Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » МИЛЛИЙ БОЙЛИКЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗДИР
13 октябрь 2018 г 3 296 Комментарии: 0
Ватан кўрки ва бойликлари бир жойга мужассам бўлган бир гўша бор. Унда ўлкамизнинг гўзаллиги, табиий бойлик ва табиати, фауна ва флораси ўз аксини топган. Агар музейимизга келсангиз ана шу ажойиботларга ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Афсуски, айни пайтда музейимиздан ўрин олган айрим парранда ва жониворлар бугунги кунда очиқ табиат қўйнида учрамайди. Бир пайтлар Қили дарёси ва Шўркўл чангалзорларида яшаган Ўрта Осиё йўлбарси бутунлай қирилиб кетди. Чўл ва даштларимизга зеб бериб юрган минглаб сайғоқлар ҳам тансиқ гўшти ва бежирим териси учун йўқликка юз тутди. Айримҳайвонлар ва паррандалар бугунги кунга келиб фақат дунёнинг ҳайвонот боғларидагина сақланиб қолган ҳамда ўша ерда кўпайтирилмоқда.
Бир вақтлар воҳамиз саҳро ва даштлари ҳукмдори бўлган чўл бургути ҳам ҳозирги вақтга келиб йўқолиб бораётган қушлар рўйхатига киритилди. Чўл бургути кўчиб юрувчи қушлар тоифасига кириб, мамлакатимизнинг дашт ва паст тоғли ҳудудларида учрайди. Эрта баҳорнинг апрель-май ойларида учиб келган бургутлар ерга уя қуради ва 1-3 дона тухумқўяди. Полопонлар учирма бўлгунча онаси овлаб келган кемирувчилар билан озиқланади. Октябрь-ноябрь ойларида қишлаш учун гуруҳ бўлиб Ўиндистон ва Покистонга учиб кетади.
Чўл бургутларининг сони Марказий Осиёда чўл ва даштларнинг ўзлаштирилиши, электр сим-ёғочларида кўплаб ҳалок бўлиши натижасида камайиб бормоқда. Шунинг учун ҳайвонот боғларида кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозирги пайтда чўл бургути Ўзбекистон "Қизил китоби”га киритилган. Афсуски, чўл бургутини айримлар ҳавас учун овлашмоқда. Бу она-табиатимизга ўнглаб бўлмас зарар етказади. Шунинг учун музейимизга ташриф буюрган ҳар бир ёшга мамлакатимиздаги ҳайвонлар ва паррандалар ҳақида тўлиқроқ маълумот бериб, уларни асраш барчанинг бурчи эканлигини тушунтирамиз.
Мунира ЮСУПОВА,
Жиззах тарихи вамаданияти давлат музейининг
табиат бўлимибош мутахассиси
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!