Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Маҳаллабай” ишлаш тизими халққа нима беряпти? Фориш тумани мисолида
29 июль 2022 г 791 Комментарии: 0
Жамиятдаги ҳар қандай ислоҳот фуқаролар манфаатига хизмат қилиши керак.
Бунинг учун эса амалдаги ҳаракатлар қуйидан бошланмоғи мақсадга мувофиқдир. Халқимизда, Ватан оиладан, маҳалладан бошланади, деган ибора бор. Шундай экан, биз яшаётган ҳудуд ўзида юртимиз аксини намоён этади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, кейинги йилларда нафақат маҳалла, балки, ҳар бир хонадонга бўлган эътибор ҳамюртларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлади, десак муболаға бўлмайди. Бунинг натижасида, узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутиб турган муаммолар ижобий ечим топа бошлади. Масалага янада чуқурроқ кириб бориш, камчиликларнинг туб илдизига болта уриш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаб, мамлакатда ҳар соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигига эришиш учун “маҳаллабай” ишлаш тизимининг жорий этилиши бу борадаги жараённинг янги босқичини бошлаб берди.
Фориш туманининг 4-сектор ҳудудидаги “Хонбанди” маҳалласида ҳам “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини беряпти. Бу борада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар билан ишлаш, бандлигини таъминлаш, уй-жой шароитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этмоқ жоиз.
Туманниннг бошқа маҳаллаларида бўлгани каби “Хонбанди” маҳалласида ҳам ишсизлик муаммоси мавжуд эди. Уни бартараф этиш мақсадида сектор раҳбарияти, ҳоким ёрдамчиси, маҳалла мутасаддилари ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Маҳаллада кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар бандлигини, ёшлар ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, маҳалла биносининг 2-қавати таъмирланиб, “Юксак ният текстил” тикувчилик корхонаси ташкил этилиб, бугунги кунда мазкур корхонада 50 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилишмоқда. Корхонада эркак ва аёллар учун турли хилдаги либослар, махсус кийим-бошлар тикилиб, бозорларга чиқарилмоқда.
Маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса ўқувчи ёшларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишлари учун ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалла ҳудудида жойлашган 59-умумтаълим мактабида компьютер саводхонлиги, рассомчилик, тикувчилик йўналишларига ўқитиш бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Сектор раҳбарияти томонидан мазкур ўқув хоналарида шарт-шароитларни яратиш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 10 дона компьютер, 11 дона тикув машинкаси ҳамда 16 хил рассомчилик курси учун чизмачилик ускуналари харид қилиб олиб берилди.
Маҳалла аҳолисининг тоза ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, бу борадаги муаммони бартараф этиш, маҳалла ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Аҳолини ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш мақсадида 1 дона тик қудуқ қазилиб, 1602 метр масофада ичимлик сув тармоғи тортилмоқда. Сектор раҳбарияти кўмагида 700 метр масофадаги ички йўлга асфальт қоплама ётқизиш, 3000 метр бетондан пиёдалар йўлаги, 3000 метр автомобил йўлига шағал ётқизиб таъмирлаш каби ишлар олиб бориляпти. Бундан ташқари, аҳолининг мурожаатига кўра, маҳалла ҳудудидаги эскирган ва яроқсиз ҳолга келган 10 дона электр ҳаво линиялари ёғоч таянчлари бетон таянчларга алмаштирилди. 100 метр электр ҳаво линиялари симлари алмаштирилди.
Хулоса қилиб айтганда, маҳаллада аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликдан чиқариш, ҳар бир инсоннинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан манфаатдор бўлиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!