» » Инвестиция лойиҳаларининг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди

Инвестиция лойиҳаларининг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди

28 июнь 2022 г 597 Комментарии: 0

Президент Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Бу йил пойтахтимизда қарийб 4 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 500 дан зиёд лойиҳа режалаштирилган. Бугунги кунга келиб, шундан 1 миллиард 500 миллион доллари ўзлаштирилган. 120 миллион долларлик 71 та лойиҳа ишга туширилиб, 5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. Умумий миқдори 2 миллиард 300 миллион долларлик яна 450 та лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари биринчи ярим йилликдаги кўрсаткичлар етарли эмаслигини таъкидлаб, кечикаётган лойиҳаларнинг муаммосини ҳал қилиш, инвестициялар жалб этишни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Тақдимотда “Янгиҳаёт” индустриал технопаркида олиб борилаётган ишлар ҳам кўриб чиқилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 4 февралдаги қарорида белгиланган эди. Ушбу технопарк учун 210 гектар майдон ажратилган. Бош режа ишлаб чиқилиб, бугунги кунда муҳандислик-коммуникация тармоқларини барпо этиш бошланган.

Президентимиз бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан муҳим лойиҳа эканини таъкидлади.

– Ҳеч қайси давлатда тадбиркорга енгиллик яратмасдан туриб, натижага эришиб бўлмайди. Бу технопарк тадбиркорлар учун қулай майдон бўлиши керак. Импорт ўрнини босадиган, кўпроқ одамларни иш билан таъминлайдиган лойиҳаларга эътибор қаратиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Биринчи босқичда технопаркнинг 110 гектар майдони аукционда сотилган. Уларда ошхона жиҳозлари, қандолатчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари, сантехника товарлари, полиэтилен ва металл буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилган. Умуман, технопаркда ташкил этиладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Тошкентда хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ҳам имкониятлар катта. Ўтган беш ойда бу соҳада 5 минг 500 та лойиҳа доирасида 183 мингта иш ўрни яратилган.

Давлатимиз раҳбари аҳолининг талаби ва имкониятлари ўсиб бораётганини, шундан келиб чиқиб, хизматларни кенг кўламда ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Ёшларни бу соҳа бўйича ўқитиб, хизматлар сифатини ва бандликни ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!