» » Жиззахда «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» ўтказилади

Жиззахда «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» ўтказилади

02 декабрь 2022 г 522 Комментарии: 0

5–10 декабрь кунлари Ўзбекистонда қозоқ халқининг атоқли намоёндаси «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» ўтказилади.

Маълумот учун, Абай 1845 йилда Қозоғистоннинг Семей вилоятига қарашли Аякўз туманининг Чингазтоғ ёнбағрида жойлашган Қорауй овулида бой хонадонда туғилган. Отаси Қўнонбой Семейнинг эътиборли бойларидан бўлган. Шоирнинг асл исми Иброҳим бўлиб, онаси Улжон ва отасининг онаси Зийрак момо томонидан эркаланиб, Абай деб чақирилган. Кейинчалик бу ном шоирнинг тахаллусига айланган.

Абай ўз ижодида Яссавий, Навоий, Фузулий анъаналарини давом эттирган. У Навоийни ўзининг буюк устози деб билган. Абай «Искандар», «Масъуд» достонлари, «Қоракўз» фалсафий дидактик асари, «Қиш», «Бургутчи», «Куз» каби шеърлари, «Азим киссаси» достони, «Нақлия сўзлар» (44 ҳикоятдан иборат) мажмуаси ва бошқа асарлар муаллифи ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, адиб ижодига бағишланган кўргазма ташкил этиш (Семей шаҳридаги «Жидебай-Борили» давлат тарихий-маданий ва адабий ёдгорлик музей-қўриқхонаси билан биргаликда) кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўрта ва олий ўқув муассасаларида икки давлатнинг таниқли шоир, ёзувчи ва олимлари иштирокида Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий кеча, Миллий академик драма театрида «Абай» спектакли намойиши, олий ўқув юртларининг гуманитар факультетларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирокида Абай ижодига бағишланган маърузалар ўтказилади. Бундан ташқари, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Тошкент давлат шарқшунослик университети билан биргаликда «Абай фалсафаси ва Марказий Осиё мутафаккирлари» мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилади. Қолаверса, тадбирдан «ХИХ асрда ўзбек ва қозоқ мутафаккирларининг умумий тарихий-маданий мероси ва дунёқарашини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» мавзусидаги илмий конференция, Абай ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм намойиши ҳам ўрин олган.

Шу билан бирга, тадбир доирасида Тошкент, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида Абай ижодига бағишланган маданий-ижодий кечалар ташкил этилади.

«Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» тадбирини ўтказишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Қозоғистон президентининг Тошкентга бўлажак давлат ташрифи дастурини мазмунан бойитишдир.

Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия, Фанлар Академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Кинематография агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Миллий телерадиокомпания ва Марказий Осиё халқаро институти томонидан ташкил этилмоқда.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!