Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда 8 та фермер 365 гектар ерда томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатмоқда
23 июнь 2022 г 558 Комментарии: 0
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасига сув тежамкор технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, шу орқали сувдан мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Айниқса, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-144-сонли қарори муҳим ўринга эга. Жумладан, ҳужжатнинг 5-бандида субсидия маблағлари сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида беш йил ишлатилиши шарти билан ажратилиши, шунинг баробарида 2021 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун Давлат бюджетидан субсидия маблағларини олган, бироқ жорий этилган сувни тежайдиган суғориш тизимларини суғориш мавсумида ишлатишга улгурмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари мазкур тизимни
2022 йил суғориш мавсумига қадар ишга туширмаган тақдирда олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилиши белгилаб қўйилган.
Қарорнинг жойлардаги ижроси устидан “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари ходимлари томонидан доимий назорат ўрнатилиб, бу борада ўрганишлар олиб борилмоқда.
-Вилоят бўйича 2021 йилда 12 минг 620 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилган 405 нафар талабгорга субсидия маблағлари ажратилган, дейди Инспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси бош инспектори Ихтиёр Душабоев.- Хусусан, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан пахта майдонларида 350 дона томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлса, қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 6 та ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентилиги томонидан 41 дона сув тежамкор технологиялар жорий этилган.
Шунингдек, ўтган йили Алкаголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган 8 нафар талабгорга субсидия маблағлари ажратилган.
-Президент қарорига асосан жорий йил якунига қадар, Зомин туманида жами 1,180 гектар майдонда сув тежаш технологияларини ўрнатиш орқали боғ-токзорлар ва бошқа экин майдонларини ташкил этиш режалаштирилган, дейди “Ўзагроинспекция”нинг Зомин туман бўлими катта инспектори Алижон Абдуллаев.-Ускуналарнинг 432 гектари Зомин ўрмон хўжалигида ўрнатилса, 127 гектари “Боғи боғбон барака” МЧЖ, 125 гектари “Zomin bonderful fооd” МЧЖ ҳамда 193 гектари “Zomin best food” МЧЖга қарашли yeр майдонларига жойлаштирилади. Қолгани фермер хўжаликлари далаларида амалга оширилади.
Инспекциянинг туман бўлими томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, 420 гектар майдонга томчилатишни жорий этиш мақсадида сал кам
9 млрд, 676 млн сўмлик шартнома расмийлаштирилиб, ушбу молиявий манбалар ҳисобига ҳозирги кунда 8 та фермер хўжаликларининг
365 гектар майдонида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2021 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилган 405 нафар талабгорга технологияларни
2022 йилги суғориш мавсумида ишга туширмаган тақдирда субсидия маблағларини белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилиши юзасидан 60 та огохлантирув хатлари берилган.
Мухтасар айтганда, томчилатиб суғориш ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали усул бўлиб, бу орқали сув ресурслари ва харажатлари тежалади. Мўл ҳосилга замин яратилади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!