Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда болалар боғчалари куз-қиш мавсумига тайёрми
10 октябрь 2022 г 509 Комментарии: 0
2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 147 минг 967 нафарни ташкил этган.Шулардан 24 минг 265 нафари ёки атиги 16,4 фоизи болалар боғчаларига қамраб олинган.
Бугунги кунда 3-6 ёшли болалар сони вилоятда 120 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Айни пайтда, вилоятда жами 1 минг 337 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Шундан 223 таси давлат, 1 минг 31 таси оилавий, 13 таси хусусий, 70 таси давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Вилоятда фаолият олиб бораётган барча турдаги мактабгача таълим ташкилотларида 91 минг 801 нафар болажонлар тарбияланмоқда. Уларни МТТларга қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 16,4 фоиздан 76,5 фоизга етган.
Жиззахдаги мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқ ва мавжуд муаммолар, боғчаларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги хусусида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева билан суҳбатлашдик.
– Феруза Қаҳрамоновна ўтган 5 йилда 3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси вилоятда салкам 61 фоизга ошган. Бу республика миқёсида таҳлил этилганда қониқарли кўрсатгичми ва бунинг сири нимада?
– Ҳозирча вилоятимиз республикада болаларнинг қамрови бўйича энг зўри бўлмасада, лекин яхши кўрсатгичга эга бўлган ҳудудлар қаторида туради. Бунинг ҳеч қанақа сири йўқ, албатта. Қолаверса, бу кўрсатгичларимизнинг яхши бўлиши, аввало мамлакатиимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.
Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда шу кундаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида вилоятларда мактабгача таълим бошқармаси халқ таълими тизимидан ажратилди. Боғчалар фаолиятига давлат миқёсида катта эътибор қаратилди. Хусусий секторнинг, ҳукуматимизнинг кенг кўламли ёрдами билан соҳа янада ривожланди.
Президентимизнинг тизимни тубдан ислоҳ қилиш борасидаги ташаббуслари ва ҳукумат томонидан янги мактабгача таълим ташкилотларининг барпо этиш борасидаги қарорлари тизим тараққиётига хизмат қилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 майдаги “2021-2022 йилларда Жиззах вилоятидаги шароити оғир маҳаллаларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектлари ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида Фориш тумани “Дўстлик” ва “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида 100 ўринли, “Нарвон” маҳалласида 120 ўринли янги давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилди. Бахмал туманидаги 13-сонли, Фориш туманидаги 10-сонли ва Янгиобод туманидаги 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида таъмирлаш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Вилоятда яна янги 320 нафар болаларни қамраб олиш қувватига эга мактабгача таълим ташкилотлари яратилмоқда. Ушбу янгидан барпо этилаётган МТТлар ўз фаолиятини бошлагач, 60 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади. Шу ўринда фойдаланишга топширилган барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари пудратчи (қурувчилар) томонидан сифатли қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022 – 2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятнинг Шароф Рашидов тумани “Олмачи” МФЙдаги 23-сонли, “Хайрабод” МФЙдаги 25-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Айни пайтда қурувчилар томонидан қурилиш, таъмирлаш, реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Зафарабод тумани “Чўлигулистон” МФЙдаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида жами 2 миллиард 450 миллион сўмлик маблағ эвазига қурилиш таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу МТТда қўшимча 30 та қуват яратилиб, 4 та янги иш ўрни ташкил этилди.
Президентимизнинг жорий йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 4 та янги боғча қуриш, 1 та боғчани реконструкция қилиш режалаштирилган. Шулардан, Зомин тумани “Обиҳаёт”, “Қангли” ва “Аччи” маҳаллаларида ҳар бири 120 ўринли ҳамда Ғафур Ғулом номли МФЙда 270 ўринли боғча қурилмоқда. Янгидан баопо этилаётган ушбу ДМТТларда жами 480 ўрин ташкил этилиб, 100 нафар маҳаллий хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ижроси доирасида Зомин тумани “Бешкуби” МФЙдаги 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тумандаги яна 3 та ДМТТ янгидан қурилаётган бўлса, 1 та ДМТТда реконструкция ва таъмирлаш ишлари якунланмоқда.
– Бошқарма тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари куз-қиш мавсумига қанчалик тайёр?
– Вилоят мактабгача таълим бошқармасига қарашли 223 та давлат мактабгача таълим ташкилотидан 150 таси табий газ билан, 73 таси эса кўмир билан иситилади. Вилоятдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун куз-қиш мавсумига ажратилган 2 минг 464 тонна кўмир маҳсулоти 73 та ДМТТларга етказиб берилди. Бугунги кунга келиб вилоятдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёр.
– Мактаб ёшига етаётган болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар хусисида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Вилоят мактабгача таълим бошқармасига қарашли давлат мактабгача таълим ташкилотларида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги қарори билан тастиқланган низом асосида ҳудудларда болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик гуруҳларга жалб этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шу бугунги кунга келиб болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул жалб этиш мақсадида 81 та гуруҳ ташкил этилган.
– Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғини ўйлантираётган муаммолар ҳам борми?
– Иш бор жойда камчиликлар ҳам бўлар экан. Бирданига ҳаммасини рисоладагидек амалга оширишнинг иложи йўқ. Лекин ана шу камчилик ва хатоликлардан тўғри хулоса чиқарилса, уларни бартараф этиш осонлашади. Бошқарма бошлиғи сифатида мени ўйлантирадиган муаммолардан бири бошқармага қарашли 223 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 43 таси таъмирталаб ҳолатда. Иккинчиси ва энг кўп ўйга толдирадигани вилоятдаги мавжуд 300 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг 23 тасида мактабгача таълим ташкилотларининг йўқлигидир.
– Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари – давлат хусусий шерикчилиги асосидаги, хусусий, оилавий мактабгача таълим ташкилотларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини қандай баҳолайсиз?
– Жиззах вилояти бўйича фаолият олиб бораётган 70 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумига таёргарлик кўриш юзасидан буйруқлар ишлаб чиқилган, масъул шахслар белгиланган.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг ижроси бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Бошқарма ходимлари томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва бошқа тарбиявий, таъминот, хавфсиз овқатланиш масалалари, болаларга яратилган шароитлар, бир сўз билан айтганда, умуман нодавлат МТТлар фаолияти маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда назорат қилиб борилмоқда. Кейинги кунларда республикамизда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, тоғли ва тоғолди туманларда кечалари ҳарорат анча пасайди. 3-6 ёшдаги болаларнинг организми анча нозик бўлади ва бундай ҳавода, агар ишитиш тизимлари ишлатилмаса, тез совуқ қотиб, шамоллаб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳарорат пасайиб кетса, ДМТТлардаги иситиш тизимларини ишга туширишга рухсат берамиз.
Маҳаллий ҳокиимликлар ўз ҳудудларидаги давлат хусусий шерикчилиги асосидаги, нодавлат ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларидаги ҳолатни ўрганишлари лозим. Тоғли ва тоғолди туманларидаги нодавлат боғчаларда иситиш даври ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб белгиланиши керак. Қолаверса, ўша ҳудудлардаги МТТларни қўшимча ёқилғи билан таъминлаш чора-тадбирларини ҳам кўришлари зарур.
–Вилоятда мактабгача таълим ташкилотига эга бўлмаган 23 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини борлигини айтдингиз. Ана шу ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар, боғча қурилишини давлат дастурига киритилишини кутиб ўтирмай, маҳаллий тадбиркорларни жалб этиб давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини яратиш йўлларини излаб топсалар бўлмайдими?
– Тўғриси, кўнглимдаги гапни айтдингиз. Чунки республикамизда болалар боғчаси йўқ маҳаллалар сони қанчадан-қанча. Уларни барида давлат мактабгача таълим ташкилоти қуриб бериш учун ниҳоятда катта маблағ талаб этилади. Давлат дастурига киритиш учун ҳам вақт кетади. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ишни маҳаллабай тизими асосида ташкил этиб, жиддийроқ бош қотирсалар нур устига аъло нур бўларди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!