Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Зарбдорда икки чўпон ўртасидаги жанжал ўлим билан якун топди
23 июнь 2022 г 693 Комментарии: 0
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида икки фуқаро ўртасида содир бўлган жанжал оқибатида улардан бири вафот этди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 19 июнь куни соат 07:00 ларда Зарбдор тумани «Тараққиёт» маҳалласида чўпонлик билан шуғулланувчи икки нафар шахс ўзаро жанжаллашиб қолган. Хусусан, 29 ёшли шахс қорамолларини ҳайдаб кетиш учун уларни Бунёдкор кўчасида яшовчи 54 ёшли ҳамқишлоғининг уйи олдига тўплаган.
Хонадон эгаси чўпонга қорамолларни уйи олдидан ҳайдашини талаб қилган ва ўртада низо келиб чиққан.
Жанжал давомида чўпон маҳалладошини ерга йиқитиб, юзи ва бош қисмига бир неча марта урган. Ўз навбатида, калтак еган шахс ёнида бўлган сумкасидан ошхона пичоғини чиқариб, чўпоннинг чап кўкрак қисмига бир маротаба уриб, тан жароҳат етказган.
Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган чўпон туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Зарбдор тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тарзда ушланиб, вақтинча сақлаш хонасига жойлаштирилган.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!