» » Муносабат: таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётини янада юксалтиради

Муносабат: таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётини янада юксалтиради

22 декабрь 2022 г 1 050 Комментарии: 0

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасини барча ватандошларимиз сингари мен ҳам диққат ва катта ҳаяжон билан тингладим.

Юртдошларимиз Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини мамлакат ҳаётида муҳим воқеа сифатида интиқлик билан кутади. Боиси, Юртбошимиз бугунги тарихий мурожаатида мамлакат эртаси, халқ фаровонлигига дахлдор масалаларни ўртага ташлади, кўтарилган ҳар бир масалага эса ўзига хос, узоқни кўзлаган ечимлар кўрсатилди ва келгуси 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилди.

Демак, Тараққиёт стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг навбатдаги йилида инсонга эътибор ва сифатли таълим масалалари энг устувор вазифаларимиздан бирига айланади. Аслида-ку, сўнгги йилларда ҳаётга жорий этилаётган барча ислоҳотларнинг марказида Инсон қадри турибди, унинг манфаатлари энг олий мезон, деб қаралмоқда. Шу маънода олиб қараганда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да мазкур қадриятлар маъно ва мазмун жиҳатидан узвий давом эттирилади, ҳам маъно, ҳам мазмун янада бойийди.

Президентимиз ўз мурожаатида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!”, дея таъкидлаб ўтди. Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилиши, ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади. Барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилади.

“Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик. Энди, келаси ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади”, – деди Давлатимиз раҳбари.

Таъкидланганидек, келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилади.

Умуман олганда, Юртбошимизнинг мурожаатномасини бутун Ўзбекистон халқи катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатди. Президентимизнинг сўзлари халқимизга катта умид ва ишонч улашгани ҳам айни ҳақиқат.

Биз ўзбеклар, умуман барча ўзбекистонликлар болажон халқмиз. Ўзи емай-ичмай боласига тутқазадиган, фарзандларимиз ўқисин, ўнсин деган миллат, халқ вакилларимиз. Шу сабаб, халқимиз мамлакатимизда келгуси йилда таълим сифатини оширишга қаратилган эътиборни биринчи навбатда Инсонга бўлган эътибор, деб қараётганликларига ишончим комил.

Эркин Холматов,

O'zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги

партия депутатлик гуруҳи раҳбари

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!