Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ғаллаоролда қуёш фотоэлектр станцияси қурилади
10 август 2022 г 638 Комментарии: 0
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида қайта тикланувчи энергия (ҚТЭ) технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш ва иқтисодиёт энергия самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Ўзбекистонда 2025 йилга қадар умумий қиймати 5 миллиард 300 миллион долларлик бўлган 810 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ғаллаорол тумани “Кўкбулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Бирлашган Араб Амирликлари давлатининг “Мasdar” компанияси томонидан лойиҳа қиймати 150 миллион АҚШ долларлик юз фоиз хорижий инвестиция иштирокидаги 220 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси юзасидан ҳудуддаги маҳаллий аҳоли ва ушбу ҚФЭС барпо этилиши мўлжалланган ер майдони эгалари билан юзма-юз учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Тошкент “Green business solutions” ҳамда “Мasdar” компанияси, Ғаллаорол туман ҳокимлиги масъуллари, маҳалла фаоллари иштирокида “Жамоатчилик эшитувлари” ўтказилди.
Тадбирда амалга оширилиши режалаштирилаётган қуёш фотоэлектр станцияси – ҚФЭСни қуриш лойиҳасининг келажакдаги иш унумдорлиги хусусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
“Green business solutions” компания раҳбари С.Юсупова ҚФЭСнинг муқобил энергия манбасини яратишдаги аҳамияти ва фойдали жиҳатлари ҳақида гапириб берди.
Ушбу ҚФЭС Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида барпо этилган худди шундай 100 МВт қурилмадан қуввати салкам 2 ярим баробар юқори бўлиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида яратилиши кутилаётган 30 дан ортиқ янги иш ўринлари бўйича ҳам келишиб олинди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!