» » “Самарқанд руҳи” барчани лол қолдирди

“Самарқанд руҳи” барчани лол қолдирди

19 сентябрь 2022 г 549 Комментарии: 0

Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитида иштирок этаётган барча мамлакатларнинг етакчилари Ўзбекистонга келди.

Кутиб олиш маросимларидан сўнг икки томонлама учрашув ва музокаралар якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида дарахтлар экди.

Шу ўринда савол туғилади: нима учун расмий ташрифлар доирасида дарахт экишга алоҳида эътибор қаратилади. Дарахт экиш – хайрли иш. ШҲТ доирасида экилган дарахтлар ҳам иштирокчи давлатларининг дўстлиги, яхши қўшничилиги, тараққиёт ва равнақ сари муштарак интилишлари рамзини англатади. 

Давлат раҳбарларининг “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасига ташрифи қадимий шаҳарларимиз қиёфаси, миллий анъаналаримиз билан бирга, дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳақида маълумотлар билан танишишга имкон яратди. Шунингдек, Афросиёб ёдгорлиги деворларида сақланиб қолган Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросимидан тасвирларнинг ифодаланганлиги тарих ва бугунги кун уйғунлигини акс эттириб, меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Давлатимиз раҳбарининг саммит доирасида сўзлаган нутқи ҳам нега айнан Самарқанд шаҳри танланганлигига муносиб жавоб бўлди. Жумладан, “Буюк ипак йўлининг қоқ юрагида жойлашган бу муаззам шаҳар минг йиллар давомида миллатлараро мулоқот, ўзаро маданий ва маънавий ҳамкорлик, савдо ва илмий алмашинувлар маркази сифатида хизмат қилиб келган”..

Бугун замон таҳликаларга тўлиб бормоқда. Давлатлар ўртасидаги ишонч йўқолиб, адоватга айланиб бораётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Боз устига иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби муаммолар вазиятни янада жиддий тус олишга сабаб бўлаяпти. Шундай экан, мазкур жараёнда ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликни кучайтириш мақсадида очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда. 

ШҲТ таркибининг тобора кенгайиб бораётганлиги бежиз эмас. Энг аввало, очиқлик ва блокларга қўшилмаслик тамойиллари туфайли унга аъзо бўлиш истагидаги мамлакатларнинг сони ортиб, шериклик муносабатлари ривожланиб бораётганидан далолат. Ушбу саммит давомида ҳам Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши, Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланишини сўзимизнинг исботи сифатида келтириш мумкин.

Шунингдек, Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш бўйича процедураларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши ҳам ШҲТнинг самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилот фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда.

Айтиш лозимки, ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг янги уфқларини очиб беради. Айниқса, ушбу жараёнда савдо ва божхона тўсиқларини бартараф этиш, кафолатланган ва барқарор ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини шакллантириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босишга қаратилган қўшма дастурларни рағбатлантириш алоҳида аҳамият касб этади.

Бу вазифаларни бажариш учун эса ўзаро сармояларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, уларни биринчи навбатда, инфратузилмани ривожлантириш, рақобатбардош саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтириш орқали савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барча механизмларини бирлаштириш ва фаоллаштириш талаб этилади. Бунга эришиш учун  экологик муаммоларни бартараф этиш ҳам даркор. Саммитда кун тартибидаги долзарб масала сифатида Иқлим ўзгаришига муносабат бўйича қўшма Баёнот қабул қилиш ШҲТ ушбу хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишда бирдамликни намоён этмоқда.

Биргина бу эмас. Президентимиз таъкидлаганидек, “ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва уларга тезкорликда муносабат билдиришга оид шартномаларни асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштиришнинг аллақачон мавриди келган”.

Узоққа бормайлик. Қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш барча доирадаги учрашувларда такрор-такрор қтирилаяпти. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг ҳам энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозим. Зеро, бугун Афғонистонга нисбатан санкцияларнинг кучайтирилиши фақатгина мамлакатдаги ҳозирги ҳукумат янада яккаланишига олиб келади. Натижада “мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига туртки беради ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради”. Шу туфайли қўшни давлатни ёлғиз қўймаслик, уни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан муҳимдир. Саммит доирасида ушбу масалага ҳам ижобий ечимлар топилади, десак адашмаймиз.

Ҳар бир халқнинг маданий мероси унинг тарихини гавдалантиради. ШҲтга аъзо давлатларнинг маданий-гуманитар алоқаларини янада ривожлантириш эса халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушунишга замин ҳозирлайди. Шу маънода замонавий технологиялар кўмагида маданиятлараро мулоқотнинг рақамли платформаларини ишга тушириш айни муддао саналади. Яъни виртуал музейлар ва ижодий кўргазмалар, илмий видеоконференцияларнинг ташкил этилиши аҳоли, айниқса, ёшларни дунёқараши кенгайиб, ҳамкорлик алоқалари кучайиши, халқларимизнинг янада яқинлашишига кўмаклашади. Ўз-ўзидан бу жиҳат ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, “бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янада изчил ривожланишига ҳамда Ташкилотимиз нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади”.

Алишер УСМАНКУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори,

техника фанлари доктори, профессор

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!