» » Жиззахда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари” ташкил этилди

Жиззахда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари” ташкил этилди

26 декабрь 2022 г 475 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази”да “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари кунлари” маданий-маърифий тадбири ташкил этилди. Унда Жиззах вилояти ҳокимлиги, ёзувчи, шоир, журналистлар, зиёлилар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Мазкур тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 январдаги “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти давлат корхонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.  

Тадбирда Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномаси, Ўзбекистонда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг ҳаётий ифодасини халқимизга етказиш, одамларда дахлдорлик ҳиссини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари, айниқса “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарининг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз борди.

Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган “Янги Ўзбекистон” ижтимоий-сиёсий газетаси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва уларнинг ёрқин самараси, халқимиз қувончи, дарди, ташвишларини кўп сонли ўқувчиларга етказиши туфайли ўтган қисқа давр мобайнида газета катта аудиторияни қамраб олгани, таҳлилий-танқидий мазмундаги мақолалар билан бугунги ислоҳотлар натижадорлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани қайд этди.

– Жиззахдан ўзбек адабиёти ва журналистикасида, давлат бошқарувида муҳим ўрин тутган давлат арбоблари, етук шахслар етишиб чиққан, – дейди “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров. – Ўзбек адабиётида муҳим ўринга эга бўлган олим, таржимон ва дилбар шоир Ҳамид Олимжон, давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи ва ажойиб публицист, журналист Шароф Рашидов, ёзувчилар Назир Сафаров, Сарвар Азимов ва яна жуда кўплаб номларни келтириш мумкин. Бугун ҳам кўплаб, янгидан-янги номлар айнан Жиззах заминидан порлаб чиқиб, ўзбек адабиёти, ўзбек журанлистикасида ўз ўрнига эга бўлмоқда.

Маълумот учун, “Янги Ўзбекистон” газетасининг илк сони 2020 йил 25 январда чоп этилган. Ҳафтада 5 кун, мамлакат ҳаётига доир муҳим сана ва воқеалар билан боғлиқ ҳолатларда эса 7 кун чиқадиган газета 6 саҳифада, рангли чоп этилмоқда ва ҳозирда унинг адади 80 минг нусхадан ошаётир.

1917 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Правда Востока” газетаси Ўзбекистоннинг “отахон газета”ларидан бири саналади ва газета айни пайтда ўзининг 105 ёшини нишонламоқда.

Ҳар икки нашр бугун ўз саҳифаларида замонавий тенденциялардан унумли фойдаланиб келмоқда. Жумладан, трансформация жараёни эътиборга молик бўлиб, таҳририятда медиаконвергенцияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Янги Ўзбекистон” газетасининг деярли ҳар бир сонида “матн+фото+QR код” форматидаги мақолаларни ўқиш, шунингдек, видео орқали кўриш имконияти мавжуд. Газеталар ижтимоий тармоқларда ҳам ўз нуфузига эга бўлиб бораётир. Бугунги кунда таҳририятнинг “www.yuz.uz” расмий сайти ҳам фаол ва кўп сонли ўқувчиларни қамраб олган.

Тадбир давомида ёшлар ўртасида ташкил этилган газеталар фаолиятига доир савол-жавоблар викторинасида ёшлар катта қизиқиш ва иштиёқ билан қатнашди.

Фаол ёшлар рағбатлантирилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!