» » 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги

01 октябрь 2020 г 6 582 Комментарии: 0

Азиз устозлар! Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!

Аввало, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган улуғ номни шарафлаб келаётган касб эгаларини умумхалқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Таълим ва тарбия мамлакат тараққиёти ва унинг келажаги кафолати экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бутун дунёга жиддий хавф солиб турган коронавирус пандемиясининг таълим соҳасига ҳам тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин шароитида таълим муассасалари, жумладан, мактаблар вақтинча ёпилган бўлсада, ўқувчилар учун таълим жараёни тўхтамади.

Дарслар телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали масофавий тарзда олиб борилди. Айни пайтда вилоятимизда ҳам таълим-тарбия ишлари карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда давом эттирилмоқда.

Бугунги қутлуғ айёмда биринчи навбатда кўз ўнгимизда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатиб, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз намоён бўлади. Барчамиз учун ибрат мактаби, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган, Сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзларимиз, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганидек, дунёнинг бор бойлиги ва хазинаси билан ҳам Сизларнинг олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик ва мураббийлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олийжаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", — деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Муҳтарам устозлар!

Жонажон Ватанимизда мустақиллик йилларида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди.

Бу мамлакатимизнинг  барча ҳудудларида яққол кўзга ташланмоқда. Республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлган бизнинг вилоятимизда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги қувонарлидир.

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини
2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатбардош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, янглишмаймиз.

Айни шу мақсадда умумий ўрта таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, ўқитувчи мавқеини ошириш, таълим-тарбия тизимини янада ривожлантиришга қаратилган ишларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йилнинг 5 сентябрида "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонга, "Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорга имзо чекди.

Ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчи нуфузини ошириш мақсадида кейинги 3 йилда муаллимларнинг ўртача иш ҳақи 2,5 баробар оширилди. Олис туманлардаги мактабларда ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш учун уларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар белгиланди.

Таълим-тарбияда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва аҳамияти бор. Кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида вилоятдаги умумтаълим мактабларига қарийб 600 нафарга яқин эркак ўқитувчилар қайтарилди. Жиззах шаҳрида мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган "Президент мактаби" барпо этилмоқда.

Айни пайтда замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтилди, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари оптималлаштирилди.

Жиззах политехника ва Жиззах давлат педагогика институтларида сиртқи бўлимлар очилиб, мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайди. Нодавлат таълим хизмати кўрсатиш йўлга қўйилиб, халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизими такомиллаштирилди. Узоқни кўзлаб татбиқ этилаётган бу ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини устоз ва мураббийларимиз ҳаммадан кўра яхши тушунадилар.

Вилоятимизда бугунги кунда 550 та умумтаълим мактаби, 38 та профессионал таълим муассасаси, 2 та касбга ўқитиш маркази, 3 та олий ўқув юрти, 15 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 15 та Баркамол авлод болалар ижодиёт маркази, 813 та мактабгача таълим ташкилоти, етук спортчиларни тарбиялаётган ўнлаб мактаб ва муассасалар мавжуд.

Уларда минглаб  фидойи педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Қувонарлиси, Муҳтарам Юртбошимизнинг 2019 йил 30-31 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига асосан Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори билан Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали ташкил этилди.

Президентимизнинг "Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори эса ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Вилоятимизда ҳозирги кунда 194 та давлат, 51 давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, 554 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари, 14 та хусусий боғча фаолият юритмоқда.

Уларга 3-6 ёшдаги 111 890 нафар болаларнинг 68 916 нафари қамраб олинган. Ёки аниқроқ қилиб айтганда, вилоятимизда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиниши 61,6 фоизни ташкил этмоқда.

2020 йил инвестиция дастури асосида 20 та мактабгача таълим ташкилотига 83 миллиард 137 миллион сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

4 815 ўринга мўлжалланган 68 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун 154 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Вилоятимизда 2020 йилда Инвестиция дастури доирасида 17 та таълим муассасасида 38,9 миллиард сўмлик ва Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6 та умумтаълим мактабида 14,2 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Шу йилнинг ўтган даврида вилоятга республика бюджетидан 803 миллиард сўм ва маҳаллий бюджетдан 145,1 миллиард сўм айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилганини ҳисобга оладиган бўлсак, тизимдаги ислоҳотларнинг кўлами ва миқёси кенгайганлиги янада яққол намоён бўлади.

Бугунги кунда иқтидорли ёшларимизнинг Халқаро олимпиадаларда совриндор бўлишаётганлиги барчамизнинг қалбимизга қувонч бағишлайди.

Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалининг талабаси Дилмурод Раҳматов "МДҲ-нинг энг яхши талабаси—2020" халқаро танловида 1-ўринни  қўлга киритди. Жиззах давлат педагогика институти қошидаги "Сайилжойи" академик лицейининг ўқувчиси Сардор Тожибоев эса биология фани бўйича Япониянинг Нагасаки шаҳрида масофавий онлайн кўринишида бўлиб ўтган 31-халқаро олимпиадада фахрли 2-ўринни эгаллади ва вилоят ҳокими томонидан ўқувчи С.Тожибоев 30 млн. сўм, устози Б.Абдуваҳитов 20 млн. сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

2020 йилнинг шу давригача вилоятимиз умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари спорт турлари бўйича 211 та олтин, 96 та кумуш медалларни қўлга киритдилар.
Бу ютуқлар замирида ўз касбининг фидойиси ҳисобланган ўқитувчи ва мураббийларнинг беқиёс ҳиссалари бор.

Қадри баланд мураббийлар!

Қутлуғ байрам арафасидаги улкан тарихий воқеа — Бирлашган  Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида ҳурматли Президентимиз ўзбек тилида нутқ сўзлаб, бир қатор ташаббусларни илгари сурганлиги ўйлайманки, Сиз — устоз ва мураббийларни бефарқ қолдирмади.

Жумладан, давлатимиз раҳбари БМТнинг олий минбаридан туриб, пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш юзасидан таклиф киритди.

Шунингдек, Юртбошимизнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ва бошқа ташаббуслари ҳам жаҳон афкор оммаси томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларнинг натижадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари самарадорлигини оширишда Сизларнинг ўрнингиз беқиёс. Ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш муҳимдир. Сизларнинг бу борада фаолиятингиз чиндан ҳам  таҳсинга лойиқ.

Ишончим комил, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, Ватанимизнинг ҳар бир фарзандини ўз дилбандидек севиб, ардоқлаб, баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун сидқидилдан меҳнат қилаётган Сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийлар бу вазифаларни ҳам албатта шараф билан адо этасиз.

Барчангизни умумхалқ байрами билан яна бир бор самимий табриклайман. Олий-жаноб ва масъулиятли фаолиятингизда куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар тилаб, хонадонларингизга  бахту саодат, файзу барака  тилайман.

                                    Вилоят ҳокими                             Эргаш САЛИЕВ

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!