид Аҳмад Басир. – Бу улкан қурилишлар, кўплаб қўшма ва саноат корхоналари кейинги 5-6 йил ичида барпо этилаётган экан. Зоминнинг қурилиши эса Жиззах шаҳрининг қурилишидан бутунлай фарқ қилар экан. Бу ҳақда кўрсатув тайёрлайман.
– Ўтган йили 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимиз соҳа ходимларига йўллаган табригида уюшма олдига қатор вазифаларни қўйиб, нафақат марказда, балки ҳудудларда, чекка вилоятларда ҳам журналистлар учун турли семинар, учрашув, медиа-тур, тренинглар ташкил этиш бўйича маслаҳатларини берган эди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. – Уюшма тарихида биринчи марта, Жиззах вилоятига халқаро медиа-тур ташкил этилди. Дунёнинг ўнга яқин давлатининг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган журналистлари биз билан ҳамкорликда бугунги тадбирда иштирок этмоқда.
Сўлим Зомин туманига уюштирилган саёҳат нафақат хорижлик журналистларда, балки, барча медиа-тур иштирокчиларида улкан таассурот қолдирди. Туманда экотуризм ниҳоятда ривожланиб бормоқда ва бу табиийки Зомин ички ва ташқи туристларнинг диққат марказида бўлаётганини ҳам кўрсатади.
– Ҳақиқатдан ҳам бетакрор табиат, тоза ҳаво, ўхшаши йўқ манзил экан, – дейди Туркиянинг “ТРТ” телеканали Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Низам Шаҳин. – Хориж давлатларидан ташриф буюрувчи сайёҳларни ҳам бу манзара албатта лол қолдиради, ўзига жалб этади, бир келган одам яна келсам, деган орзу билан ортига қайтади.
Мамлакатимизда туризм, хусусан, экотуризм соҳасига бўлган эътибор натижаси ўлароқ, Зомин тоғларида амалга оширилаётган қатор ишлар, туризмни ривожлантириш йўлидаги дастлабки қадамлар ўзининг мевасини беришни бошлади.
Ташкил этилаётган меҳмон уйлари, оромгоҳ ва сиҳатгоҳларнинг нафақат сони, шу билан бирга сифати ҳам ошиб, хизмат турлари тобора кенгайиб бормоқда.
Сўнг ҳудуддаги “Миллий табиат боғи”га саёҳат уюштирилиб, “Зомин туристик рекреатцион зонаси”да олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништирилди.
Икки кунлик медиа-тур ниҳоясига етди.
А.Қаюмов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!