Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Форишда “маҳаллабай” ишлаш тизими самара бермоқда
22 июль 2022 г 585 Комментарии: 0
Жиззах вилояти 4-сектори томонидан “маҳаллабай” ишлаш тизими натижасида қатор муаммоли масалаларга ечим топилмоқда.
Айниқса “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”га киритилган оилалар билан ишлаш, бандлигини таъминлаш, яшаш, уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича сектор кесимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни бугун алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизматининг хабар беришича, Фориш тумани, Хонбанди маҳалласида амалга оширилаётган ишлар бугун ўз натижаларини кўрсатмоқда.
Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси масъул бўлган Фориш туманининг Хонбанди маҳалласида кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, янги ташкил этилган "Юксак ният текстил" тикувчилик корхонасида бугунги кунда 50 дан ортиқ тикувчи хотин-қизлар фаолият юритиб келмоқда. Уларга МФЙ биносининг иккинчи қаватидан жой ажратилиб, бугун турли хилдаги эркаклар ва аёллар учун либослар, махсус кийим-бошлар тикиш йўлга қўйилган.
Айни ёз мавсумида ҳудуддаги ўқувчи ёшларнинг бўш вақтлари кўплигини инобатга олиб, сектор кўмагида “Хонбанди” маҳалласидаги 59-умумтаълим мактабида ташкил этилган компьютер, рассомчилик ва тикувчилик бўйича ўқитишга мўлжалланган тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда мазкур ўқув хоналарида мавжуд шарт-шароитлар ва моддий техник база мустаҳкамланиб, 10 дона компьютер, 11 дона тикув машинаси ва 16 хил рассомчилик курси учун чизмачилик ускуналари (молберт) харид қилиб берилди.
Маҳаллага ташриф давомида қатор хонадонларга кирилди. Жумладан, ҳайкалтарошликни йўлга қўйган тадбиркор ўз хонадонида турли хил эртак қаҳрамонлари акс этган ҳайвонлар ва паррандаларнинг макетларини ясаб, туман ҳудудидаги мактабгача таълим ташкилотларига етказиб бераётган экан. Шунингдек, маҳалла аҳолисининг қатор муаммолари ҳам бартараф этилиб, 1 дона тик қудуқ қазилиб, 1602 метр масофада ичимлик суви линияси тортилмоқда. Бугун чекка ҳудудларда асосий муаммолардан бири ички йўллар масаласи ҳисобланади. Сектор кўмагида 700 метр масофадаги йўлни асфальтлаш, 3000 метр бетон йўл, 3000 метрни шағаллаштириш ишлари бошлаб юборилган. Аҳолининг мурожаатларига кўра, 10 дона бетон симёғоч ва 100 метр масофада электр симларини янгилиш ишлари олиб борилди.
Фориш туманида 4-сектор ташаббуси билан кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Сектор раҳбари томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларни камбағалликдан чиқариш, ҳар бир инсоннинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан манфаатдор бўлган ҳолда ҳаёт кечиришларини таъминлаш борасида режали ишлар амалга оширилаяпти. Уйсиз, боқувчиси йўқ, кам таъминланган оилаларга кўмак кўрсатилмоқда.
Сектор раҳбарига “Қизилқум” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчиси йўқ, 3 нафар фарзанднинг онаси Муҳайё Фармонова мурожаат қилган эди. Ҳозирда бу оилага ҳашар йўли билан уй қуриб берилаяпти.
Олиб борилаётган ишларнинг барчаси “Инсон қадри учун” тамойилининг ёрқин ифодаси саналади. 4-Сектор вакиллари эса мурожаатларнинг аксариятини аҳолининг кундалик эҳтиёжларидан ташқари, умумжамоа фойдаланадиган, оиласига даромад келтирадиган йўналишларда кўмак кўрсатиб, улар оғирини енгил қилиш йўналишида фаолият олиб бормоқдалар.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!