Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ҳамид Олимжонни эслаб
13 декабрь 2021 г 1 150 Комментарии: 0
Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактабида ўтказилган маданий-маърифий тадбир вилоят тарихий маданий давлат музейи Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним филиали ҳамда ижод мактаби жамоаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Иштирокчилар Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимларнинг севгига садоқат рамзи сифатида қўйилган ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Ўзбек адабиётининг оташнафас шоири Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрь куни Жиззах шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигидан онаси Комила ая ва бобоси Мулла Азим отадан кўплаб халқ эртаклари, достонлари ва қўшиқларини тинглаган. Ёзувчи бўлиб, у фольклор йўналишига ҳам тўпловчи, ҳам тадқиқотчи сифатида юзланган. 1918 йил Жиззахда очилган тўлиқсиз ўрта мактабни тамомлагач, Самарқанд шаҳрига ўқишга боради. Аввал ўқитувчилар билим юрти, кейин Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети сўнгра Самарқанддаги ўзбек педагогика академиясини тамомлайди.
Университетда ўқиб юрган кезлари 1926 йилда Ҳамид Олимжоннинг “Баҳор” деб номланган илк шеърий тўплами чоп этилади. Самарқандда таълим олиб, Тошкентга келиши, унинг ҳаётидаги янги ва муҳим қадам бўлган. Тошкентдаги бир қатор газета ва журналларда журналист ва муҳаррир сифатида ишлаб, адабиётда ижодий фаолиятини давом эттирди. 1930 йилда Ҳамид Олимжон бахшилар ижросидаги достонлардан илҳомланиб “Ойгул ва Бахтиёр”, “Семурғ” каби йирик шеърий асарларини чоп эттирди. 1939 йил Ҳамид Олимжон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби этиб тайинланади ва ўлимига қадар, яъни 1944 йилги автоҳалокатгача ушбу лавозимда фаолият кўрсатган.
Шоирнинг энг сара асарлари – “Зайнаб ва Омон” достони бўлиб, ўзида ўттизинчи йиллар ўзбек шеърияти хусусиятларини жамлайди (1938). Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги “Қуролни қўлга ол!” (1942) шеърий тўплами, “Муқанна” (1942-1943) тарихий драмаси, “Роксананинг кўз ёшлари” (1944) достони юксак маҳорат билан ёзилган.
Ҳамид Олимжоннинг адабиётшуносликка доир мақолаларида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёт муаммолари кўтарилади, адабиёт ва фольклор, рус ва ўзбек адабиётининг узвийлиги кўриб чиқилади: “Салом, Пушкин!” (1937), “Толстой ва ўзбек халқи” (1938), “Муҳаммад Амин Муқимий” (1938), “Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони ҳақида” (1939), “Навоий ва бизнинг давримиз” (1940) шулар жумласидан. Шоир ва ажойиб таржимон Ҳаид Олимжон – Пушкиннинг “Кавказ асираси”, “Сув париси”, Лермонтовнинг “Бэлга”, Горькийнинг “Челкаша” каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Тадбир давомида ижод мактаби ўқувчилари Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним шеърларидан парчалар ўқиб, саҳна кўринишлари намойиш этди. Ўқувчилар ўртасида “Ҳамид Олимжон асарлари билимдони” викторинаси ўтказилди. Китоблар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.
А.Қаюмов
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!