Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги
01 октябрь 2022 г 1 816 Комментарии: 0
Муҳтарам устозлар! Қадрли муаллимлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана 1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва профессионал таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларини бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий халқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессионал ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги уйғониш даврининг тўрт таянч устуни деб ҳисоблаймиз.
Азиз ўқитувчилар!
Сизларни ҳар қанча эъзозласак, ҳурмат кўрсатсак шунча оз. Ҳаёт давом этар экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини, қадру қимматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганларидек, “Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”.
Дарҳақиқат, миллатимиз, аждодларимиз кўҳна мозийда ҳам фақат илм излаган. Ибн Сино, Беруний, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Румий, Имом Бухорий, Имом ат-Термизий каби аждодларимиз биринчи ва иккинчи уйғониш даврларининг тамал тошини қўйишган ва буни бутун дунё тан олгани билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Азиз муаллимлар!
Яхши биласизки, Туркистонда Учинчи Ренессансга йигирманчи аср маърифатпарвар боболаримиз Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа улуғ инсонлар тамал тошини қўйиб, миллий уйғониш сари кенг йўл очганлар.
Мана шу эзгу ишлар бугун қайта кўз очди - мамлакатимизда илм-фан ва таълим-тарбия соҳаси давлат сиёсатининг устувор тамойили сифатида қабул қилиниб, фарзанд туғилганидан то камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.
Бу жараёнда инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш борасида муҳим дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, беш йил олдин вилоятимизда 173 та боғча фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирда бу рақам 1 337 тага, тизимдаги қамров 76,5 фоизга етказилди.
Олий таълим соҳасида ҳам вилоятимизда ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Охирги беш йилда чет эллардаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда “Sambhram” университети ҳамда “Қозон” федерал университетининг Жиззах филиали ташкил этилганлиги, энг қувонарлиси жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан Жиззах давлат педагогика институти Университетга айлантирилганлиги барчамизни беҳад қувонтирди.
Таълим-тарбияни юқори даражага кўтариш, дарс самарадорлигини оширишда мактаблар жамоасига яратилаётган шарт-шароитларга ҳам кўп омиллар боғлиқ эканлигини таъкидлашни хоҳлардим.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев халқ таълими соҳасига алоҳида аҳамият бераётгани барча соҳа раҳбарлари эътиборини айнан мактабга қаратишга даъват этмоқда. Вилоятимизда эски мактабларни янгилаш, моддий-техник ва интеллектуал базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларга ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Сизларга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича тузилган Миллий Кенгаш томонидан 2022 - 2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилиб, Президент Фармони билан тасдиқланди.
Мазкур дастурга мувофиқ, мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
2022 йилда Инвестиция, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурларига асосан 71 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган эди. Шундан 6 та янги мактаб қурилди, 42 та мактабда реконструкция ишлари амалга оширилди,18 та мактаб мукаммал таъмирланди ва 5 та мактаб жорий таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, ташаббусли бюджет асосида 42 та умумтаълим мактабларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
2022-2026 йилларда Дастурлар доирасида жами 321 та объектларда умумий қиймати қарийб 2 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилганлигини таъкидлашни истардим. Бу маблағлар 38 та мактаб биносини қуриш, 176 тасини реконструкция қилиш, 107 та мактаб биносини мукаммал таъмирлаш учун сарфланади.
Мактабларни замонавий техника воситалари билан таъминлаш энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. 2016 йилга қадар вилоятда атиги 42 та (7,7%) мактаб интернет тармоғига уланган бўлса, бугунги кунда 555 та умумтаълим мактабига оптик толали алоқа линиялари ўтказилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминланди.
2022-2023 ўқув йилида вилоятимиздаги 125 та мактабга замонавий компьютер жамланмалари ва бошқа техник воситалар етказиб берилди. 555 та мактабдан 546 таси 10 479 та компьютер техникаси билан таъминланди ва улар тўлиқ www.kundalik.com платформасига уланди.
Таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳақида гап кетар экан, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб амалга оширилаётган сиёсати натижасида мамлакатимизда шунчаки ихтисослаштирилган мактаблар эмас, балки барча фанларни мукаммал ўқитадиган мактаблар яратиш зарурияти кун тартибига қўйилмоқда.
Бугунги кунда вилоятимизда янги сифат босқичидаги таълим масканлари, хусусан, Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфида Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби ҳамда 12 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий ўқув йилида тест синовларида иштирок этган 26 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз орасидан энг зукко, билимдон 4 мингга яқин ўқувчилар ихтисослаштирилган мактабларда таълим олиш имкониятига эга бўлди.
Энг чекка қишлоқларда ҳам маҳобатли мактаблар барпо этиш мумкин. Аммо ўша мактабда билимли, зиёли ва юқори малакали ўқитувчи ишламас экан, у мактабнинг улуғворлиги йўқолади. Бугун биз аввало фарзандларимизга мукаммал таълим бера оладиган фидойи муаллимларни тайёрлашимиз лозим.
Айни пайтда вилоятимиз халқ таълими тизимида 22 719 нафар педагоглар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 1934 нафари олий, 5235 нафари биринчи, 8786 нафари иккинчи малака тоифасига эга. Жараёнда ўқитувчиларимиз ўртасида хорижий тилларни ўргатишга бўлган эътибор ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Инглиз, немис, француз тили ўқитувчиларидан 600 нафари халқаро чет тилини билиш даражаси бўйича, 347 нафар рус тили ўқитувчилари эса С1 даражадаги халқаро сертификатларга эга бўлди.
Айниқса, ривожланган мамлакатлардан мутахассисларни вилоятимизга жалб қилиш, ўқитувчиларимизни хорижий давлатларга касбий маҳорат ва малакасини оширишга юбориш каби лойиҳалар албатта ўз натижасини беради.
Жорий ўқув йили давомида вилоятимизда жами 14 604 нафар раҳбар, мутахассис ва педагог ходимлар малака ошириш курсларида таҳсил олиши режалаштирилган.
Бугунги кунда 22 719 нафар педагогларнинг орасидан энг маҳоратли ўқитувчиларни танлаб, вилоят тажрибаси сифатида “Маҳоратли педагог олтин фонди” ташкил этилди.
Мазкур фонднинг мақсади – энг тажрибали, маҳоратли ўқитувчиларни танлаб олиш, уларни қўллаб-қувватлаш, шунинг билан бирга ривожланган хорижий мамлакатларда малакасини ошириш имкониятини яратиб беришдан иборатдир. Таъбир жоиз бўлса, олтин фондга киритилган ҳар бир ўқитувчи, вақти келиб, таълим-тарбия бўйича ўз услуби ва маҳорат мактабини яратади.
Ҳурматли Устозлар!
Халқимиз тилидаги “Қозонда бори чўмичга чиқади” деган соддагина нақл бежиз эмас. Мактабда таълим-тарбия олган ёшларимиз катта ҳаётга қандай қадам ташлайди, улар ўз йўлларини топиб олишадими – йўқми, деган саволлар барча даражадаги масъулларни қийнаши керак.
Жорий йилда 16 534 нафар битирувчидан 300 га яқини халқаро тил билиш даражаси бўйича сертификатга эга бўлиб, хорижий олий таълим муассасаларига муддатидан олдин қабул қилинди. Биргина мисол, Жиззах шаҳридаги Умид ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати битирувчиси Абдушукур Алижонов 10 та хорижий олий таълим муассасасига муддатидан олдин талабаликка тавсия этилиб, ҳозирда Польша давлатининг Варшава университетида таҳсил олаётганлигинининг ўзи юртимизда таълимга бўлган эътиборнинг наъмунаси сифатида кўрсатишимиз мумкин.
Шу билан бира, битирувчиларнинг 6 625 нафари ёки 40 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Бу кўрсаткич, эътибор беринг, кейинги уч йилда 3 баробарга ошган.
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Шундай қувончли кунларда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармонига кўра умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчи ҳамда тарбиячиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар.
Мукофотланганлар орасида Зарбдор туманидаги 25-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Асадулла Байтемиров “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан, Дўстлик туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Манзура Мисирова II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан, Пахтакор туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Ольга Журавлева «Дўстлик» ордени билан, Шароф Рашидов туманидаги «Мубинабону» оилавий болалар уйи раҳбари Маъмура Қаршибоева ҳамда Ғаллаорол туманидаги 19-умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Лутфулла Ўталов “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлиги бизга чексиз фахру – ифтихор бағишлайди.
Қадрли Устозлар!
Сиз борсизки, истиқбол йўлимиз нурафшон, эртанги кунимиз эгалари бўлмиш фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ.
Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур – бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.
Сизларни 1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!